Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида бир оиланинг 4 нафар аъзоси газ портлашидан ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабарлар тарқалди.
Вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, 2023 йил 17 март куни соат 05:00 да Каттақўрғон тумани, “Мадраса” маҳалласида яшаган А.Р. уйидаги табиий газга мўлжалланган иситиш печини эҳтиётсизлик қилиб нотўғри ўт олдирган ва нитижада қисқа муддатли чақнаш кузатилган. Оқибатда А.Р, унинг турмуш ўртоғи К.Ф, набиралари И.А. ҳамда О.А.лар 50 — 60 фоиз куйиш жароҳатлари билан даволаниш учун туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.
2023 йил 26 март куни К.Ф. Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасида, вояга етмаган И.А. ва О.А. лар РШТЁИМ Самарқанд филиалида вафот этган.
2023 йил 27 март куни А.Р. Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.
“Эзгулик” жамияти раиси, журналист Абдураҳмон Ташанов мазкур воқеага ўз муносабатини билдириб, марҳумлардан бирининг тун ярмида газнинг ўчиб қолганини билмай чироқни ёққани ва портлаб кетганини айтади.
“Ўлим қайдномаларига энди шунчаки, бахтсиз ҳодиса деб ёзишса керак”, – дейди Ташанов.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
