Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун Хитойдан 200 та 18 метрли автобус олиб келинади. Бу борада “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 500 та 12 метрли табиий газда ишлайдиган автобу ҳамда 300 та 12 метрли электробуслар, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари жамоат транспорти учун жами 1000 та табиий газда ишлайдиган автобусларни харид қилинади.
Қолаверса, шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Ташувчилар билан ҳисоб-китоблар эса “босиб ўтилган йўл” ва “сифат” мезонлари асосида амалга оширилади. Йўлкира ҳақини кунлик йиғиш режа-топшириғини белгилаш амалиёти ҳам бекор қилинади.
Шаҳарларда автобус йўналишларининг янги тармоғи жорий этилиши, автоматлаштирилган тўлов тизими ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизматининг босқичма-босқич:
• 2023 йил 1 мартгача – Тошкент шаҳрида;
• 2023 йил 1 августгача – Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида;
• 2024 йил 1 июнгача – Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида йўлга қўйилади.
Йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими эса босқичма-босқич:
• 2023 йил 15 апрелдан – Тошкент шаҳрида;
• 2024 йил 1 январдан – Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида;
• 2024 йил 1 июндан – Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида ишга туширилади.



