Халқ рассомига ҳурмат шуми?

247

Яқинда таҳририятга Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзаев келган эди. Узоқ суҳбатлашдик. Суҳбат асносида у юртимиздаги ижобий ўзгаришларни, миллат равнақини кўзлаб қилинаётган эзгу ишларни эътироф этди. Энг муҳими, бу жараёнда рассом ўз ижоди билан иштирок этаётганидан мамнун эди. Хусусан, Абдулла Қодирий уй-музейи унинг суратлари билан бойитилганини алоҳида таъкидлади.

Аммо рассомнинг кўзларида бир ташвиш кўриниб турарди… Журналистлигимга бориб, сабабини билишга қизиқдим.
« – 2020 йил ҳукумат қарори асосида Абдулла Қодирий мемориал ва адибнинг уй-музейлари ташкил этилди, – деди Алишер Мирзаев. – Маданият вазирлигидан Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағиш­ланган туркум асарларимдан музей экспозиция­­си учун тақдим этишни сўрашди ва албатта улар учун қалам ҳақи (гонорар) берилишини ваъда қилишди. Мен хурсанд бўлдим. Шундай қилиб, янги очилган адиб музейларининг тўқсон фоиз расмлар экспозициясини менинг асарларим ташкил этди. Очилиш маросимида шахсан қатнашиш насиб этмади. Таассуфки, расмлар муаллифини чорлаш ташкилотчиларнинг ёдидан кўтарилган эди чоғи…».
Орадан бирмунча вақт ўтади. Таниқли рассом қалам ҳақидан дарак бўлмагач, Маданият вазирлигининг музейлар бошқармаси бошлиғи ва ходимларига учрашади. Улар мусаввирга асарлари раҳбариятга маъқул тушгани ва уларни музей фонди учун харид қилишларини айтишади.
…Яна вақт ўтади. Аммо рассомни ҳеч ким йўқламайди. Шундан сўнг у вазирнинг биринчи ўринбосарига учрашади. Раҳбар 2022 йил бошланиши билан масалани ҳал қилиб, керак бўлса, қўлига кафиллик хатини ҳам тутқазишга тайёр эканини билдиради.
Бу борада яна ислоҳотлар бўлиб, музейлар бошқармаси Туризм вазирлиги таркибига ўтади. Шундан сўнг Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси Акмал Нуриддинов Туризм вазири А.Абдуҳакимовга масала юзасидан хат йўллайди. Аммо бу ҳам ечим бўлолмайди…
« – Сўнг вазир қабулига ёзилмоқни истадим, – дейди А.Мирзаев. – Ёрдамчилар каминанинг оқ сочи-ю, унвон-мартабаларига эътибор беришдими, уч кунда комиссия йиғилиб, асарларимни баҳолаб, мушкулимни ҳал этишга ваъда беришди. Комиссия ўтган йилнинг 17 декабрида 32 та асарим борасида шартнома қоғозига имзо чектиришди. Очиғи, уларнинг нархлари жуда арзон белгиланди. Индамадим. Янги йилда Туризм ва маданий мерос вазирлиги Маданият вазирлиги таркибига киритилиб, Маданият ва туризм вазирлиги ташкил этилди. Энди боя­­ги вазир ёрдамчиларидан дарак йўқ, телефонлари жавоб бермайди, хомтама бўлмаса ҳам бўлаверади, чоғи. Яна янги вазирликнинг қуйи поғонасидан юқори томонига – машаққати мўл тоққа афсонавий Сизиф каби кўтарилишимга тўғри келади, менимча…».
Рассом уч йилдан бери давом этаётган оворагарчиликларини шундай ҳикоя қилар экан, кўнг­лимиз бузилди. Санъат асарлари, осори-атиқаларни асраш, қадрлаши керак бўлган масъул ташкилотларнинг ўзи ижодкорлар меҳнатига бу қадар лоқайд бўлиб келаётгани ачиларлидир. Ахир рассом бу асарлар учун ўттиз йилдан ортиқ умрини сарфлаган. Суратларни турли шахсий тўплам ва чет эл галереяларига тарқатиб юборса ҳам бўларди. Лекин уларни кўз қорачиғидай асраб, зарур масканга тақдим этди.
Мақола сўнггида мутасаддилардан сўрамоқчимиз: йиллар давомида чеккан заҳмати ва меҳнати эвазига 75 ёшли мусаввирга кўрсатаётган ҳурматингиз шуми?

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
«ISHONCH»