Чиқинди саралаш ва қайта ишлаш: муаммони тизимли ҳал қилиш мумкинми?

3330

Ўтган ҳафта Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллаларни обод қилиш ва аҳоли бандлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилиш давомида пойтахтда чиқинди билан ишлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, Тошкент шаҳрида йилига 700 минг тонна чиқинди ҳосил бўлади, аммо бугунги кунда бор-йўғи 18 фоизи қайта ишланмоқда.

Бундан ташқари, чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича қилинаётган ишлар ҳам мутлақо қониқарсизлиги таъкидланди.

“Махсустранс” фаолиятини ислоҳ қилиш, унинг молиявий аҳволини яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга шаҳар чиқиндисини қайта ишлашни камида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Аслида мазкур муаммо анчадан бери кун тартибидан тушмай келаётган эди. Давлат раҳбари бу масалага яна бир бор эътибор қаратгани балки жойлардаги масъулларни ҳушёрликка чорлар? Ҳар ҳолда, чиқинди ва уни қайта ишлаш бўйича ҳудудларда олиб борилаётган ишлар ҳавас қилгудек эмас.

Сўзимиз тасдиғини қуйидаги мақолада ҳам кўришингиз мумкин.

Бир аср муқаддам чиқиндилар тез чириб, тупроққа аралашиб кетган. У пайтларда елим пакетлару идишлар бўлмаган, ҳарқалай. Ҳаммаси табиий ва бу атроф-муҳитга жиддий зарар етказмаган. Афсуски, дунё тараққий этгани сайин табиатга зиёнимиз ортиб бормоқда.

Ҳозир кундалик турмушда ишлатилаётган ва чиқиндига чиқаётган идишларнинг деярли ҳаммаси сунъий. Шу боис уларнинг тупроқ билан аралашиб, йўқ бўлиб кетиши қийин кечмоқда. Оқибатда ер юзи тобора чиқинди билан тўлмоқда.

Мазкур масала бизга ҳам бегона эмас. Бир вақтлар ушбу муаммога ечим топиш мақсадида чиқинди кластерлари фаолияти йўлга қўйилди. Бироқ кластерлар ҳам кутилганидек натижа бераётгани йўқ. Ҳатто бугун уларнинг айримлари кўмакка муҳтож.

Дунёнинг кўплаб давлатларида чиқинди бизнеси ривожланган, тадбиркорлар мўмай даромад топаётгани бор гап.

Хўш, нима учун Ўзбекистонда чиқинди бизнеси ривожланмаяпти? Чиқиндини қайта ишлашда қандай тўсиқлар мавжуд?

“Урганч Авто Эко транс” МЧЖ раҳбари Эшчонбой Шехов

Ушбу саволларга Хоразм вилоятида фаолият юритаётган “Urganch avto eko trans” МЧЖ фаолияти мисолида жавоб излаб кўрамиз.

“Urganch avto eko trans” МЧЖ ўз фаолиятини 2017 йилда бошлаган. Бунинг учун давлатдан 4 000 000 АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит олган.

Тадбиркор чиқиндини қайта ишлаб чиқаришни бошлагач, вилоят марказида чиқинди муаммоси сезиларли даражада камайди – чиқиндилар полигонларда тўпланиб қолмайдиган, деярли ҳар куни олиб кетиладиган бўлди. Хуллас, она табиатга етказиладиган зарар камайди.

Аммо кластерни ташкил қилишдан мақсад фақат бугина эмас эди. Зотан, ҳар қандай тадбиркорлик фаолияти фойда кўриш учун йўлга қўйилади. Чиқиндини қайта ишлаш орқали даромад қилиш ҳам тадбиркорнинг мақсадларидан бири бўлгани табиий.

270 кишилик жамоа чиқиндиларни вақтида йиғиш учун бор ғайратини, имкониятини ишга солмоқда. Бунинг учун уларга 42 та техника воситаси кўмакчи. Бироқ, кунига 400 тонна чиқиндини саралаш, шу асосда ёқилғи, шлакоблок, брикет кўмир каби бир қатор маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ҳозирги кунда фақат чиқинди йиғиш ва саралаш билангина машғул бўлиб қолмоқда.  Бунинг эса бир қатор сабаблари бор.

Саралаш цехи.. эссиз техникалар...
Саралаш цехи.. эссиз техникалар…

Ҳаммаси яхши бошланган эди

– Фаолиятимиз бошланган пайт ишимиз яхши эди, – дейди “Urganch avto eko trans” МЧЖ раҳбари Эшчонбой Шехов. – Машиналар янги. Ходимлар меҳнаткаш. Ҳар куни чиқиндиларни йиғиб, Ғойбу қишлоғидаги полигонга олиб келамиз. Бу ерда яхши ниятлар билан катта мажмуа барпо қилдик. Замонавий жиҳозлар сотиб олдик. Худди хориж компанияларидаги каби иш бошладик. Ўша вақтда чиқиндиларни қайта ишлаш борасида Президентнинг тегишли ҳужжати қабул қилинган ва бу иш билан шуғулланадиганларга бир қатор имтиёзлар берилганди.

Ушбу техникалар ёрдамида дизель ёқилғиси олиш мумкин.

Дастлабки даврда давлат раҳбарининг тегишли қарорида белгиланган тартибда ишладик. Бироқ вақт ўтиши билан масъуллар қарорни гўёки унутишди, мажбуриятларини бажармай қўйди.

Дуч келган жойга ахлат ташламанг!

Статистика: Санитария меъёрларига кўра, бир киши бир кунда ўртача 750 грамм маиший қаттиқ чиқинди ҳосил қилади.

“Urganch avto eko trans” МЧЖ томонидан хизмат кўрсатиладиган Урганч шаҳри ҳудудида бир кунда 150 тонна, Урганч тумани ҳудудида 200 тонна маиший чиқинди тўпланади.

Саралашдан кейин қайта ишлаб чиқаришга яроқли маҳсулотлар ўн фоизни ҳам ташкил қилмайди

Чиқиндиларнинг атроф-муҳит муҳофазасига салбий таъсирини таърифлашга, тушунтиришга ҳожат йўқ. Уйимизда бирон овқат қолдиғи бир кундан ортиқ туриб қолса, нохуш ҳид хонадонимизни тутиб кетади. Ундан-да ёмони – бактериялар кўпайиб, саломатлигимизга путур етади.

Бизни ўраб турган олам ҳам хонадонимиз янглиғ. Кўча-кўйга хоҳлаганимизча чиқинди ташлаб кетаверамиз. Бу нафақат табиатга, балки ўз соғлиғимизга ҳам жиддий зарар етказишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Уйимизда чиқиндини сараламаймиз. Ҳамма нарсани айқаш-уйқаш ташлаймиз. Озиқ-овқат қолдиқлари, қоғозлар, турли буюмлар, кийим-кечаклар аралашиб ётибди. Шу ҳолича чиқинди тўплаш пунктига олиб бориб ташлаймиз. Бу ерда аҳвол ундан-да баттар. Қоғоз, озиқ-овқат қолдиқлари учун идишлар алоҳида эмас. Бурнимизга бадбўй ҳид урилиб, афтимизни буриштирганча пакетни отиб, ортга қайтамиз. Пакет идишга тушган-тушмагани эса гўёки бизнинг муаммо эмас.

Ваҳоланки, шиша ва елим идишлар, қозоғларни ахлатга ташлаш ўрнига чиройли қилиб, тўплаб сотаётганлар ҳам йўқ эмас.  Агар биз бу пулга муҳтож бўлмаганимизда ҳам уларни алоҳида олиб борсак, чиқинди сараловчи инсонлар учун катта ёрдам қилган бўлардик.

Қайта ишлаш учун майдаланган шиналар

Чиқинди талон-торож қилиняптими?

“Urganch avto eko trans” МЧЖ ходимларининг айтишича, чиқинди талон-торож қилиняпти. Шаҳарда ўнлаб ноқонуний фаолият кўрсатаётган чиқинди тўпловчилар бор. Уларнинг аксарияти тунда чиқинди сақлаш жойларини титиб, қайта ишлаб чиқаришга яроқли елим ва шиша идиш, қоғоз ва бошқа нарсаларни саралаб олишади. Минг машаққат билан чиқиндини йиғиб, саралаш майдонига олиб келган кластер ходимлари қайта ишлаб чиқаришга яроқли нарса тополмайди.

– Олиб келинган чиқиндининг морфологияси паст, – дейди Эшчанбой Шехов. – Уни қайта ишлаб, фақат зарар кўряпмиз. Дунё тажрибасида чиқиндининг 40 фоизи қайта ишланади. Бизда эса бу 10 фоизни ташкил қиляпти.  Шу боис чиқиндини полигонга кўмиш орқали табиатга зарарини камайтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Қарзингизни нега тўламаяпсиз?

Корхона зарарига ишлаётганининг биргина сабаби чиқинди талон-торож қилинаётгани билан боғлиқ эмас. Истеъмолчиларнинг корхонадан қарзи кўпайиб кетган. Бу ҳам унинг имкониятларини чеклаб қўймоқда. МЧЖ ходимларининг айтишича, Урганч туманида аҳолининг 5 миллиард сўмлик, Урганч шаҳрида эса икки ярим миллиард сўмлик қарзи бор. Ҳар ойда чиқинди учун тўланадиган пул киши бошига Урганч шаҳрида 3500, Урганч туманида эса 2300 сўмни ташкил қилади. Бу миқдорни қиммат деб бўлмайди.

– Чиқинди учун тўловларнинг вақтида тўланмаслиги қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда, – дея сўзида давом этади тадбиркор. – Бу ҳам етмаганидек, техникаларимизнинг хизмат кўрсатиш муддатлари ҳам тугаб бормоқда. Эҳтиёт қисмларга, ойлик маошга пул тополмаётган вақтларимиз ҳам бўлмоқда.

Айрим юридик ташкилотлар бизда чиқинди йўқ, дея МЧЖ билан шартнома тузишни истамайди.

Агар қарзлар ўз вақтида тўланганида, МЧЖ бу маблағни янги техникалар харид қилишга, ходимлар иш ҳақини оширишга сарфлаган бўларди. Бу билан чиқиндини қайта ишлаш имкониятлари ҳам кенгаярди.

Кўп қаватли уйларда яшовчиларга нисбатан осон – уларга чиқинди сақлаш масканлари хизмат кўрсатади. Аммо ҳовли жойлардан иборат маҳаллаларда бундай масканлар йўқ. Меъёрга кўра, чиқиндини уч кунгача уйда сақлаш мумкин. Амалда бундай деб бўлмайди. Кўпчилик фуқаролар чиқинди 10-20 кунлаб олиб кетилмаётганидан шикоят қилади.  Айримлар ишда, ўқишда бўлишгани, олиб кетиш учун аниқ қайси вақтда келишларини билмаганликлари учун чиқиндини кўча бўйларига ким қопда, ким қутида тўплаб қўйишга мажбур.  Уни мушук ва итлар титкилаяпти, қушлар чўқияпти. Бу эса, ўз навбатида, атроф-муҳитга зарар келтирмоқда.

Нима қилиш керак?

Умуман, бугунги кунда чиқинди сақлаш, саралаш ва уларни қайта ишлаш билан боғлиқ қатор муаммолар бор. Уларни тизимли ҳал қилиш зарур.

Муаммонинг илдизи балки чиқиндини қайта ишлаш билан шуғулланаётган тадбиркорларда деб ўйлармиз? Аммо ундай эмас. Чунки қарс икки қўлдан чиқади. Хўп, улар баъзи тўсиқлар туфайли фаолиятини якунлади ҳам дейлик, унда чиқиндини ким қайта ишлайди?

Бу ҳозирча зарарли бизнес бўлиб қолмоқда. Улар ҳозир чиқиндини фойда кўриш учун эмас, табиатни асраш учун қайта ишлаётгандек…

Аслида, бу ижтимоий лойиҳа бўлиши керак. Бутун дунёда давлат чиқиндини қайта ишловчиларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайди. Бизда эса…

– Шу кетиш бўлса, яқинда касод бўламиз, – дейди Эшчанбой Шехов. – Очиғи, давлатдан олган кредитни қандай тўлашни ҳам билмаяпмиз. Бошида мутасаддилар бизга туманларни ҳам бириктириб беришга ваъда қилишганди. Аммо бу иш амалга ошмади. Масъулларнинг ваъдасига ишониб, бор пулимизни, мол-мулкимизни тикдик. Энг замонавий техникаларни харид қилдик.

Чиқиндини қайта ишлаб чиқариш бўйича тендерлар ҳам шаффоф ўтаётганига у қадар ишонмайман. Кўп ҳолларда қўлида биронта яроқли техникаси бўлмаган тадбиркорлар ютиб кетяпти.

«Хоразмда тоғ йўқ дейишади, мана сизга чиқиндилар тоғи» дейди тадбиркор

Иккинчи томондан, пулимизни вақтида ололмаётганимиз ҳам йўлимизга ғов бўлмоқда. Кластернинг вазифаси пул ундириш эмас, ахир. Аммо биз шунга мажбур бўляпмиз. Ишни бошлаган вақтим даромад топишни, ишчиларни рағбатлантиришни, мактаб ва боғчалар қуришни ният қилган эдим…

Агар давлат раҳбари томонидан қабул қилинган тегишли қарор юз фоиз бажарилса, муаммо ўз-ўзидан ечим топади.

Назаримда, иккиламчи хомашё морфологиясини тўғрилаш, нолегал фаолият кўрсатаётган чиқинди сараловчилар фаолиятига чек қўйиш керак.

Тўғри, ҳар қандай тадбиркор фойдани кўзлайди. Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг учун ҳуқуқий асослар етарли. Аммо Э. Шехов айтганидек, гап ўша ҳужжатларнинг ижросида, холос. Ҳар ким ўз ваколатидаги вазифани бажарса – олам гулистон. Айниқса, гап табиатни муҳофаза қилиш, уни асраб-авайлаш ҳақида борар экан, масалга бефарқ бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ!

 Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

ISHONCH.UZ