Бир неча кун муқаддам ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ИИБ 2-сонли ИИБ ЖХХ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика инспектори Ж.Х.нинг бегона аёл билан (видеотасвирда унинг оилали аёл экани айтилади, -таҳр.) учрашиб юргани ва бу маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлгани акс этган видеотасвирлар тарқалган эди.
Жиззах вилояти ИИБ берган маълумотга кўра, мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, унга Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор А.Икрамов бошчилик қилган.
Ўрганиш ишлари давомида капитан Ж.Х.нинг Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси ҳамда Ички ишлар органларида хизмат ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг бир қатор бандларини бузганлиги аниқланиб, ходим ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди.
Шунингдек, Ғаллаорол тумани ИИБнинг 4 нафар раҳбар ходимларига профилактика инспекторининг фаолияти устидан етарли назорат ўрнатмаганликлари учун интизомий чоралар қўлланилди.
Юқоридагилар билан бир қаторда, воқеанинг айрим иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларида ифодаланган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган ва тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани судига юборилди.
