Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги мактабларнинг бири олдида икки нафар ўқувчини ўғирлашмоқчи бўлишаётганлиги ҳақида хабар тарқалди.
ИИВ Матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга кўра, бу асоссиз ва ёлғон хабар бўлиб, кузатув камерасига тушиб қолган вазият аслида бошқача ривожланган.
Маълум бўлишича, сешанба, 1 февраль куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 113-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ф.Н. бошқарувидаги автомашинага 132-сонли мактаб ўқувчилари Г.Б, С.Н. лар ердаги муз бўлагини тепган.
Шундан сўнг 11-синф ўқувчилари муз бўлагини тепган болаларни ички ишларга олиб борамиз, деб уларни оғзаки қўрқитишган. Болалар бошқа бундай қилмаслигини айтиб уйига кетишган.
“Ҳозирги вақтда болалар соғ-саломат ота-онаси бағрида”, – деб ёзмоқда Ғиёсов.
Автомашинани бошқариш ҳуқуқи бўлмаган мактаб ўқувчиларининг ота-онаси билан эса ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик юзасидан профилактик суҳбат ўтказилган.
