Эртага Сенатнинг 38-ялпи мажлиси бўлиб ўтади

63

Сенатнинг ўттиз саккизинчи ялпи мажлиси 2023 йил 14 март куни соат 15:00 да Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 март куни Конституциявий суди томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023-йил 10-мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги 3017-ИВ-сон қарори бўйича уни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида қарор қабул қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади.

Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ва Конституциявий суднинг 2023-йил 13-мартдаги қарорларини инобатга олиб, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақидаги масала Олий Мажлис Сенатида ҳам кўриб чиқилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2023 йил 14 март куни бўлиб ўтадиган ўттиз саккизинчи ялпи мажлисида ушбу масала муҳокама қилинади.

Ялпи мажлисда сенаторлар, Ҳукумат аъзолари, давлат органлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.