25 декабрдан 5 февралгача бўлган муддат қиш чилласи саналади. Кўпни кўрган кексаларимиз «Чилла чиллалигини қилиши керак», деган гапни бежиз айтишмайди. Чилла чиллалигини қилса, навбатдаги ёз ҳавоси соз бўлади.
Шу кунларда об-ҳаво совиб кетди. Аслида совуқнинг ҳам ўзига хос хусусияти бор. У вируслар, микроблар ва аллергенларни йўқотади, зараркунанда ҳашаротларга қирон келтиради, ҳавони зарарсизлантириб, тозалайди. Бундан ташқари, инсон танаси иммунитетини фаоллаштиради. Аёзли кўчада юриш асабни тинчлантириб, фикрлашни тартибга солади, ақлий фаолиятни рағбатлантиради.
Қишнинг куни қирқ турли. Тунда осмонда юлдузлар порлаб, совуқ авжига олади. Бундай дамларда ёққан қор остида қолган буғдой баҳорга чиқиб, баравж ривожланади. Ниҳолчалари совуқ уришидан сақланиб, қор эришидан озиқланади.
Халқимизда «Чилла суви – тилла суви», «Чилла қори – ернинг қони», «Чиллада суғорилган боғ, чил ботмон узум берар», деган ҳикматли сўзлар ҳам бор. Уларга амал қилган деҳқонлар ерга «чилла суви» бериб, шўр ювиш ишларини бажаришади. Қиш иссиқ келганда, боғбонлар ҳам жим туришмайди – мевали дарахтларга шакл беришади.
Қор ва ёмғир эса Яратганнинг раҳмати. Зумрад фаслда ёғингарчилик тез-тез такрорланиши элнинг ризқ-рўзи мўл бўлишидан далолатдир.
Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»
