Ховослик тадбиркор Жавоҳир Наширов Президентимизнинг болалар боғчалари фаолиятини янада ривожлантиришга оид чорловларидан илҳомланиб, туманнинг «Гулбаҳор» маҳалласида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) очмоқчи бўлди. Шу мақсадда 2021 йил сентябрида барча ҳужжатларни жамлаб, туман мактабгача таълим бўлимига топширди. Улар вилоят бошқармаси элагидан ўтгач, Мактабгача таълим вазирлигига юборилди (Эслатма: у пайтларда ҳали Мактабгача таълим ва Халқ таълими вазирликлари қўшилмаган эди).
Албатта, бу қувончли хабарни олдинроқ оилавий боғча очган фуқаролар ҳам эшитишди. Улар Жавоҳир Нашировга «Давлатимиз раҳбарининг мактабгача таълимга тааллуқли гап-сўзларини тез-тез радио-телевизордан кўриб-эшитиб, газеталардан ўқиб турибсиз. Демак, ҳадемай вазирликдан битим келади. Сиз ҳозирданоқ тайёргарлик кўраверинг, акс ҳолда, шошиб қоласиз», дея далда беришди.
Бу қўллаб-қувватловлардан руҳланган тадбиркор фурсатни қўлдан бой бергиси келмай, дарҳол ишга киришди. 30 миллион сўм эвазига энг зарур жиҳозларни – болалар каравотлари, мебеллар, гиламлар, ошхона анжомларини сотиб олиб, тахт қилиб қўйди. Шунингдек, боғча учун танланган бинога иссиқлик тизими ўрнатди. Сўнгра омадини синаб кўриш ниятида одамларни боғча очилганидан хабардор қилди. Қарабсизки, бир ҳафтада 25 нафар бола жамланди. У ўз ҳисобидан боғча фаолиятини бошлаб юборди. Бироқ вазирликдан сас-садо бўлавермагач, ноиложликдан кичкинтойларга жавоб бериб юборди.
Орадан анча вақт ўтиб, жавоб хати келди. Унда «Гулбаҳор» МФЙдаги 349 нафар 3-7 ёшли боланинг 343 нафари, яъни 98,3 фоизи мактабгача таълимга қамраб олингани, шу сабабли бу ҳудудда янги оилавий боғча очишга ҳожат йўқлиги маълум қилинганди.
Табиийки, вазирликнинг бу жавоби вилоят бошқармаси берган маълумотлар асосида ёзилган эди. Биз буни тан олган ҳолда, танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Чунки туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Садриддин Кушаков тақдим этган маълумотномада ҳудудда 1 та давлат ва 8 та нодавлат оилавий ММТ мавжудлиги, улар 290 ўринга мўлжаллангани, амалда 334 нафар бола тарбияланаётгани, қамров 95,7 фоизни ташкил этиши маълум қилинган.
Кўриб турибсизки, вилоят бошқармаси тақдим этган маълумотда қамров 98,3 фоиз, туман бўлиминикида 95,7 фоиз, тарбияланувчилар сони эса бирида 343, иккинчисида 334 нафар. Бу тафовутлар бизни ажаблантирди. Инчунин, туман мактабгача таълим бўлими мутахассиси Худойқул Исаев билан «Гулбаҳор» маҳалласи сари отландик.
– Оилавий боғчалар «Гулбаҳор» МФЙда анча ривожлангани учун бошқа маҳаллаларда яшовчилар ҳам фарзандларини уларга беришяпти, – деди ҳамроҳимиз йўл-йўлакай. – Натижада бу ҳудудда қамров сунъий равишда кўтарилиб кетган. Вазирликдагилар эса қоғоздаги маълумотларга ишониб, бошқа боғча очилишига рухсат беришмаган.
Дарҳақиқат, шундай бўлиб чиқди. Масалан, якка тартибдаги тадбиркор София Қурбоновага тегишли боғчада тарбияланаётган 25 нафар кичкинтойнинг 13 нафари қўшни «Обод турмуш», қолганлари «Мустақилликнинг 25 йиллиги» маҳалласидан келар экан. Музаффар Қўчқоров очган боғчанинг 25 нафар тарбияланувчисидан 10 нафари, Насиба Мамарасуловага қарашли боғчага қатнайдиган 50 нафар ўғил-қизнинг 17 нафари, Алишер Мамарасулов боғчасида тарбияланаётганларнинг 7 нафари ҳам бошқа маҳаллалар фарзандларидир.
Гапнинг индаллосини айтсак, «Гулбаҳор» МФЙда ҳали 74 нафар ўғил-қиз боғчага боришга навбат кутиб турибди. Буни қамров фоизига татбиқ этсак, вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва туман бўлимининг маълумотлари сохта эканлиги фош бўлади. Аниқроғи, мактабгача таълим қамрови 98,3 ва 95,7 фоиздан 78,8 фоизга тушиб қолади. Туман мутасаддилари эса «Гулбаҳор» МФЙдаги оилавий боғчаларга бошқа маҳаллалардан келиб тарбияланаётган болалар ҳисобига бу кўрсаткичларни ошириб кўрсатишган.
Шу ўринда «Мустақилликнинг 25 йиллиги» ва «Обод турмуш» маҳаллалари болалари нега «Гулбаҳор»даги боғчаларга интилаётганига изоҳ бериб ўтиш жоиз. Биринчидан, бу ҳудудлар «Гулбаҳор» маҳалласига яқин, иккинчидан, ҳар қандай ота-она ҳам фарзанди яхши боғчада тарбияланишини истайди, учинчидан, ушбу ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи суст ривожланмоқда. Масалан, «Мустақилликнинг 25 йиллиги» маҳалласидаги 3-7 ёшли 273 нафар болакайнинг 125 нафари, «Обод турмуш» маҳалласидаги 219 нафар ўғил-қизнинг атиги 75 нафари боғчаларга жалб этилган. Агар иккала ҳудуддан «Гулбаҳор» МФЙдаги оилавий боғчаларга қатнаётган болаларни қўшсак, бу кўрсаткичлар янада ошиши аниқ. Бас, шундай экан, мазкур маҳаллаларда нодавлат оилавий боғчаларни кўпайтириш чоралари кўрилиши керак.
Яна бир гап. Биз ушбу муаммо ҳақида аввалроқ «Янги Сирдарё» газетасида танқидий мақола эълон қилиб, муносабат билдириш учун собиқ Мактабгача таълим вазирлигига юборган эдик. Аммо ҳеч қандай жавоб олмадик. Эҳтимол, бу сафар маҳаллий ҳокимлик ҳамда янгидан ташкил этилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг туман бўлими масъуллари ёш болалари бор ота-оналар дардига қулоқ солишар. Қолаверса, Жавоҳир Наширов очмоқчи бўлган боғча «Обод турмуш» маҳалласига девордармиён қўшни. Унга ёндош Эски Паши ва Янги Паши қишлоқлари ўртасида битта ариқ бор, холос. Оралиқ масофа 300-400 метр.
Яқинда эшитишимизча, «Гулбаҳор» МФЙ маъмурияти юқори ташкилотларга бу ерда янги оилавий боғчалар очишга зарурат борлиги ҳақида хат йўллашибди. Қани, яна бир оз кутайлик-чи, энди йўл қўйилган хато тузатилармикин ёки иш яна пайсалга солинармикин?..
Муҳаммадали АҲМАД,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси
