Қишлоққа қайтиш…

80

Юрагимнинг хилватида ҳар кун чарх ураётган соғинч сабаб қишлоққа қайтдим. Онгимда ин қурган муаммолар гарди унинг ҳавосида тозарди. Руҳимга сокинлик ва ҳаловат истагандим, ҳар иккисини-да топдим. Гўзал хотиралар оғушида болалигим излари қолган кўчалардан борар эканман, кулгичида қуёш кулган қизалоқ, дала ишлари билан бирга ўйинларни ҳам қойиллатадиган болалар билан қаршилашдим.

Бу ўша, бир томони уйларга, бир томони кенг далаларга туташ қадрдон сўқмоқ. Ундан сўнг қадам товушлари ҳеч аримайдиган асосий кўча келади. Бу ерда содда, самимий, меҳнаткаш қишлоқ одамларининг ишга, далага, ўқишга шошаётганини кўраман.

Йўл-йўлакай дарвозасиз хонадонларда қайнаётган ҳаётнинг ҳам гувоҳига айланаман.

Бу замин аёллари шунча сабрни қаердан олишган, деб ҳайратланиб ҳам қўяман. Ота юртим манзарасига, инсонларига, оддий ва гўзал ҳаётига мафтун бўлиб, кўраётганларимнинг ҳаммасини юрагимга, фотокамерамга муҳрлаб, лаҳзаларни тутиб олгим келаверади.

Сўнг ҳовлимизга кириб бораман. Бобом қурган, дадам билан тенгдош ҳовлимизда нигоҳлари тўла соғинч билан жилмайиб, бувим қарши оладилар.

Aям эса дарров мен севган таом — кўк сомсага уннайдилар. Бизнинг шевада у бичак дейилади.

Шоҳоналикдан, кибрдан йироқ оиламни, мени ҳамон ўз таровати билан ҳайратлантирадиган қишлоғимни севаман. Ундаги уфққа, менга яқин ва азиз осмонига ошиқман. Ҳар гал сершовқин шаҳарга қайтиш арафасида ўзим билан қучоқ-қучоқ меҳр олиб кетишга интилганча, отамнинг кўзларидаги ишончдан чексиз куч оламан!
Сўнг яна соғинч…

Эъзоза УМУРЗОҚОВА