Ўзи ўрнак бўлиш ўрнига

64

ёхуд бандлик бош бошқармаси меҳнат қонунчилигини нега менсимайди?

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига!

 

Бандлик бош бошқармалари – меҳнат муносабатларида ҳақсизликка учраган ходимлар бош уриб борадиган идоралардан бири. Демак, бу даргоҳ соҳада кўзга ташланаётган ҳар қандай қонунбузарликка муросасиз, ўз фаолиятида Меҳнат кодекси талабларига қатъий риоя этиш борасида бошқа ташкилотларга ўрнак бўлмоғи шарт. Бироқ Андижон вилояти бандлик бош ­бошқармаси раҳбариятининг иш тутумида юқоридаги тамойилларнинг тескариси устувордек…

Гап шундаки, ўтган йилнинг 25 февралида ушбу ташкилотда давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Фаррухбек Муҳаммаджонов билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинади. Бироқ ходим иш берувчини судга бериб, тақдирини ҳал этган буйруққа асос бўлган «далил»ларнинг таги пучлигини исботлаб қўяди. Суд мажлисида мутахассис сифатида қатнашган Ўзбекис­тон касаба уюшмалари федерациясининг Андижон вилояти кенгаши вакили М.Куббиев ҳам даъвогарнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклаш юзасидан хулоса берадики, пировардида, суд бошқарма ­бошлиғи ­А.Мамаюсуповнинг буйруқларини ғайриқонуний деб топади. Хуллас, даъвогар ўз лавозимига ишга тикланиши баробарида, бошқарма зиммасига мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловларни ҳисоб-китоб қилиб, тўлаб бериш мажбурияти юклатилади. Камига, бошқарма ҳисобидан Ф.Муҳаммаджонов фойдасига 2 миллион 500 минг сўм миқдорида маънавий зарар ундириш ҳам белгиланади.
Бу воқеадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бош бошқарма раҳбарияти давлат меҳнат ­инспекциясининг икки вакили – Иззатилло Раҳмонов ҳамда Аҳрорбек Чалабоевни ҳам ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Ҳақ-ҳуқуқини яхши билган одам бундай вазиятда судлашади, албатта! Кутилганидек, И.Раҳмонов ҳам, А.Чалабоев ҳам бошқарма бошлиғининг буйруғини бекор қилиш ҳамда ўз лавозимига ишга тиклашни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига даъво аризаси киритади. Бу гал ҳам ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқлар ғайриқонуний деб топилиб, инспекциянинг ҳар икки вакили вазифасига қайтарилади. Суд қарорига кўра, ходимларнинг ҳар бири бошқармадан 3 миллион сўмдан маънавий зарар ундиришга ҳам муваффақ бўлади.
Бандлик бош бошқармаси суднинг ҳар икки ходимни ишга тиклаш хусусидаги қароридан норози бўлиб, апелляция инстанциясига мурожаат қилгани, аммо юқори турувчи суднинг 2022 йил 6 декабрдаги шикоятни қаноатлантирмаслик ҳақидаги ажримини икки жумла билан шундай ифодалаш мумкин: ­«Бошқарма меҳнат қонунчилигини бузган, вассалом!».
Ушбу жараёнларни кузатиб турган жамоатчилик вакиллари ғайриқонуний буйруқлари судда бир эмас, уч бора ноқонуний деб топилган бош­қарма раҳбари энди дўппини бошдан олиб, ўз иш тутумига бир қур назар ташласа керак, деган ­фикрга боргани рост. Бироқ бўлиб ўтган воқеалар унга сабоқ бўлмабди. Йўқса, бир марта суд орқали вазифасига тикланган ходимни такрор ишдан бўшатиб, бу ҳақдаги буйруғи иккинчи маротаба ҳам суд орқали ғайриқонуний деб топилмас эди-да! Янаям аниқроқ тушунтирсак, фуқаролик ишлари бўйи­­ча ­Бўстон туманлараро судининг 2022 йил 15 декабрдаги ҳал қилув қарори билан юқорида тилга олинган Иззатилло Раҳмоновнинг «Ишга тиклаш ва мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи, тўланмай қолган мукофот ҳамда моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида»ги даъвоси бу гал ҳам қаноатлантирилади.
Шу ерда воқеалар баёнига нуқта қўйиб, асосий муддаога ўтсак. Бугун Андижон вилояти бандлик бош бошқармаси ­фаолиятига четдан назар ташланса, ташкилот зиммасига юкланган вазифаларнинг тўла-тўкис ижросидан кўра шахсий муносабатлар ортидан ходимларни ишдан бўшатиш ва судлашиш билан боғлиқ жараёнлар юки тарози палласини босиб кетаётгандек гўё. Меҳнат муносабатларидаги мувозанатнинг издан чиқиши эса одамларнинг ушбу ташкилотга бўлган ишончига путур етказиши турган гап. Биз тилга олган воқеалар хусусий корхонада эмас, давлатнинг бандлик сиёсатига дохил идорасида рўй беряпти, ахир!
Демакки, тизим қайтадан ташкил қилиниб, айни паллада катта ўзгаришлар учун режалар олинаётган экан, баён этилганлар янги вазирнинг тизимдаги ислоҳотларида эътибор қаратишига арзирли ҳолат. То бутун бошли бош­қармада маънавий муҳит бузилишига сабаб бўлган мутасаддиларнинг таноби тортиб ­қўйилмас экан, Андижонда вазирликнинг самарадорлик, масъулиятлилик, профессионализм, адолатлилик ва инсонпарварлик каби қадриятларига путур етаверади.

Нурилло НЎЪМОНОВ
«ISHONCH»