Қорақалпоғистонда темирйўлчилар қураётган кўприк қулаб тушди

62

Амударё тумани ҳудудининг шимолий қисмидан ўтувчи А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнев” автомобил йўлининг 717-718-км оралиғида қурилаётган кўприк қулаб тушди.

Туман ҳокимлиги берган маълумотга кўра, кўприк қурилиши лойиҳасига буюртмачи этиб “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Бош лойиҳачи этиб “Боштранслойиҳа” АЖ, Бош пудратчи этиб эса “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг таркибий бўлинмалари белгиланган.

Мазкур кўприк Амударё тумани ҳудудидан Хоразм вилояти ҳудудига темир йўл транспорти тармоғини йўлга қўйиш мақсадида осма кўприк тарзида ўтказилган бўлиб, унга 14-сонли Кўприк қурилиш отряди томонидан вақтинчалик таянч балкалар ўрнатилган бўлган.

2023 йил 23 март куни эрталаб ушбу кўприкнинг вақтинчалик таянч иккита балкаси номаълум сабабларга кўра қулаб тушган.

Ҳокимлик муносабатига кўра, мазкур балкалар вақтинча ўтнатилган бўлиб, кўприк қурилишида вақтинчалик вазифа бажарувчи, ёрдамчи восита ҳисобланади.
Ҳозирда ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳридан тегишли мутахассислар ва лаборатория ходимлари чақирилган.

Ушбу нохуш ҳолатдан ҳеч ким жабр кўрмаган.