Оқ халатлардаги адоват доғи

82

Дилобар Каримова 2022 йилнинг март ойигача Янгиҳаёт тумани 65-оилавий поликлиникаси бош шифокори бўлиб ишлаб келаётган эди. Кутилмаганда Янгиҳаёт тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ноқонуний буйруғи билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Собиқ бош шифокор адолатни тиклаш мақсадида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига арз йўллади. Мурожаат кенгашнинг меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан ўрганиб чиқилгач, аввал туман, кейин шаҳар судида кўрилди. Аммо ноқонуний қарор ўз кучида қолдирилди.
Шундан сўнг даъвогар ҳар икки суд ҳужжатидан норози бўлиб, Олий судга кассация тартибда шикоят киритди.
– Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига миннатдорлигимни билдирмоқчиман, – дейди Д.Каримова. – Чунки улар бошимга иш тушган вақтда мени ёлғизлатиб қўйишмади. Натижада ишим Олий судда кўриладиган бўлди.
Ниҳоят, Олий суднинг 2022 йил 14 ноябрдаги ажримига асосан Янгиҳаёт тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг буйруғи ғайриқонуний деб топилди ва Дилобар Каримова аввалги лавозимига тикланди. Шунингдек, иш берувчидан даъвогар фойдасига мажбурий прогул учун 19 миллион 412 минг 142 сўм маблағ ундирилиши белгиланди.
Шу билан масала ижобий ҳал этилганди гўё. Аммо кўп ўтмай, Д.Каримованинг бошида яна қора булутлар тўпланди.
– Адолат қарор топди, менга нисбатан бошқа ноҳақликлар бўлмайди, деб ўйлаган эдим, – дейди Дилобар Каримова. – Афсус, янглишган эканман…
2022 йил 20 декабрь куни полик­линикамизга Янгиҳаёт тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари З.Назаров ташриф буюрди. Бир беморни тиббий кўрикдан ўтказаётганимга ҳам қарамай, ҳеч қандай сабабсиз бақир-чақир қилиб, ҳақоратлай бошлади. Бу ҳам етмагандек, мени ва ёрдамчи ҳамширани дўппос­лаб кетди. Менга энг алам қилгани З.Назаров бу қилмиши учун биргина ҳайфсан жазоси билан қутулиб қолгани бўлди. Ўзингники ўзингни дўппослаб тургач, бошқалардан нима кутасан?..

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»

P.S: Мазкур ҳолат Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгаши томонидан назоратга олиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан З.Назаровга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.