Саудия Арабистонига Умра зиёрати учун борган ўзбекистонликлар ўтирган автобус ЙТҲга учради.
Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили берган ахборотга кўра, жорий йил 27 декабр куни Саудия Арабистони вақти билан соат 09:15да «Al-Afaj» транспорт компаниясига тегишли «Mercedes-Benz» русумли автобус ҳайдовчиси Жидда – Мадина 160-магистрал йўлида ухлаб қолиши оқибатида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Мазкур автобусда Ўзбекистондан борган 50 нафар зиёратчилардан 10 нафари жароҳатланган.
Мазкур транспорт ҳодисаси оқибатида жабр кўрганларга Мадина шаҳри яқинидаги «Вади Ал-Фаръ» ва «Ал-Ҳимна» шифохоналарида тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Автобусдаги қолган 40 нафар зиёратчи эса Мадина шаҳридаги меҳмонхонага жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган. Ушбу мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳамда тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатилган.
«Ўзбекистон дипломатлари фуқаролар ҳолидан хабардор бўлиб турибди», – дейилади рамий ахборотда.



