Қирғизистон Ўзбекистонга гўшт ва сут маҳсулотларини экспорт қилмоқчи.
Economist.kg нашрининг мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Нурдин Алишеровга таяниб маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати билан бу борадаги «йўл харита» аллақачон имзолаган. Айни пайтда Қирғизистон Республикасидан сут ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилиш учун чегараларни очиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
– Ҳозир Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фермерларни зотли чорва молларини кўпайтиришга йўналтирмоқда. Кунига беш литр сут берадиган тўртта сигир боқишдан кўра, қирқ литр сут берадиган битта зотли сигир боқилгани маъқул, – дейди вазирлик мутасаддиси.
Алишеров сўзининг якунида чорвачилик йўналиши Қирғизистон учун айниқса истиқболли эканини, доимий ўсиш суръатлари кузатилаётганини таъкидлаган. Ўз навбатида Ўзбекистон ҳам Қирғизистон учун янги ва 36 миллион аҳолиси бўлган муҳим бозор ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон томони Ўзбекистондан гўшт маҳсулотлари ва чорва молларини олиб киришга қўйилган 2022 йил 14 сентябрдаги вақтинчалик чекловларни бекор қилгани ҳақида хабар берилган эди.
