Шу кунларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ичида энг арзони ҳисобланган пиёзнинг нархи кескин даражада ошиб кетди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида пиёзнинг улгуржи нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 баробарга қимматлашган.
Куни кеча берилган хабарларга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистонда 4 ойга пиёз экспортига вақтинча чеклов жорий этилди.
Ушбу қарор ички истеъмол бозори нархини арзонлаштириш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Бугунги кунда ҳудудларда жами 319 минг тонна пиёз маҳсулоти борлиги тасдиқланмоқда. Бу эса жойларда пиёз захираси мавжудлигини кўрсатади.
Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, аҳоли истеъмоли талаби доирасида мавжуд захирага қўшимча 26,5 минг тонна пиёз кераклигини кўрсатмоқда. Ушбу маҳсулотларни импорт қилиш бўйича хорижий давлатлардаги соҳавий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу фақатгина Ўзбекистонга тегишли ҳолат эмас. У дунёнинг барча минтақаларига хос хусусиятга айланиб улгурди.
Бир қанча омиллар пиёз қимматлашишда давом этишига туртки бериши мумкин. 10 январдан бошлаб Марказий Осиё мамлакатларида аномал совуқ кузатилмоқда. Хусусан, сўнгги бир неча кун ичида ҳавонинг паст ҳарорати Ўзбекистондаги сабзавотлар нархларида ўз аксини топди. Жумладан, пиёз нархлари ҳам кескин ошди. «EastFruit» таҳлилчиларининг прогнозларига кўра, яқин кунларда ҳаво ҳароратининг аста-секин кўтарилиши кутилаётган бўлса-да, пиёз нархлари қимматлашишда давом этиши мумкин.
Пиёз нархи кўтарилиши бир неча омилларга боғлиқ.
Биринчидан, Қозоғистоннинг Ташқи савдо сиёсати ва иқтисодий ташкилотлардаги иштироки бўйича идоралараро комиссияси 3 ой муддатга пиёз экспортини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу қарор Қозоғистондан пиёз оммавий экспорт қилинишининг олдини олиш ва унинг нархини мамлакат ички бозорида барқарорлаштириш билан изоҳланмоқда.
Қозоғистон Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2022 йили мамлакатда пиёз ҳосили 1,1 миллион тоннани ташкил этган, ички истеъмол ҳажми тахминан 315 минг тоннани ташкил этади, яъни етиштирилган умумий ҳосил ҳажмидан деярли 3,5 баробар кам.
Ҳозир Қозоғистонда тасдиқланган пиёз захиралари 152,4 минг тоннани ёки ўтган йилги ҳосилнинг атиги 14 фоизини ташкил этмоқда. Бу ҳажмлар янги ҳосил олингунига қадар етарли, шу боис жорий этилган экспорт чекловлари қолган барча пиёзни Қозоғистондан экспорт қилиш эҳтимолини йўққа чиқаради.
Иккинчидан, нарх кўтарилиши Осиё ва жаҳондаги энг йирик пиёз етиштирувчилардан бири бўлмиш Покистондаги табиий офатлар билан боғлиқ. Бу мамлакатдаги сув тошқинлари жаҳон миқёсида, жумладан, республикамиз бозорида ҳам пиёз нархи ошишига олиб келган.
Учинчидан, 2022 йили Европа Иттифоқи мамлакатларида, биринчи навбатда, пиёзнинг жаҳондаги асосий экспортёри саналмиш Нидерландияда ҳам қурғоқчилик кузатилгани сабабли ёздаёқ маҳсулот нархи кўтарила бошлаган.
Тўртинчидан, Украина омили. Украина ҳар йили 20 минг тоннага яқин сархил пиёз экспорт қилар ва баъзи мавсумларда ушбу мамлакатдан пиёз экспорти ҳатто 50 минг тоннадан ошар эди. Бироқ Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар сабабли мамлакатнинг жанубий вилоятларида пиёз етиштириш кескин камайди ва фермерлар у ерда етиштиришга муваффақ бўлган пиёзни ҳам Украинанинг бошқа минтақаларига, айниқса, Европа Иттифоқи мамлакатларига етказиб беришнинг иложи бўлмади. Шу сабабли Украина ҳеч кутилмаганда пиёзнинг асосий импортёрига айланди ва ушбу маҳсулотни Польша, Руминия, Молдова, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркиядан сотиб олди. Бу ҳам бутун минтақада пиёз нархи ўсишига туртки бўлди. Шу маънода нархлар бу қадар баландлагани ажабланарли эмас.
Жаҳон иқтисодчилари ҳали пиёз бозорида пайдо бўлган бўшлиқни қандай тўлдириш мумкинлигига аниқлик кирита олишмади. Кўриб турганимиздек, пиёз экспорт қилувчи давлатларнинг ўзлари ҳам тақчиллик остонасида қолган. Шу маънода, Европа, Марказий Осиё ва Кавказда келгуси ойларда пиёз нархи янада ўсиши эҳтимоли юқори. Демакки, бу мавсумда янги нарх рекордларига гувоҳ бўлсак, ажабмас.
Абдулла АБДУЛБОҚИЕВ
