«Илм қил дейишдан олдин лотин-кирилл муаммосини ҳал қилиб беринглар, илтимос. Илмий ишимни лотинчада ёзувдим. Кириллчада ёз деб қайтаришганди.
Бир амаллаб компьютерда дастурида алмаштириб чиқувдим. Диссертация ёзганлар билади: ҳаволалар, китоб номлари лотинчадан кириллчага ўгирилганда қандай муаммолар пайдо бўлиши ва ҳаволаларни бирма-бир ўзгартириб чиқиш азобини…
Икки ҳафта югуриб, одамларнинг вақтини топиб, керакли ҳужжатларга имзо қўйдириб чиқувдим. Буям кириллчада эди. Аммо лотинча бўлиши керак экан!
Бошимни қай деворга урай?! Энди диссертация ҳам, автореферат ҳам фақат лотинчада қабул қилинаркан. Яна бир бошдан имло ва ҳаволаларни тўғрилаб чиқиш, ҳужжатларни қайтадан лотинчада ёзиб, имзолатиш керак.
Лотин-кирилл муаммосини ўйлаб топаётганда, одамларни кўпроқ банд ва сарсон қиламиз, энг майда нарсалар билан ўралаштириб, жиддий яшаш ва ишлашга қўймаймиз деб қасд қилганмисизлар, мутасаддилар?
Ҳурматли катта авлод вакиллари! Бўлди-да энди, ўрганинглар лотинчада ёзиш ва ўқишни. Битта шу нарса учун яна қанча сарсон бўлишимиз керак?
Жаноб мутасаддилар, қачонгача ҳам айтасиз, ҳам қайтасиз? Бўлди энди, лотин графикасига ўтсак, тезроқ ўта қолайлик!..”
