Бир неча кун аввал Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Мағрур кўчаси 55 «Б»-уйнинг деворлари ёрилиб кетгани ҳақида видеомурожаат тарқалган ва бу ҳолатга Қурилиш вазирлиги ўрганиш олиб борилаётгани ҳақидаги хабари билан муносабат билдирган эди.
Вазирлик айни ҳолат юзасидан ўрганиш якунларини маълум қилди.
Унга кўра, мазкур уй 2017 йилда фуқаро Б.Зокиров томонидан ўзи ва оила аъзоларининг яшаши учун якка тартибдаги уй-жой сифатида қурилган ва фуқароларга алоҳида квартира сифатида ўзбошимчалик билан реконструкция қилинган ҳолда сотилган. Ҳ.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2020 йил 17 декабрдаги хулосасида ҳам уй қурилишга оид қатор талабларга жавоб бермаслиги ва ҳозирги кунда (ўша пайтда, -таҳр.) “авария” ҳолатида эканлиги айтилган.
Б.Зокировга эса ўз манфатларини кўзлаб, якка тартибда фойдаланиш мақсадида қурилган турар жой биносини кўп квартирали уй-жой сифатида алдов йўли билан фуқароларга сотганлиги сабабли, 2022 йил 14 майда Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 168-модда 4-қисми “а” банди ва 229-моддалари билан айблов эълон қилинган ва Б.З. ҳамда унинг шерикларига нисбатан ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг 2022 йил 1 июлдаги ҳукмига кўра жазо чоралари белгиланган.
Жумладан, “Қуюн” МЧЖ раҳбари Б. Зокиров 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Ҳозирги кунда фуқароларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида суд органи томонидан компенсация пулини ундириш учун суд жараёнлари давом этмоқда.
Қурилиш вазиригига кўра, ҳозирда ушбу бино ваколатли лойиҳа институтлари томонидан ўрганилмоқда.
