Ҳал қилувчи палла ҳаяжони

49

Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида 16 кун давом этган «Tata Steel Chess-2023» мусобақаси ўз якунига етди.

Ушбу нуфузли мусобақанинг «Мастерс» гуруҳида баҳсларга киришган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов сўнгги 13-турда мезбон шахматчи Жордан ван Форестга қарши оқ доналарда ўйнаб, афсуски, имкониятни бой бериб қўйди. Умумий ҳисобда мусобақада 8 очко тўплаган Нодирбек иккинчи ўринни эгаллади. Аслида бу ҳам зўр натижа! Аммо…

Агар ҳамюртимиз сўнгги турда рақибини ютгандами, 9 очко билан гап-сўзсиз чемпион бўларди.

Агар ўзи ҳам, уни мусобақада таъқиб қилиб келган Аниш Гири ҳам дуранг ўйнаганда борми, ундаям Нодирбекда 8,5 очко, Аниш Гирида эса 8 очко бўларди ва ғолиблик юртдошимизга насиб этарди.

Агар Аниш Гири рақибини ютган, Нодирбек эса дуранг ўйнаган тақдирда ҳам, улар (8,5 очкодан тўплашиб), мусобақа ғолиблиги учун тай-брейкда учрашар эди.

Агар Абдусатторов ҳам, Гири ҳам рақибларига «таслим бўлишганда», бу ҳолатдаям Нодирбек «ютган», яъни унда мусобақа ғолиблиги учун имконият сақланиб қоларди.

Хуллас, шунча «агар»лар…

Афсуски, сўнгги турда биз учун кутилмаган натижа (энг ёмон «агар») қайд этилди: Нодирбек ютқазди, Гири ютди. Ва…

Мусобақа ғолиблиги 8,5 очко тўплаган Аниш Гирига насиб қилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза: Турли даражадаги нуфузли мусобақаларнинг ҳал қилувчи палласида спортчида ҳаяжон, босим жуда юқори бўлади ва бу «юк»ни кўтаришнинг ўзи бўлмайди. Шу боис Мишель Платини, Роберто Баджо каби дунёга машҳур футболчилар ҳам пенальтилар сериясида энг сўнгги зарбада «оёқлари қалтираб», жамоадошларига панд бериб қўйишган.

Демоқчимизки, Нодирбекка ҳаммасини ҳал қилувчи сўнгги турда бироз совуққонлик етишмади ва буни тушунса бўлади.

Ҳа айтганча, «Tata Steel Chess-2023» мусобақасининг «Челленжер» гуруҳида иштирок этган Жавоҳир Синдоров сўнгги турда Томас Беердсенни мағлубиятга учратиб, 8,5 очко тўплади ва 3-ўринни эгаллади.

Биз нуфузли халқаро турнирда қатнашиб, илк уринишда улкан натижаларга эришган ҳар иккала шахматчимизни табриклаймиз!

Баракалла, йигитлар! Биз сизлар билан фахрланамиз!

Алижон АБДУРАҲМОНОВ