«Циклон бомбаси» хатарлими ёки фойдали?

39

Иқлим ўзгариши инсониятни мушкул аҳволга солиб қўймоқда. Шу кунларда иссиқ ўлкаларда совуқ, совуқ давлатларда иссиқ ҳарорат кузатилишига гувоҳ бўляпмиз. Масалан, 9 январдан Ўзбекис­тонга Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб кела бошлади. 10-15 январда республика ­бўйича аномал совуқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

Очиғи, биз неча йиллардан бери бу қадар аномал совуққа дуч келмаган эдик. Бироқ бу йилги қиш сабаб шаҳар инфратузилмасидаги муаммолар, газ-свет таъминотидаги қийинчиликлар бўртиб кўриниб қолди.
Бироқ қор қанчалик ноқулайликлар келиб чиқармасин, унинг кўп ёғиши аслида кони фойда. Мутахассисларнинг фикрича, қор ёғиши экотизим учун ўта муҳим ҳодиса ҳисобланади. Агар қор қопламлари бўлмаганда Қуёш ҳарорати Ерга 4-6 марта кўпроқ сингиган бўларди. Қор қопламлари Ер юзасининг исиши ва совишини назорат қилади. Қор – Ер мавсумий циклининг бир бўлагидир. Минтақамизнинг асосий сув манбаси, қор ва музликлар, аммо кўп қисми қор ҳисобига шаклланади. Помирдаги музликларнинг эриши ҳам ­кейинги пайтларда қорсизликнинг, иқлим исишининг ортидан юз бераётганди. Қисқача айт­ганда, Марказий Осиё ҳудудида бу йил кўпроқ қор ёғишига умид бор.
Қорли кунлар йўлларда тирбанд­ликлар келтириб чиқариши, йўлкира ошиши, газ босими пасайиб кетиши, чироқлар ҳам тез-тез ўчиб қолиши билан кайфиятсиз тарзда қаршиланишини яхши биламиз. Аммо қорсиз кунларнинг кўпайиши қурғоқчилик манбаи ҳисобланади.
Хуллас мавзуга қайтсак, айни пайтда қўшни Қозоғистонда аллақачон «циклон бомбаси» кузатиляпти. Жамбил вилоятининг Жанатас шаҳрида бўрон туфайли табиий фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Ҳудудда кучли шамол ва қор ёғиши натижасида электр симлари узилиб, таянч устунлар қулаб тушган. Қозоғистондаги автомобиль йўлларининг 109 қисми, жумладан, республика аҳамиятига молик автомобиль йўлларининг 41 қисми об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши (бўрон, туман, муз) туфайли ёпилди. Йўлларда юзага келган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйи­­ча республика штаби тузилди. Ҳозирги кунда қутқарув бўлинмалари томонидан минг нафарга яқин одам (Жамбил, Туркистон, Қўстанай, Қарағанда ва Абай) қутқарилган.
Ўзи билан қаттиқ совуқ ва кучли ёғингарчилик олиб келган даҳшатли қиш бўрони АҚШнинг 250 миллионга яқин инсон (мамлакат аҳолисининг деярли учдан икки қисми) истиқомат қиладиган катта қисмини қамраб олди. АҚШнинг 12 штатида экстремал об-ҳаво ҳақида огоҳлантиришлар амал қилмоқда. АҚШ Миллий об-ҳаво хизматининг таъкидлашича, бундай кенг кўламли совуқ оқим кузатувлар тарихида биринчи марта юз бермоқда: деярли бутун мамлакат ҳудуди қишки бўрон остида қолган. Қор бўрони шимолда Канададан жанубда Рио Гранде дарёсига қадар бўлган ҳудудни қамраб олган. АҚШ ва Канададаги аномал об-ҳаво шароити оқибатида камида 80 нафар инсон ҳалок бўлди. Бўрон бир неча кун давом этган тартибсизликларга сабаб бўлди, аммо ҳозирда электр энергияси таъминоти аста-секин тикланмоқда. Бўрон авжига чиққан кунларда 1,7 миллиондан кўпроқ инсон электр қувватисиз қолди.
Энг оғир вазият Нью-Йорк штати, хусусан, Буффало шаҳрида кузатилган. Штат губернатори Кети Хокулнинг сўзларига кўра, Буффало шаҳри жанговар ҳаракатлар зонасига ўхшаб қолган. Ушбу кучли бўрон билан боғлиқ ўлимлар Вермонт, Огайо, Миссури, Висконсин, Канзас ва Колорадо штатларида ҳам қайд этилган. Жанубий Флоридада ҳаво ҳарорати шунчалик пасайиб кетганки, игуаналар музлаб қолиб, дарахтлардан қулаб тушган. Энг қуйи ҳаво ҳарорати АҚШнинг ғарбий қисмидаги Монтана штатида қайд этилган, бу ерда ҳарорат -45 даражагача тушиб кетди. Канаданинг Онтарио ва Квебек провинциялари қаҳратон об-ҳаводан кўпроқ зарар кўрган. Бу ердаги қаттиқ совуқ юз минглаб одамлар яшайдиган уйларда электр таъминоти узилишига олиб келган. CBS нашри мухбири Ванкувер шаҳридаги вазиятни шундай тас­вирлайди: «Бизда қор ёғди, муз парчали ёмғир ёғди, бутун регион бўйлаб дўл ёғди. Аҳоли ҳаракатланиши жуда қийин, кўп­лаб автобус йўналишлари хизмат кўрсатишни тўхтатди, кўприклар ёпиқ, метро ҳам энди секинроқ ишлаяпти. Кўплаб автомобиль эгаларида қишки шиналар йўқ». Метеоролог­ларнинг таъкидлашича, бундай об-ҳаво АҚШ ва Канадада бир неча ўн йилда бир марта кузатилади, аммо ҳозирги циклон кучлилиги сабаб мисли кўрилмаган деб аталмоқда.
Қиш нималигини билмайдиган Саудия Арабистонида ҳам қор ёғди. Европаликлар эса қишнинг ғайриоддий иссиқ кунларидан ҳайратда. Хусусан, Марказий Европа мамлакатларида рекорд даражадаги ҳарорат қайд этилмоқда. Сербия пойтахти Белградда 30-31 декабрь ва 1 январь кунлари об-ҳавони кузатиш бошланган даврлардан бери илк бор энг иссиқ кунлар қайд этилди. Цельсий шкаласи ­бўйича термометр устуни 18 даражани кўрсатди. Иссиқ ҳаво ҳатто тоғли туманларда, айниқса, машҳур сиҳатгоҳ жойлашган Златиборда кузатилди. 1984 йилда қишки Олимпиада ўйинларини қабул қилган Боснияда ҳам айни манзара ҳукмрон. Қор йўқ. Чанғи трассалари ҳам бўм-бўш. Меҳмонхоналар мижозларни жалб этиш учун нархларни туширишга, ходимларини эса ишдан бўшатишга мажбур бўляпти. Босниянинг айрим қисмларида туриндустрия вакиллари табиий хусусиятдаги фавқулодда вазият ҳақида гапира бошладилар.
Қуйи Австрияда ҳаво ҳарорати Цельсий шкаласи бўйича 12 даражагача кўтарилди. Табиат иқлим ўзгаришига мослашиб бораётгандек гўё. Австрия ўрмонларида худди баҳор келганидан дарак бераётгандек, гуллар куртак очмоқда. Аммо бу ҳолат Европа учун нормал ҳодиса эмас. Ўрмон хўжалиги Институти раҳбари Хуберт Хазенауэр шундай фикрда: «Қишнинг совуқ келгани маъқул. Биринчидан, совуқ бўлса, зараркунандалар камаяди, иккинчидан, уйқу даврида дарахтлар мириқиб дам олади».
Тан олиш керак, кейинги йилларда иқлим тушунарсиз тарзда ўзгариб кетди. Халқаро ташкилот ва экспертлар эса инсоният зарур чоралар кўрмаса, бу тасаввур қилиш қийин бўлган хунук оқибатларга олиб келишидан хавотир билдиряпти. Хусусан, БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш 2022 йил ноябрь ойида Мисрда бўлиб ўтган COP27 Иқлим саммитига йиғилганларга юзланиб инсоният «ҳамкорлик қилиши керак ё йўқ бўлиб кетади», дея баёнот берганди.
Олимларнинг фик­рича, 2100 йилгача иқлим исиши даражаси 1,5 градусдан ошмаслиги керак. Аммо, уларнинг яна таъкид­лашича, бу кетишда глобал ҳарорат аср охирига бориб 2,8 фоизга ошади. Сўнг­­ги йилларда иқлим бўйича олимлар 1850 йилда, глобал саноатлаштириш бошланишидан олдин кузатилган ҳароратдан тахминан 1,5 дан 2°Сгача исиш оқибатларини кўпроқ ўрганишди. Ушбу тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу асрда ҳароратни ушбу даражага яқин ушлаб туриш глобал иқтисодиётга оғир юк бўлади, аммо улар инсониятнинг яшаб қолиши учун муҳим чорадир.
Иқлим бўйича Париж келишуви натижасида Ер юзидаги деярли ҳар бир мамлакат бу асрда глобал ҳарорат кўтарилишини 2°С даражадан пастроқ ушлаб туриш ва имкон қадар уни 1,5°С дан пастроқ сақлашга ҳаракат қилиш бўйича келишувни имзолади.
Шу маънода олганда, бугунги намли ва совуқ иқлим кўплаб мураккабликлар ва ноқулайликлар туғдиришига қарамай, инсоният, умуман, табиат учун фойдали жиҳатлари ҳам бор. Нима бўлганда ҳам қиш қишлигини қилади. Ҳар ҳолда биз табиатнинг ишига аралашолмаймиз. Муҳими, ана шу совуққа тайёргарлигимизда, менимча…

Абдулло АБДУЛБОҚИЕВ