“Ҳар қанча дардинг бўлса, мен кўтардим”, дейди Бобур. Унинг ўғли соғайиб, ўзининг аҳволи оғирлашади ва кўп ўтмай вафот этади

47

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳумоюнни Ҳиндистоннинг Санбал вилоятига ҳоким қилиб жўнатади. Ҳумоюн Санбалда олти ойча туради-ю, об-ҳавоси ёқмайдими, доим иситмалай бошлайди. Ота буйруғи билан Ҳумоюн мирзо пойтахтга келтирилиб, мумтоз табиблар қарамоғида бўлади. Бироқ ҳадеганда тузалавермайди.

Фарзандининг куйиб-ёниб ётишини ҳар куни кўравериб, Бобурнинг тоқати тоқ бўлади. Салтанатнинг улуғ кишиси Мир Абдулқосим Бобурга арз қиладики, бундай дарднинг дармони учун энг яхши нарсаларни садақа қилмоқ керак: токи Аллоҳ таоло сиҳат-саломатлик берсин.

Воқеа давомини “Бобурнома”дан ўқиймиз (матн табдили): “Менинг кўнглимга келдики, Муҳаммад Ҳумоюннинг мендан бошқа яхшироқ нарсаси йўқ. Мен ўзим садақа бўлайин, Худо қабул қилсин. Хожа Ҳалифа ва бошқа яқинлар дедиларки: Муҳаммад Ҳумоюн сиҳат топар, сиз бу сўзни нечун тилингизга келтирасиз? Мақсад: дунё матоидан яхшисини садақа қилмоқдир. Иброҳим билан бўлган урушда қўлга тушган олмосни сиз Муҳаммад Ҳумоюнга ҳадя этган эдингиз. Ўшани садақа қилмоқ керак. Тилимга келдики, дунё моли унинг эвазига ярармиди?!

Мен ўзимни унга фидо қиламан. Чунки унинг аҳволи жуда оғир. Мен ортиқ унинг куйиб-ўртанишларига тоқат қилолмайман. Ўша ҳолатда унинг ҳузурига кириб, уч маротаба бошидан айланиб-ўргилиб, дедимки: “Ҳар қанча дардинг бўлса, мен кўтардим”. Ўша заҳоти мен оғир бўлдим, у енгил бўлди. У сиҳат бўлиб, ўрнидан турди. Мен ноҳуш бўлиб йиқилдим…”.
Бобур эртаси куни тожу тахтни Ҳумоюн мирзога топширади ва кўп ўтмай вафот этади.