Жорий йилда муҳтож шахслар замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари билан ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ва I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминланади.
Бу ҳақда жорий йил 27 феврал куни имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида белгилаб қўйилди.
Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминлашда тиббий хулоса талаб қилинмайди.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчилар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланади, мансабдор шахслар қабулига навбатсиз киради.
2023 йил 1 майдан эса шифохоналарда даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилаётган шахсларга:
• боланинг ёнида бўлиш учун шароит яратилади;
• мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва бепул овқат берилади.
Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари болани ногиронлиги бўлган шахс деб топганда уларга пенсия тайинлашда қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш бекор қилинади.
“Юридик ёрдам” ахборот тизимида ногиронлиги бўлган шахсларга бепул ҳуқуқий ёрдам бериш учун алоҳида мурожаат бўлими яратилади.
