Энергетика вазирлиги ҳузурида тизимдаги “ўғриликлар”ни аниқловчи инспекция тузилди

44

Президентнинг 2023 йил 15 февралдаги тегишли қарори билан ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида 2022 йил 21 декабрдаги ПФ–269-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (Ўзэнергоинспекция) фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди.

Унга кўра, Ўзэнергоинспекция юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқариш (қазиб чиқариш), қайта ишлаш, узатиш (ташиш), тақсимлаш ва истеъмол қилиш, уларнинг сифат ва миқдор жиҳатидан сақланишини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Шунингдек, тизим ресурсларини талон-тарож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини аниқлайди ва бартараф этади.

Бундан ташқари мазкур ҳужжат билан Ўзэнергоинспекция томонидан ёқилғи-энергия ресурсларини беҳуда сарфлаш, улардан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш борасида давлат назоратини амалга ошириш билан боғлиқ назорат тадбирларининг ўтказилиши хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳисобланмаслиги белгиланмоқда.

Инспекция ходимларига хизмат гувоҳномалари бўлган тақдирда, сутканинг исталган вақтида истеъмолчиларнинг ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш ҳолатларини ўрганиш ҳуқуқи берилмоқда.

Ўз навбатида Президентнинг ушбу қарори билан Бош прокурорнинг ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган ўринбосари (кейинги ўринларда – Бош прокурор ўринбосари) лавозими жорий этилмоқда.

У Ўзэнергоинспекция зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни бажаришга амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолиятини мувофиқлаштиради.