Савол:
– Ишхонада бир неча бор телефонда гаплашганимни кўриб, кадрлар бўлими бошлиғи менга танбеҳ берди. Нима, иш пайтида телефонда гаплашиш мумкин эмасми?
Саволга ҳуқуқшунос Мақсуд Мустафоев жавоб беради:
– Ходимнинг меҳнат вазифалари ички тартиб-қоидаларида, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда, корхонада қабул қилинадиган локал ҳужжатларда (жамоа шартномаларида, йўриқномалар ва ҳоказоларда), меҳнат шартномасида аниқ белгилаб қўйилади. Ҳар бир ходим ўзига юклатиладиган меҳнат вазифалари доираси билан олдиндан таништирилиши лозим.
Агар ташкилотнинг ички локал ҳужжатларида ходимларга уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланган бўлса ёки телефон ишлатиш юзасидан алоҳида талаблар белгиланган бўлса, ходимлар бу талабларга риоя этишлари керак бўлади.
Бу талабларга риоя қилмаган ходимларга:
1) ҳайфсан;
2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима (ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин);
3) меҳнат шартномасини бекор қилиш (Меҳнат кодекси, 100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари) каби интизомий жазолардан бири қўлланилиши мумкин.
Уяли телефон ишлатиш бўйича талаблар ички қоидаларда белгиланмаган тақдирда ҳам, ходим ўз меҳнат вазифаларига кирмайдиган ва унга халақит берадиган ишларни бажаргани ҳамда иш вақтини беҳуда сарфлагани учун юқоридаги жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкин.
