Кейинги пайтларда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари ҳақидаги хабарлар кўпайди. Тиббиёт ходимлари уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрламаслик ҳақида кўп огоҳлантиришади. Бироқ аксариятимиз бу огоҳлантиришларга эътибор бермаймиз. Шу пайтгача ҳеч нарса бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди, деб ўйлаймиз. Аммо кўза кунда эмас, кунида синади.
Овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш учун баъзи нарсаларни билиб қўйиш муҳим.
Шифокорларнинг фикрича, касаллик бактерия, вирус, гельминт ва микроорганизмлар токсинлари билан зарарланган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш оқибатида юзага келади. Бунинг олдини олиш учун санитария талабларига жавоб берадиган маҳсулотлардан тайёрланган таомларни истеъмол қилиш лозим. Ҳар бир оила аъзоси шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиши, овқат тайёрлайдиган инсон ҳар бир маҳсулотни истеъмолга яроқлилигига ишонч ҳосил қилган ҳолда таом ҳозирлаши даркор.
Шу кунларда бозорлар ва савдо расталарида уй шароитида тайёрланган салатлар, тузламалар, қорамоллар ичакларидан хасип ва холодецлар савдоси авжида. Биз уларнинг қандай шароитда тайёрланганини билмаймиз. Устига устак, улар одатда очиқ жойларда сақланади.
Консерва қилинадиган айрим сабзавот маҳсулотлари (пиёз, саримсоқпиёз, карам, помидор, бодринг, бақлажон, ҳар хил кўкатлар ва бошқалар) ерда ўсгани учун микроблар билан ифлосланади. Ишлов бериш технологияси бузилганда шу микроблар тайёр маҳсулотга ўтиб, унда кўпая бошлайди. Сабзавот ва мева консервалари микроблар ўсиши учун қулай шароит ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бундай ифлосланган маҳсулотларни билмасдан истеъмол қилиш заҳарланишга олиб келиши, айрим ҳолларда кучли заҳарланишдан ўлим рўй бериши ҳам мумкин. Шуни ёдда тутиш керакки, Clоstridium bоtulinum юқори ҳароратга чидамли ва атроф-муҳитда кенг тарқалувчи споралар ишлаб чиқаради. Ботулотоксиннинг 7 та тури — А — G фарқ қилади. Улардан тўрт тури (A, B, E ва баъзан F) одамда ботулизм касаллигини чақиради. C, D ва E турлари сутэмизувчилар, қушлар ва балиқларда касаллик пайдо қилади.
Споралар қайнатганда ҳам ўлмайди, +120 даража ҳароратда 30 дақиқада, спораси 20 фоизли формалин зарарсизлантирувчи моддаси таъсирида 24 соатда жонсизланиши мумкин. Бу микроб токсини меъда ва ичак шираси таъсирида ўз кучини йўқотмайди ва у қонга сўрилиб, инсон организмини заҳарлайди. Ботулизм бактерияси ташқи муҳитда қуруқ шароитда, тупроқда узоқ йилларгача сақланади. Аҳоли ўртасида ботулизм билан хасталаниш асосан ноябрь ойидан бошланиб, май ойларигача давом этади.
Ботулизм споралари билан зарарланган консерва маҳсулотларининг ташқи кўриниши ва таъмида деярли ўзгариш бўлмайди. Айрим ҳолатларда шиша идишнинг тунука қопқоғи шишади. Касаллик одатда токсинли овқат истеъмол қилингандан 12-14соат ўтгач, тўсатдан бошланади. Беморнинг тинкаси қуриб, боши оғрийди, кўзи тинади, кўнгли айниб қусади, ташналик юзага келади. Уйқусизлик кузатилиб, қорни оғрийди, ичи кетади, юраги тўхтаб қолаётгандек туюлади, кўз хиралашади, кўз қорачиғи кенгаяди, қовоқлар осилиб тушади, бемор кўзига буюмлар иккита бўлиб кўринади, қорни дам бўлиб, ютиниши қийинлашади. Нутқнинг бузилиши ёки товушнинг бутунлай чиқмай қолиши кузатилади.
Бундай вазиятда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда, касалликнинг оғир шакллари – юрак, қон-томир ва нафас тизими хасталиклари юзага келиши, бунинг натижасида беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Касалликни уй шароитида даволаш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ботулизм касаллигининг олдини олишда қуйидаги профилактик тадбирлар тавсия этилади:
— помидор, бодринг, бақлажон икралари каби консерва маҳсулотларини уй шароитида тайёрламанг;
— бозорлар ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда фуқаролар томонидан сотилаётган номаълум шароитларда тайёрланган, сифати кафолатланмаган дудланган гўшт ва балиқ ҳамда сабзавот-мева консерва маҳсулотларини харид қилманг;
— озиқ-овқат дўконидан гўшт, балиқ, қўзиқорин ва сабзавот-мева консервалари ҳамда дудланган гўшт ва балиқ маҳсулотларини харид қилишдан олдин, ушбу маҳсулотларнинг гигиеник ҳамда мувофиқлик сертификатлари борлиги тўғрисидаги маълумотга эга бўлишни унутманг;
— дўконлардан консерва маҳсулотларини харид қилишдан олдин, уларнинг сақланиш муддатлари ўтиб кетмаганлигига, идишлари бутунлигига, қопқоқлари шишмаганлигига эътибор беринг. Сақлаш муддати ўтган, қопқоғи шишган, деформацияланган ҳамда гигиеник ва мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган консерва маҳсулотларини асло харид қилманг.
Ҳар бир оила аъзоси соғлом турмуш тарзига, соғлом овқатланиш қоидаларига риоя қилса, албатта, ботулизм касаллигининг олдини олган бўламиз.



