Озодалик нархи ёхуд ободонлаштириш ходимларининг ойлик маоши қачон ошади?

3227

Дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири Жек Ма космик станцияга ташрифи чоғида битта фаррошга дуч келиб, ундан ҳол-аҳвол сўраганда, фаррош “Мен коинотга одам учиряпман, халақит берма”, деганини эслайди.  

Бу билан Жек Ма унинг ўзини оддий фаррош деб эмас, балки коинотга одам учираётган жамоанинг муҳим бир вакили деб ҳисоблашини алоҳида  таъкидлайди.

Ҳар сафар кўча-кўйда ишлаётган ободонлаштириш ходимларини кўрсам, ўша фаррошнинг гаплари ёдимга тушаверади. Юртимиз ободлигига ҳисса қўшяпмиз деб хабарларда жар солаётганларни эшитсам, бунинг ортида ана шу биз пайқаб-пайқамайдиган ободонлаштириш ходимларининг беминнат хизмати борлиги, айнан улар мамлакат ободлиги учун жон куйдираётгани хаёлдан ўтади.

Бугун ана шундай шарафли ишни бажараётган ободонлаштириш ходимларини қандай муаммолар ўйлантиряпти? Умуман, уларга яратилган шарт-шароитлар қандай, ойлик маошдан кўнгли тўляптими? Иш ҳақи меҳнатига ярашами, эҳтиёжлари учун етарлими? Аслида, ободликнинг нархи қанча?

Хуллас, Чирчиқ шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари билан иш жараёнида учрашдик. Ёши олтмишдан ўтган, шундай бўлса-да, ўзи анча тетик ва хушчақчақ хола биринчи суҳбатдошимиз бўлди.

– Ишимиз саккиздан тўртгача, – дейди ўзини танитишни истамаган аёл. – Шанба кунлари тушликкача иш бўлади, агар навбатчилик бўлиб қолса, дам олиш куниям ишга чиқамиз.

Ўн тўрт йилдан бери шу ерда ишлайман. Байрам саналари муносабати билан онда-сонда мукофот пули, совға-салом, озиқ-овқат олиб турамиз. Солиқлардан ташқари қўлимга тегандиган ойлик маошим бир миллион етти юз минг сўм атрофида. Ҳозир бу ошгани. Авваллари бундан ҳам кам олар эдим.

Ўғлим ҳам мен билан бирга ишлайди. Нолимайман, ойлигимиз кам бўлса ҳам, қора қозон қайнаб турибди. Одам нафақага чиққач, бир жойда ўтириб қолса, касал бўлиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Шу боис жисмоний меҳнат билан бандман.

Холанинг ёнидаги 39 ёшли акадан ҳам фикр сўрадик.
  • 9 йилдан буён шу соҳадаман. Икки нафар фарзандим бор. Раҳбарият чақирса, дам, байрам, ёмғир, қор, фарқи йўқ, ишга чиқиб кетаверамиз. Лекин қўшимча чиққан кунларимизга пул тўлашмайди. Маошим икки миллион сўмга бормайди. Топганим рўзғорни тебратишга етмагани боис яқинда аёлим ҳам шу ерга ишга кирди.
  • Тўғрисини айтганда, биз учун тузук-қуруқ шароитнинг ўзи йўқ, – дея эллик ёшлар атрофидаги яна бир аёл гапга аралашди. – Масалан, кўчани ўзида тушлик қилишга тўғри келади, қишда совуқ, ёзда иссиқ, ҳудуддан ҳудудга пиёда борамиз. Узоқ жойга борсак, ўз ёнимиздан йўлкира қиламиз. Бир ҳафтада бир навбатчилик бор, аммо унга ҳақ тўлашмайди.

Бизга берилаётган маош рўзғорга етмайди. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай ишлайдиган ободонлаштириш ходимларининг ойлик маошлари ҳеч бўлмаса 3-4 миллон сўм бўлиши керак эмасми? Икки миллион сўм нима дегани? Ҳатто баъзи кунлари кечки 9 гача, тунги 1 гача ҳам ишда қолиб кетамиз. Авваллари ойликлар чўзилиб кетарди. Ҳартугул, ҳозир бу муаммо ечим топди.

Дарҳақиқат, аёлнинг ойлик маош ҳақидаги фикрларига қўшилмасликнинг иложи йўқ. Чунки ҳозирги кунда битта оилани тебратиш учун бир ярим-икки миллион сўм ойлик ҳеч нарса бўлмайди.

Ободонлаштириш ходимлари қанча ойлик олишини уларнинг ўзларидан эшитдик. Энди бу борадаги қонунчилик нормалари билан танишсак.

Айни вақтда ободонлаштириш ходимларига Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 сентябрдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида белгиланган тариф коэффициентлари ҳамда 2009 йил 1 апрелдаги “Ободонлаштириш ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган “Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ ойлик тўлаб келинмоқда.

Шу ўринда тозалик ходимларининг тариф коэффициентларига ойдинлик киритсак. Бунда Тошкент шаҳри туманларидаги бошқармаларга алоҳида, Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли бошқармага алоҳида ва Тошкент шаҳридан ташқаридаги барча (вилоят, туман, шаҳар) бошқармаларга алоҳида тариф коэффициентлари белгиланган.

Демак, ходимлар тариф коэффициентлари бўйича мана шу 3 та ҳудуд (Тошкент шаҳар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳридан ташқари жой)дан қайси бирига тегишлилигига қараб, ойлик олади.

Бу бўйича батафсил маълумот қуйидаги жадвалда келтирилган:

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 1 апрелдаги “Ободонлаштириш ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 91-сон қарори 2-иловаси билан тасдиқланган “Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом”нинг “Қўшимча тўлов ва устамалар” номли 3-боби 9-бандига кўра, бошқарма ходимларига:

— иш вақтидан ташқари ишлаганлик ҳамда дам олиш ва байрам кунлари ишлаганлик учун – соатбай тариф ставкасидан келиб чиқиб, икки баравар миқдорда;

— тунги вақтларда ишлаганлик учун – соатбай тариф ставкасидан келиб чиқиб, 1,5 баравар миқдорда;

— бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлик, хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтирганлик ва ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажарганлик учун – асосий касб (лавозим) бўйича ходим учун белгиланган меҳнат нормасидан ортиқча амалда бажарилган иш учун соатбай тариф ставкаси миқдорида қўшимча тўловлар тўланади.

Соатбай тариф ставкаси миқдори ишчининг тариф ставкасини иш вақти нормал давом этган тақдирда, иш соатлари ўртача ойлик сонига бўлиш йўли билан аниқланади.

Шунингдек, 3 та тоифали ҳудудга кирувчи бошқарма хизматчиларининг барчасига ойлик тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 15 фоизи миқдорида устама белгиланади; ободонлаштириш бошқармалари ҳамда махсус эксплуатация-монтаж бўлимлари (бўлинмалари) ходимларига овқатланиш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида компенсация тўланади.

Қолаверса, ободонлаштириш ходимининг иш стажидан келиб чиқиб, ҳар чорак (квартал)да тўланадиган мукофот пули ҳам мавжуд. Буни мана бу жадвалда ҳам кўриш мумкин:

Соҳа меҳнаткашларининг маошлари юқорида кўрсатилган параметрлар бўйича ҳисобланганда, ҳақиқатан ҳам, ходимлар айтганидек, бир ярим-икки миллион  сўм атрофида иш ҳақи чиқар экан.

Вақти келса, ўзимиз оддий сув идиш ёки бирон бир қоғозни чиқинди идишга ташлашга ҳам эриниб, дуч келган жойга улоқтириб кетамиз. Аммо бу соҳада меҳнат қилаётган ака-опаларимизнинг маоши камлиги, уларга яратилган шароитлар айрим каттаконларга берилган имтиёзлар олдида қилча эмаслиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Икки миллионга ҳам етмайдиган маошга сабру-қаноат қилиб, таъбир жоиз бўлса, шу ишни ҳам йўқотишдан қўрқиб юрган соҳа вакилларига қуруқ раҳматнинг ўзи камлик қилади, назаримизда.

Хўш, уларнинг ҳам турмуши фаравон бўлиши учун маошнинг чўғи ҳақида ўйлаб кўриш фурсати етмадимикин? Олганига қаноат қилиб, мамлакат ободлиги, экологик муҳитига беминнат ҳисса қўшиб келаётган шу инсонларнинг ойлик маоши паст?

Хуллас, уларга шундай иш ҳақи ва шароит яратиб берайликки, топган пуллари эҳтиёжидан ортсин. Улар ҳам кино, театр, музейларга боришга имкон топа олсинлар. Зиёлилар тили билан айтганда, маънавий ҳордиқ чиқарсин. Ана шунда улар ҳам ўз ишидан чандон рози бўлиб меҳнат қилади ва ҳаммамиз хоҳлаётган озодалик, саришталик янада муккаммал бўлади.

Соҳа мутасаддиларидан мазкур масалани жиддий таҳлил қилишни, меҳнаткашларнинг иш ҳақини бугунги ҳақоний нарх-навони, истеъмол саватчасини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқишини сўраб қоламиз.

Азиз МАТЁҚУБОВ