Шифохона «хўжайинлари» ёхуд бемор болаларни сувараклардан ким ҳимоя қилади?

823

Яқинда фарзандимнинг саломатлигидаги ўзгаришлар туфайли Рес­публика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг педиатрия бўлимида муолажа олдик.

Ушбу бўлим икки қаватли эски бинода жойлашган. Болалар билан қўшиб ҳисоб­лаганда, жами саккиз киши жойлашган диққинафас тор палаталар, қийшайган пардалар, кир чойшаб­лар, деразаларнинг синиқ тутқичлари, бузуқ жўмраклар, эллик нафардан ортиқ одамга хизмат қилаётган абгор ҳожатхона, даволанувчилар киришига рухсат этилмай қулфлаб қўйилган ювиниш хонаси, хуллас айтиб адоғига етиб бўлмас ноқулай шароитлар касалликдан азият чекаётган болага ҳам, асаблари таранг­лашган онага ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Бу ерда фаолият юритаётган ёши улуғ, тажрибали шифокорларнинг меҳнатлари таҳсинга сазовор, албатта. Аммо кези келганда, касалхонадаги беморларнинг кўригини бир чеккага суриб, қабулхонада навбат кутаётган ўнлаб «клиент»лари билан овора оқ халатли олғирлар ҳам йўқ эмас. Болаларнинг томирига катетер ­қўйишга масъул ҳамширалар ҳақида ҳам илиқ фикр билдириш қийин. Тўғри, уларнинг тили билан айтганда, болалар, айниқса, чақалоқларнинг «венасига тушиш» жуда мушкул. Аммо этига нина санчилганида жон аччиғидан чинқириб йиғлаётган, мени азоблама деб, ҳамширанинг кўзига нажот истаб термулаётган кичкинтойга бир мартагина кулиб қараш, қўрқма болажоним, ҳаммаси яхши бўлади, деб бироз бўлса-да, тинчлантиришнинг иложи бўлгани ҳолда, қош-қовоғини уйганча, еб юборгудек ўқрайиш шифокорлик одобига ҳам, қасамёдига ҳам тўғри келмайди, назаримда. Ҳатто ҳамширалардан бирига қизалоғимга бироз табассум қилиб қўйса, у тинчланишини айтиб огоҳлантирдим. «Сизникига ўхшаган нечта бола билан ишлаймиз, кулишга ҳолимиз бор эканми», дея тўнғиллаганча қошларини чимириб ишида давом этди у. Биргина ширин сўз, илиқ табассум беморни тезроқ соғайишига сабаб бўлувчи кучли восита эканини қачон тушуниб етишади, бизнинг тиббиётчилар, деб ўйлаб қолдим. Балки тиббиёт олийгоҳларида битирувчи курс талабаларига шифокорлик маданияти деган дарс ўтилиши, бемордан илиқ нигоҳи, табассумини қизғанадиган шифокор эгнидаги халатга муносиб эмаслиги олий даргоҳнинг ўзидаёқ тушунтирилиши зарурдир…
Кечқурун соат ўнлар чамаси ҳамширалардан бири зални бошига кўтариб шанғиллаганча ҳаммани палаталарга киришга даъват эта бошлади:
– Мамашалар, светларни ўчирамиз, бўлмаса, электрни исроф қилганимиз учун бизни жаримага тортишади(?).
Боласини йиғидан тўхтатолмай қийналаётган оналардан бири жавоб қайтаради: «Чақалоққа йиғлама, қоронғуликдан қўрқма деб қандай тушунтираман, жони оғриб турганида…». Онаизорнинг сўзларини ҳамшира эшитгиси ҳам келмай чимиирилганча дейди: «Ахир онасиз-ку, тушунтиринг-да!…».
Ҳақиқий томоша чироқлар ўчганидан сўнг бошланди. Палата деворлари, пол ва шифт тирқишларидан касалхонанинг ҳақиқий «хўжайинлари» чиқиб кела бош­лади.
– Ойи, таракан! – каравотида ўрмалаб юрган ҳашаротдан қўрқиб онасига ёпишди 10 ёшли Марям. Касалхона «хўжайинлари» болаларнинг сут идиши борми, қайноқ сув сақланган термос борми, дори-дармон солинган пакет борми, ҳамма жойда отасининг ҳовлисидек бемалол изғиб юради. Аввалроқ ҳамширалар болаларингизнинг қулоғига пахта тиқиб қўйинглар, деб огоҳлантирганида эътибор бермаган эканман. Шошиб чироқни ёққанча суваракларни ўлдиришга тушиб кетдим. Ҳар эҳтимолга қарши қизимнинг қулоқчаларини пахта билан беркитиб қўйдим. Бўлимнинг тозалик ишларига масъул ходими Нигора опани бу ҳашаротларни йўқотиш масаласида саволга тутдим. Бино бир неча марта дориланганига қарамай, суварак балосидан қутулишнинг имкони бўлмаётгани, яқинда педиатрия бўлими янги бинога кўчиши ва шундагина бу ҳашаротлардан қутулиш мумкинлигини таъкидлади у. Демак, болаларимиз ҳозирча сувараклар «макони»да муолажа олишга мажбур.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг кўп­лаб бўлимларида бўлганман. Муассасанинг асосий бинолари замон талаблари асосида янгидан қурилган, жиҳозланган, етарлича шароитлар билан таъминланган. Лекин нега айнан болалар бўлими бу қадар абгор ҳолга келиб қолди? Нега бухоролик болалар бундай шароитларда тез тиббий ёрдам олишга мажбур бўляпти! Бу масалада мутасаддилардан бирор жўяли жавоб эшитишга ишончим комил эмас. Тез орада янги бино ишга тушади, муаммолар ҳал бўлади, босқичма-босқич ҳамма ишларни олиб боряпмиз, деганга ўхшаш жавобларни олишимиз тайин.
Мен эса саволимнинг жавобини ягона сабабда кўряпман – гўдаклар шифохона шароитларидан нолиб бирор жойга арз-дод қилишга қодир эмас. Боласининг ёнидаги оналарнинг кўзига эса нуридийдасининг саломатлигидан бошқа ҳеч нарса кўринмайди.
Дарвоқе, суварак муаммоси билан фақат бу касалхонада эмас, балки вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам бир неча марта дуч келганман. Келажагимиз эгаларини суварак балосидан ким ҳимоя қилади, деган саволнинг эса жавоби йўқ.
Хулоса ўзингиздан…

Дилдора ИБРОҲИМОВА
«ISHONCH»