Атрофимизда тенгдошларига ўрнак бўлиб, муваффақиятга эришаётган ўқувчи ёшлар анчагина. Наманганлик Ҳикматулла Худойбердиев ҳам ана шундай умидли ёшлардан. Тенгдошимиз ҳозиргача АҚШнинг 21 та, Швейцариянинг 1 та ҳамда Тошкентдаги “British management” каби халқаро университетларга талабаликка қабул қилинди. Муваффақиятлари сири ҳамда келгусидаги мақсадлари хусусида билиш учун Ҳикматулла билан боғландик.
– Наманган шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчисиман, — дейди Ҳикматулла Худойбердиев. – Ютуқларимда ота-онам ва ўқитувчиларимнинг ҳиссаси катта. Чунки улар ўқишим учун барча шарт-шароитни яратиб беришган. Бунинг учун улардан доимо миннатдорман. 5-синфдан буён математика устозим Абдумалик Қўзиев билан тинимсиз шуғулланамиз. Туман ва вилоят олимпиадаларига қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритганман. Инглиз тилига ҳам қизиқаман. Орзуим – “University of Minnesota Twin Cities” университетига грант асосида ўқишга кириш. Асосий мақсадим эса халқаро тажрибага эга бўлиб, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш. Эзгу мақсадларим эса йўлчи маёғимдир.
Мадина ПЎЛАТ қизи
“Ишонч” ёзиб олди
