Зилзилалар Туркия иқтисодиётига қанча зарар етказгани айтилди

63

БМТ Тараққиёт дастурининг Туркиядаги расмий вакили Луиза Винтон сешанба, 7 март куни бўлиб ўтган брифингда феврал ойида содир бўлган зилзилаларнинг Туркия иқтисодиётига етказган зарари 100 миллиард доллардан ошиши мумкинлигини айтди.

“Ҳозирги кунга қадар ҳукумат ва халқаро ҳамкорлар томонидан қилинган ҳисоб-китобларга кўра, зилзилалар келтирган зарар миқдори 100 миллиард доллардан ошади”, – дейди Винтон.

Винтон Туркиянинг энг кўп жабр кўрган Ҳатай вилоятидаги вазиятни оғир баҳолаб, юз минглаб уйлар вайрон бўлганини айтади.

“Эҳтиёжлар ўсиб кетди, аммо ресурслар кам”, – дея қўшимча қилди халқаро расмий.

Эслатиб ўтамиз, 27 феврал куни Жаҳон банки ҳам мазкур табиат ҳодисасининг мамлакат иқтисодиётига зарарини ҳисоблаб чиққан ва бу миқдорни 34,2 миллиард доллар деб баҳолаган эди. Ўз навбатида, бу миқдор давом этаётган зилзилалар туфайли ошиши мумкинлиги ҳам истисно қилинмаган.