Бугун давлат ишхоналарида ҳам, бизнесда ҳам рақамлаштириш ишлари жадал кетмоқда. Шунинг учун ҳам IT сўзи модага кирди. Кимга қараса, рақамлаштириш ёки дастур ёзиш билан овора.
Лекин асосий муаммо рақамлаштириш жараёнини нотўғри англаётганлигимиздадир. Бугунги кунда рақамлаштириш деганда, кўпчилик бор жараёнларнинг дастур орқали ўтишини тушуняпти. Аслида, рақамлаштириш унақа бўлмайди.
Масалан, бир иш жойида 15 та жараён бор. Ўша 15 та жараённи, дейлик, ўттиз ходим бошқаради. Олдин қоғозда, оғзаки ёки шунчаки телеграмдан ўтган ўша ўн бешта жараён энди дастур орқали ўтса, бу — рақамлаштириш эмас. Сиз шунчаки эски жараённи энди компьютер ёки смартфонда бажаряпсиз.
Ҳақиқий рақамлаштириш иш жараёнини осонлаштириши, тезлаштириши, вақт, асаб ва маблағни тежаши, қоғозбозликни камайтириши, мижозга хизмат кўрсатишнинг яхшиланишига олиб келиши керак. Агар рақамлаштириш натижасида 15 та жараёндан 5таси қолса, бу ҳақиқий рақамлаштириш бўлади. Ўнта жараённи ёки ҳеч бўлмаса, ярмини дастурнинг ўзи ҳал қилса ва қолганини ҳам осонлаштирсагина рақамлаштиришдан асл мақсадга эришилган бўлади.
Бўлмаса, рақамлаштириш ручка ёки қаламни клавиатурага алмаштиришдан иборат бўлиб қолади.
