Жорий йилнинг 30 январь куни Россия томонидан Украинада бўлаётган куролли тўқнашувга юборилган ва у ерда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаросининг жасади ватанга олиб келинди. Марҳум Россияда меҳнат муҳожири сифатида ишлаган.
Аниқланишича, эркак Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани турғуни 43 ёшли Х.Фахриддин бўлиб, кўп йиллардан буёни Россияда меҳна мухожири бўлиб ишлаб келган.
Марҳумнинг онаси берган маълумотларга кўра, у 2008 йилда уйланган, бир қизи бўлган. Қизи бир ёшга тўлганида уни бувиси қарамоғига ташлаб, рафиқаси билан бирга Россияга ишлашга кетган.
Кейинроқ Фахриддиннинг буйраги хасталиги туфайли улар Ўзбекистонга қайтишган. 2019 йилда у яна Москвага кетган. Онасининг сўзларига кўра, вақти-вақти билан уйни таъмирлаш учун пул жўнатиб турган.
2021 йилнинг декабрь ойида бошқа давлатдан келган ишчилар билан можаро туфайли у беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У қамоқда яқинларига қўнғироқ қилиб турган, лекин ўтган йилнинг охирида алоқа узилган. Январь ойида яқинларига Фахриддин вафот этгани ҳақида хабар беришган.
Марҳумнинг синглиси эса акасининг Украинага кетиши ҳақида хабар берганини айтади. У бир-икки ой шартнома асосида ишлашини айтиб, бу ҳақда онасига билдирмасликни сўраган. Март ойида у Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган.
У Украинага ўз ихтиёри билан юборилганми ёки босим остидами, яқинлари буни билмайди.
Фахриддиннинг танишлари айтишича, у ишлаётган жойга снаряд келиб тушган. Укасининг айтишича, жасад қаттиқ шикастланган, уни таниб бўлмаган. У акасини фақат бошининг орқа қисмидаги чандиқдан таниб олган.
Маълумот учун, чет эл давлатлари ҳарбий хизматига ёлланиш қонунан тақиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра жавобгарликка тортишга асос бўлади.
