Косон тумани «Тошкўприк» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 20-оилавий поликлиника филиали фаолиятидан, тўғрироғи, бу масканда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун шароитлар етарли эмаслигидан аҳоли қийналмоқда. Одамларнинг айтишича, бу ерда бирор муолажа олмоқчи бўлган беморнинг аҳволи баттар оғирлашар экан.
Аҳвол билан яқинроқ танишиш мақсадида ушбу масканга бордик. Қарши шаҳридан Косон тумани «Тошкўприк» маҳалласи томон борар эканмиз, йўлнинг хароблигидан кўнглимиз бузилди. Наҳотки, эртадан кечгача ҳаракат бир зум тўхтамайдиган асосий йўлнинг аҳволини Косон тумани ҳокимлиги ва йўлсозлари билишмаса?
«Тошкўприк» маҳалласидамиз… Сўраб-сўраб, 20-оилавий поликлиника филиалига бордик. 1996 йилда қишлоқ врачлик пункти сифатида қурилган тиббиёт масканининг «суяги» яхши сақланган, аммо капитал таъмир, жорий таъмир деган дастурлардан четда қолгани кўриниб турарди. Бинонинг иккита деразасига «целлофан» қоқилган. Деразанинг бир кўзидан қўлбола печканинг мўриси чиқиб турибди.
– Филиалда 8 нафар ҳамшира ва мен тўрт қишлоқнинг 5300 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатамиз, – дейди шифокор Тамара Бекназарова. – Қишнинг совуғидан сақланиш учун битта хонага печка ўрнатганмиз. Шуни ёқиб, барчамиз шу хонада ўтирамиз. Беморларни ҳам шу ерда қабул қиламиз. Бинонинг 11 та хонаси бўлса-да, уларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун шароит йўқ. Лаборатория таҳлиллари олиш зарур бўлганда беморларни 20-оилавий поликлиниканинг асосий корпусига юборамиз. Аммо асосий бинога бориб муолажа олиш аҳолига бироз ноқулайлик туғдиради. Ногиронлар бор, кексалар бор. Филиалдаги шароитларни яхшилаб, керакли мутахассислар билан таъминласа, яқин қишлоқлар аҳолиси учун жуда яхши бўлар эди.
– 10 ойдан бери суяк емирилиши дардидан азият чекаман, – дейди бемор Сойгул Ҳотамова. – Туман марказига боргандим, «укол» ёзиб беришди. Филиалга келсам, «Хоналар совуқ, шароит йўқ», деб укол қилишмади. Ҳар куни ўғлимникига келаман, ҳамшира шу ерга бориб, муолажа қиляпти.
– Этаковул қишлоғида яшайман, – дейди Байрам Ғиёсова. – Яқинда турмуш ўртоғим жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Аммо оилавий поликлиника филиалида зарур муолажаларни ололмадик. Хоналари совуқлиги учун патронаж ҳамширалар уйга бориб, дори-дармон қилишди. Ўзимда ҳам шамоллаш бор. Бир неча бор дарддан азият чекиб келганимда «муолажа қилолмаймиз, шароитимиз йўқ», деган жавобни олдик.
Тамара Бекназарованинг айтишича, филиалда асосан ёш болаларни эмлаш тадбирлари амалга оширилар экан. Қишнинг совуғида, куз ва баҳорнинг салқин кунларида эмлашга келган мурғак болажонларнинг аҳволини тасаввур қилиб кўрдим…
Ўнқир-чўнқир йўллардан ортга қайтар эканман, муздек совуқ муолажа хоналари, совуқдан қалтираётган чақалоқлар хаёлимдан кетмасди…
Мутасаддилар бу аҳволни билишармикан? Агар билишса, уларнинг хаёлидан нималар ўтаётган экан?..
Акмал АБДИЕВ
«ISHONCH»
