Ёлғизгина онамнинг ягона ўғли эдим. Синглим Моҳичеҳра билан онамга хўп азоб берганмиз. Иккаламиз ҳам болалигимизда жудаям тантиқ, эркатой эдик. Онагинам муаллима эди. Бизнинг эркаликларимизни кўтарарди. Бувим онамни камбағалликда айблаб камситавериб, дадам билан ажраштириб юборди. Кейин дадамни бойвачча хонадоннинг қизига уйлантиришди. Бизга эса кичкинагина ҳовли сотиб олиб беришди. Онам қийналиб қолсаларда ҳеч қачон бувимнинг ёки дадамнинг олдиларига бормади.
Биз улғайдик. Онаизорим мени ўқитишни жудаям хоҳларди. Шунинг учун ўзи мен билан бараварига елиб-югуриб, мактабни тугатгач, ҳужжатларимни тайёрлаб, Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирига киритди.
Талаба бўлган куним эса қувонганидан қўрамиздаги қўйлардан бирини сўйдириб, синфдошларимга зиёфат қилиб берди.
Шундай қилиб, мен институтда ўқидим.
Тугатгач, пойтахтдаги корхоналарнинг бирига ишга жойлашдим. Онажоним мени уйлантириш ҳаракатига тушиб қолди. Мени эса тошкентлик курсдошимни севиб қолгандим. Бу ҳақда онажонимга айтиб, аммамни олиб, курсдошимникига совчиликка олиб бордим. Раҳиманинг уйидагилари унчалик рўйхушлик бермабди. Сабаби, отасиз вояга етганим эканлигини пеш қилишибди. Учинчи маротаба борганларида, хайрият, «нон синдириб» қайтишди.
Кўп ўтмай тўйимиз мўъжазгина «Нурафшон» кафесида бўлиб ўтди. Тўйга онам дадамни ҳам айттирган экан. Аммо нимагадир келмади. Бир томондан хурсанд ҳам бўлдим, бир томондан эса хафа. Ҳеч бўлмаганда менинг хурсандчилик кунимга шерик бўлишларини жудаям хоҳлагандим. Бир томондан эса қудалар «Ия, ташлаб кетган дадаси шуми?» деб, ҳар хил майда гаплар кўпайишини истамагандим.
Тўйдан сўнг бир ой онамникида яшадик. Кейин қайнотамнинг ёрдами билан шаҳардан уй олиб, кўчиб келдик. Онам қишлоқда синглим билан қолди. Ўзим иш билан овора бўлиб, онамдан тез-тез хабар ололмадим.
Кейин фарзандли бўлдик. Онажоним бешик ясатиб, олиб келди. Бешикнинг ёпинчиқларини ўз қўллари билан тикибди. Унга ҳавас билан тикилиб ўтиргандим, хотиним бир туртди. Унга қарасам, лабини буриб норози бўлганини билдирди. Ҳайрон бўлдим. Ташқарига чиқдик.
— Қурумсоқ онангизнинг бешигига қаранг! Бозорда шундай чиройли ёпинчиқлар турганда бало бормиди қўлда тикиб? Бировга кўрсатишга ҳам уяласан. Эртагаёқ бозордан ўзим чиройлисини олиб келаман.
— Хўп, хўп. Ҳозир овозингни чиқармай тур. Онам эшитмасин, бўлмаса хафа бўлади, — дея хотинимнинг чакагини ўчирдим.
Онажоним бизни дуо қила-қила кетди. Турмуш ўртоғим айтганини қилиб, эртаси куниёқ оппоқ, чиройли бешик ёпинчиғини кўтариб келди. Онам тикканларини бир четга улоқтирди. Менинг кўнглим оғриди. Бориб авайлабгина ёпинчиқни олдим-да, беркитиб қўйдим. Чунки унга онамнинг қўллари текканди-да.
Бирин-кетин яна ўғиллик бўлдим. Бундан ёлғизгина онам жудаям хурсанд бўлди. Мен улардан хабар олиш ўрнига онаизорим тез-тез келиб турарди. Бундан нимагадир хотинимнинг жаҳли чиқарди. Мен йўғимда нимадир деган шекилли, онагинам келмай қўйди. Мен эса уларнинг келишига ўрганиб қолибман. Эшик тиқ этса «онаммикин?», дея югуриб бориб, эшикни очаман. Кейин ҳафсалам пир бўлади. Аммо ўзим бир бориб кўрай деб ўйламабман ҳам.
Ишхонамда катта ўзгаришлар рўй берди. Мен бошлиқ бўлдим. Бу хабарни эшитган онамнинг хурсанд бўлганини кўриш мен учун катта бахт эди. Ўша куниёқ машинада учдим. Онаизорим бағрида бир зумгина бола бўлгим келди. Ўша кундан кейин ташвишларим, пулим ҳам кўпайди. Онам ўзи келади-ку, дея улардан хабар олишни унутиб қўйибман. Ўғилларим учун қасрмонанд уйлар қурдирдим. Суннат тўйларига той ясаттириб келдим. Казо-казоларга зиёфатлар бердим. Аммо онажонимни бир бор йўқлашга вақт тополмадим. Бу орада синглимни ҳам узатдик. Ўша пайтгина уйга боролдим, холос. Онамни олиб қайтай десам, сираям унамади. Ноилож ўзимиз қайтдик.
Кўп ўтмай ўғилларимни уйлантирдим. Ўшандагина онам билан яна дийдорлашдик. Онам энди анчагина қариб қолибди.
Сочларига ҳам оқ тушган. Ёнларига ўтирволиб, соғлиғини сўрадим. Асаблари чарчаган шундоққина сезилиб турибди. Мен ноинсоф ҳеч бўлмаса кўнгли учун бирорта сиҳатгоҳга жойлаштирайми, деб сўрамабман ҳам. «Яхши бўлиб кетасиз. Калорияли овқатлардан кўпроқ еб туринг!» дея ўзимча донолик қилибман.
Бир куни қўшнилар ишхонага қўнғироқ қоқиб, онам вафот этганини маълум қилишди. Учиб бордим. Озиб-тўзиб кетган онам шифохонага тушганини ҳам менга хабар қилмабди. Бир ҳовучгина бўлиб ётарди. Дод солиб, онамни қучиб йиғладим.
Ёлғизгина меҳрибонимдан айрилиб қолгачгина, унинг қадрини билдим. Аммо бу кўзлар кеч очилди. Энди онаизорим юрган йўллардан изларини ҳам тополмайман. Гоҳида сиқилиб кетганимда онамни кўргим, тиззаларига бошимни қўйгим, бутун дунёнинг ғам-ташвишларини унутгим келади. Аммо волидам йўқ.
Яқинда Чорсу бозорига тушгандим. Кассета сотаётган йигитларнинг атрофида бир гуруҳ одамлар йиғилиб олган. Хонанда эса дард билан қўшиқ куйлаяпти. Эшитиб қотиб қолдим. Чунки у менинг дардимни айтаётгандек эди:
Ҳашаматли уйлар қурдим болам учун,
Дабдабали тўйлар қилдим болам учун,
Оёқ ости қўйлар суйдим кимлар учун
Мен нотавон нима қилдим онам учун
Ёлғизгина бир меҳрибон онам учун…
Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист
