“ЗАКОВАТ”: Биз албатта ютишимиз керак!

52

Яқинлашиб келаётган 21-март “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан республиканинг турли ҳудудларида байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан  ҳам ёшларни илмга чорловчи тадбир ўтказилди: «Заковат» интелектуал ўйини ёш ишчи-ходимлар учун уч босқичда ташкил этилди ҳамда  вилоятларда республика босқичи учун қаттиқ кураш кечди. 17 март куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида республика босқичи бўлиб ўтди. 

“Заковат” интелектуал ўйинида тармоқ тизимидаги бошланғич корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ёш ходимлардан иборат ҳаваскорлар қатнашди.

Республика босқичида вилоятларда ғолиб бўлган “Uz Auto Motors”,  “Metallurglar”, “Energy”, “Sam Auto”, “Yosh rezba kesuvchilar”, “Xorazm avto” “Uzsungwoo”, “Turin bilimdonlari” hamda “Yosh bilimdonlar” жамоалари   иштирок этишди.

“Заковат”  интеллектуал ўйинида бир қанча фахрий меҳмонлар ҳам қатнашди.

Абдурасул АБДУЛЛАЕВ, «Заковат» интеллектуал  клуби Президенти,   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи:

— “Заковат”нинг тарихи 2001 йилга бориб тақалади. Ўша йиллардан бошлаб “Заковат”нинг илк қалдирғочлари  ўйинда яхши натижага эришишган эди. Йигирма йиллик танаффусдан сўнг, 2021 йил 12 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан яна кенг миқёсда бошланган «Заковат» ўйинлари сабаб аъзоларимиз сони 2 миллионга яқинлашди. Мана шундай ташвиқот ва тарғибот ишлари ўша йиллари бўлганида, ҳозир жудаям кўп билимли лидерлар етишиб чиққан бўлар эди. Ҳечдан кўра кеч. Бугун ҳар бир ташкилотдан билимли  ёшлар ўз жамоаларини тузиб, яхши ўйинлар кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари кенгашининг илмли  кадрларга ўйинлар учун имкониятлар яратаётгани қувонарли ҳол. Бугунги ўйин учун энг сара  саволларни тайёрлаб келганман. Ўйин адолатли бўлишини таъминлаш учун, гувоҳи бўлганингиздек, саволларни компьютерда ёзмадим. Фақат ўзим тушунадиган шаклда, қўлда ёзиб келдим. Республикамизнинг турли  ҳудудлариден келган ёшларнинг билимини синаш арафасида турибмиз. Ўйлайманки, ўйин жудаям қизиқ кечади.

Аҳмаджон ҲАҚҚУЛОВ, Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари  касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган саноат ходими:

—  Авваламбор, “Заковат”ни тиклаб берган Юртбошимизга миннатдорчилик билдираман. Биз ҳам ўтган йили тажриба сифатида Андижон вилоятида илк бора “Заковат” ўтказгандик. У яхши натижа берди. Бу йил уч ой давомида республика бўйлаб ўтказдик. Бизнинг асосий мақсадимиз ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, илмини янада оширишдан иборат. Август ойида “Спартакиада” мусобақамиз бўлиб ўтади. Унга ҳам ҳозирдан қизиқиш катта. Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари Европа тармоқларига ҳам аъзо. Қўшни давлатлар билан ҳамкорликда “Заковат”ни дунё миқёсига олиб чиқмоқчимиз.

Бир сўз билан айтганда, «Заковат» ўйини жуда қизиқ кечди. “Металлургия” ва “Хоразм авто” жамоалари дуранг натижа кўрсатишгани учун икки мартадан қўшимча саволга жавоб беришди. Ўйиннинг биринчи қисмида энг юқори натижада “Металлургия” жамоаси олдинда эди. Якунда эса  омад “Хоразм авто” жамоасига кулиб боқди.  Кетма-кет берилган саволларга фақат тўғри жавоб берган жамоа ғолиблик шоҳсупасига  кўтарилди.

Тан олиш керак, саволлар яхши тайёрланган экан. Ҳатто тадбирда иштирок этган ОАВ ходимлари ва касаба уюшмаларининг бошқа ходимлари ҳам жавоб қандай экан, деб катта иштиёқ билан кузатишди. Икки соат давом этган тадбир бир зумда ўтиб кетди.

Беллашувда 1-ўринни қўлга киритган “Хоразм авто” жамоаси вакилларининг хурсандчилиги чексиз эди.

— Касаба уюшмалари ҳамда раҳбариятимиз яратиб берган имкониятлардан мамнунмиз. Жамоамиз билан ўз устимизда тинимсиз ишладик, ўқиб-ўргандик. Рақибимиз жуда кучли эди. Ўйиннинг бошида саволларга жавоб беришда  қийналдик. Тушкунликка тушмадик ва юқори кайфият билан ўйнашда давом этдик. Рақиб жамоамиз билан дуранг натижа кўрсатганимизда, жудаям ҳаяжон босди. Уни сўз билан ифодалаб бера олмайман. — деди гуруҳ аъзоси Бунёдбек Самандаров.

Мусобақанинг республика босқичи ғолиблари Республика Кенгаши томонидан эсдалик совғалар ва дипломлар билан тақдирландилар.

Феруза РАҲИМОВА тайёрлади.