Юртимизда кечган аномал совуқ синовларга бой бўлди. У айрим жониворларга ҳам катта заҳмат етказди. Масалан, Андижон вилоятида кўчада музлаб қотиб қолган мушуклар тасвирга туширилган видео ижтимоий тармоқларда кўп бор намойиш қилинди. Юртимизнинг бошқа шаҳар-қишлоқларида, айниқса, пойтахтимизда дуч келган жойда изғиб юрадиган ит-мушукларнинг анчагинаси совқотиш ва очлик туфайли нобуд бўлди.
Аслида йилнинг илиқ ва иссиқ фаслларида бу ҳайвонлар кўчаларда, боғлар ва чиқиндихоналарда қўним топади. Жумладан, Юнусобод туманининг «Марказ-5» мавзесидаги кўпқаватли бинолар атрофида талай мушукларни учратасиз. Тўғри, шу атрофда яшовчилардан айримлари уларга турли-туман овқат қолдиқларини ташлаб кетишади. Лекин тозаликка мутлақо риоя қилишмайди. Оқибатда шу ҳудудда жойлашган мактаб ва университетга олиб борадиган йўлак четлари ва ариқлар бир марта ишлатиладиган ҳар хил идишлар ва целлофан пакетлар билан тўлиб-тошади. У ердан тарқаладиган бадбўй ҳид эса бошқалар қатори ўқувчилар ва талабалар кўнглини ҳам беҳузур қилади. Бу ерда қон сўрувчи ҳашаротлар ва турли касалликларнинг кўпайиши инсонлар соғлиғига хавф туғдиради.
Энг ачинарлиси, орамизда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қиладиганлар ҳам кўп. Баъзилари машинасида уларни босиб ўтиб кетса, бошқалари тош отиб қувиб солади.
Ҳозирда бу жониворлар емиш топа олмай қийналмоқда. Тегишли ташкилотлар мутасаддилари эса уларга эътиборсизлик билан қарашмоқда. Ҳолбуки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузурида қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари ташкил этилган. Уларнинг зиммасига кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолган, жумладан, эгасиз итлар, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни тутиш, шунингдек, уларни вақтинча сақлаш учун махсус жойлар барпо этиш, одамлар ва ҳайвонларга жароҳат етказган ёхуд ножўя ҳаракат қилинмаганда уларга ҳужум қилган ҳайвонларни кейинчалик карантинда сақлаш учун ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларига олиб келиш, ҳайвонлар қутурган тақдирда ушбу бўлимлар билан биргаликда иш олиб боришни ташкиллаштириш, нобуд бўлган ҳайвонларни эса ветеринария-санитария қоидаларига риоя этган ҳолда зарарсизлантириш вазифалари юклатилган.
Очиғи, ҳозир бу бўлимлар ўз вазифасини нечоғли бажараётганини, дайди жониворларни ўз қарамоғига олиб парваришловчи ташкилот ёки хайрия фондлари бор-йўқлигини кўпчилик билмайди. Ўз навбатида, уларда «Ўзбекистонда фақатгина Қизил китобга киритилган ҳайвонлар муҳофаза қилинадими?» деган савол туғилади.
Маълумки, кўплаб давлатларда бу масалага жиддий эътибор қаратилади. Масалан, Туркияда эгасиз ҳайвонлар учун эҳсон қутичалари яратилган. Йиғилган пуллар бу жонзотларнинг парвариши учун сарфланади. Шунингдек, улар учун хайрия фондлари очилган. Аксарият мамлакатларда кўчада санғиб юрган ҳайвонлар давлат бюджети ҳисобидан вакцинация қилинади. Шунингдек, уй ҳайвонларини сайр қилдириш учун махсус ҳудудлар ташкил этилган.
Шубҳасиз, Ўзбекистонда ҳам шундай чора-тадбирлар қўлланилса, фойдадан холи бўлмайди. Бу билан, биринчидан, кўчалардаги дайди ва турли касалликка йўлиққан ҳайвонлар сонини камайтириб, замондошларимиз саломатлигини асраган бўламиз, иккинчидан, атроф-муҳит мусаффолигига баҳоли қудрат ҳисса қўшамиз.
Диёра РАВШАНОВА
«ISHONCH»
