Амалдаги Меҳнат кодексининг 78-моддасига кўра, иш берувчи томонидан ишга таклиф қилинган шахсларни ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш ҳисобланади. Лекин ишга таклиф қилиш амалиёти амалдаги қонунчилигимизда аниқ механизмлар билан тартибга солинмаган.
Аксарият ҳолларда бизда бундай таклифлар оғзаки бўлади. Масалан, қайсидир раҳбар бошқа компанияда ишлаётган қимматли мутахассисни ўзига таклиф қилар экан, қандайдир ёзма ҳужжат тузиб ўтирмайди. Ўзаро учрашувлар ўтказилади, раҳбар ўз таклифини, мутахассис ўз шартларини айтади. Таклиф мутахассисга маъқул келса, ишидан бўшаб келади ва янги компанияга ишга олиниши мумкин. Лекин баъзида мутахассис нариги ишидан бўшаб келганда, таклиф берган раҳбар бирдан айниб қолиши ва уни ишга олмаслиги ҳам мумкин.
Натижада мутахассис ўта оғир вазиятга тушиб қолади: нариги томондаги иссиқ жойини ташлаб келган, бу томонда эса вада бажарилмади, уни таклиф қилган иккинчи компания раҳбари шунчаки ишга олмади. Ва у кўчада қолди.
Аслида амалдаги МКнинг 78-моддасида ишга таклиф қилинган шахсни ишга олмаслик қонунбузарлик экани аниқ кўрсатиб қўйилган. Бундай ҳолатларда қонунбузар иш берувчи МЖтКнинг 49-моддаси билан маъмурий жаримага тортилиши мумкин. Агар қонунбузар раҳбар шунда ҳам таклиф қилинган ходимни ишга олмаса, суд қарори билан мажбурият юклатилиши мумкин. Лекин бу ерда ҳам бир муаммо бор. Ўша кўчада қолган мутахассис уни ишга таклиф қилишганини исботлаб бериши керак бўлади. Албатта низо чиқадиган бўлса, кейинги иш берувчи ёки унинг юристлари “йўқ бўлмаган гап, сизни ҳеч ким таклиф қилмаган, қандайдир ҳужжат борми, исботиз борми” дейиши турган гап. Меҳнат инспекторларида ҳам, судларда ҳам шу гап бўлади. Юқорида айтганимдек, муаммонинг сабабларидан бири таклифнинг ҳуқуқий асослари етарли эмаслигида.
Ана энди асосий масалага, тўғрироғи, янгиликка етиб келдик. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 101-моддаси билан ишга таклиф қилиш ва таклифноманинг ҳуқуқий асослари келтириб ўтилмоқда.
Диққат қилинг! Мазкур моддага кўра, агарда иш берувчи ишга жойлаштириш тўғрисидаги таклиф билан жисмоний шахсга таклифнома юборган бўлса, иш берувчи таклифноманинг амал қилиш муддати давомида, агар таклифномада муддат шартлашилмаган бўлса, таклифнома юборилган кундан эътиборан 1 ой ичида ушбу шахсни ишга қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.
Таклифномага ҳам тушунтириш берилмоқда: таклифнома деганда иш берувчининг ушбу жисмоний шахс билан меҳнат шартномасини тузиш учун тўғридан-тўғри, аниқ ифодаланган розилик билдириши тушунилади. Таклифнома иш берувчининг тегишли ваколатли мансабдор шахси томонидан ёзма ёки электрон шаклда юборилиши мумкин.
Шундай қилиб, янги Меҳнат кодекси келаётган 30 апрелдан кучга кирар экан, ишга қабул қилиш ҳақидаги таклифга ҳам ҳуқуқий асос берилмоқда, масалага аниқлик киритилмоқда.
Оғзаки таклифларга ишониб ишингиздан воз кечиб янги ишга борсангиз, лекин улар сизни ишга олишмаса, ҳуқуқингизни тиклаш жуда қийин бўлади.
Демак, таклифга ишониб иссиқ жойингиздан воз кечиб, янги ишга боришдан олдин, умуман, бунақа масалаларда бир қарорга келишдан аввал нариги томондан расмий таклиф берилиши энг тўғри вариант эканлигини ҳисобга олинг.
