Ҳаётимизни интернет ёки ижтимоий тармоқларсиз тасаввур этиб бўлмай қолди. Аксарият одамларнинг фаолияти интернет, ижтимоий тармоқлар ва телеграм каналлари орқали дунёда содир бўлаётган кундалик янгиликлардан хабардор бўлиш, уларни бир-бирига узатиш билан боғлиқ. Яна бир жиҳатни тан олиш керакки, кўпгина муаммолар айнан шу “овунчоқ олам” орқали ўз ечимини топмоқда. Бугун фейсбукдаги «Халқ назорати», «Халқ фикри», «Маслаҳат», «Потребитель», «Водители Ташкента» гуруҳлари орқали халқнинг муаммолари ўз ечимини топаётгани ҳам сир эмас.
Биз жамият муаммоларидан хабардор, теран фикрловчи инсонлар ижтимоий тармоқлардан қанчалик фойдаланиши билан қизиқдик ва уларга қуйидаги саволлар билан юзландик.
- Бир кунда ижтимоий тармоқдан неча соат фойдаланасиз, асосан қандай контент кўрасиз? Ижтимоий тармоқларни тарк этгингиз келган пайтлар бўладими?
- Кун аввалида ижтимоий тармоқлардан қайси бирига биринчи бўлиб кирасиз ва нима учун?
Маъсума Обиджонова,
(PhD), Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети матбуот котиби:
— Мен матбуот котиби ва айни вақтда ёш тадқиқотчиман. Ишим, қизиқишим соҳамдан келиб чиқиб, кун давомида, баъзан тунлари ҳам тармоқда бўламан. Янгиликларни ижтимоий тармоқларга жойлаш, изоҳларга жавоб бериш, жамоатчилик фикрини ўрганиш – менинг вазифам. Шунинг учун 24/7 режимида онлайнман.
Шахсий саҳифаларимдан кўра, ишхонамнинг расмий саҳифаларида фаолроқман. Эрталаб уйғонишим билан Телеграм мессенжерини текшираман. Иш юзасидан келган шахсий хабарларни ўқийман. Асосан хабарлар бериладиган саҳифаларни кўриб чиқаман. Шу пайтгача ижтимоий тармоқларни ўчириш ёки бутунлай тарк этиш ҳақида ўйламаганман. Тан олиш керак, тармоқлар бугун ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб бўлди.
Барногул Санақулова,
Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор:
— Интернетим 24/ 7 / 365 ёниқ (кулади). Ижтимоий тармоқдаги барча саҳифам доим ёниқ туради, шунинг учун фойдаланиш вақтимни аниқ айта олмайман. Лекин қизиқсам, ҳар бир тармоқдаги фаол ҳолатимни аниқлаб олиб, назорат қилишим мумкин, бу борада муаммо йўқ. Иқтисодий, сиёсий контентни биринчи ўринда кўриб чиқаман, кейин ижтимоий тармоқларда менга шахсан келган мурожаатларни ўқийман. Ижтимоий тармоқларда фаол бўлишимнинг ўзига хос сабаби ва мақсади бор. Интернет яхши ишламаган жойларда бўлиб қолсам, жудаям кўпчилик хавотир олиб ёзади. Ҳатто яқинроқ танишларим уйимгача келиб, хабар олишганидан билдимки, ўз ҳолимча ижтимоий тармоқларни тарк этиб кета олмас эканман. Қайсидир маънода аудиториянгиз сизга ўрганиб қолса, сиздан турли хил постлар кутса ва сиз билан виртуал мулоқот қилиш уларга ишонч, мотивация беришини ёзса, бунинг ўзига хос масъулияти борлигини тушундим.
Дастлаб твиттерга кираман. Сабаби, бу платформада деярли барча халқаро иқтисодий, сиёсий майдондаги фаол инсонларнинг шахсий ва расмий саҳифалари бор. Улар ўз мулоҳазаларини қисқа ва жуда оператив ёзиб боришади.
Ахборот-таҳлилий натижалар ва статистик маълумотларга кўра, Фейсбук дунёдаги ижтимоий тармоқлар орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаган. Фейсбук тармоғида рўйхатдан ўтганлар сони бир неча миллиард кишидан ортгани маълум қилинган. Ундан кейинги ўринларни эса Twitter, Instagram, LinkedIn, Google+, Pinterest, Snapchat, YouTube, Reddit, WhatsApp, Flickr, Weibo эгаллаб келмоқда. Мақоламизнинг яна бир қаҳрамони журналист Барно Султонова фейсбукнинг фаол фойдаланувчиларидан. У мақолаларидаги қаҳрамонларни ҳам айнан Фейсбук тармоғидан топишини маълум қилди.

Барно СУЛТОНОВА, журналист:
— Ҳозир ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди, айниқса, журналистлар ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланади. Сабаби ижтимоий тармоқлар журналистлар учун минбар, яъни платформа ҳисобланади. Мен Фейсбук, Ютуб ва телеграмдан фойдаланаман. Қаҳрамонлар топиш учун асосан Фейсбукдан фойдаланаман. Аёллар учун бир неча гуруҳлар бор. Ҳар хил воқеалар, тавсиялар мен учун муҳим. Агар бирор мавзуда мақола ёзишни истасам, ўша гуруҳларга пост қўяман ва қаҳрамон топаман, изоҳлардан интервью ўрнида фойдаланаман. Ундан ташқари, ҳаётимиздаги ижтимоий, сиёсий жараёнлар айнан Фейсбук тармоғида қизғин муҳокама бўлади. Журналист ва оддий фуқаро сифатида бу мен учун муҳим ва қизиқ. Менимча, ижтимоий тармоқларга жами бир соат вақт ажратсам керак. Агар бирор пост қўйсам, икки соат. Муттасил қадалиб ўтирмайман. Бирров кириб, лентани шундоқ ўтказиб, қайтиб чиқиб кетаман. Бир кунда 5-6 марта 5-10 дақиқадан кириб айланиб чиқаман. Эрталаб, кечқурун, шанба, якшанба кунлари деярли ҳеч қайси ижтимоий тармоққа кирмайман. Ўзимга қатъий қоида қилиб олганман.
Ютубга асосан гуллар, пишириқлар тавсиялари учун кираман. Агата Кристининг криминал контенти мен учун энг севимли канал. Икки ҳафтада бир видео қўйиб боради.
Кун аввалида фақат Телеграмга ишхонадан топшириқлар, турли тадбирларга таклифларни ўтказиб юбормаслик учун кираман. Мен фаолият юритадиган xabar.uz да кейинги соатларда бўлган янгиликларга кўз югуртираман.
Авваллари ижтимоий тармоқлардан кетиш фикри бўлган. Кейинчалик фойдали контентлардан фойдаланиш борасида тажрибам ошди. Шунинг учун менга ижтимоий тармоқлар ҳалал бермайди. Қолаверса, ижтимоий тармоқлар орқали хорижда яшаётган ҳамюртларимизнинг ҳаёти ва шу билан бирга хориж ҳаёти ҳақида кузатиш ва таққослаш имкони бор мен учун.
Ситора Тожиддинова,
ЎзФА Адабиёт музейи докторанти:
— Мен ҳам ижтимоий тармоқларни кузатиб бораман. Қолаверса, ишимда ҳам қулай ёрдамчи ҳисобланади. Асосан Телеграмдан фойдаланаман. Бир кунда қанча вақтимни ижтимоий тармоқларда ўтказишимни аниқ айтолмайман. Вазиятга ёки бўш вақтимга қараб кираман. Алоқа воситаси сифатида Телеграмга кун бўйи турли вақтларда киришим мумкин. Аммо дам олиш кунлари телефоним болаларим қўлида бўлади ёки ўзим ҳам билмайман унинг қаердалигини. Дам олиш кунлари вақтим тўлиғича оиламники. Умуман олганда, мен ўзимни ижтимоий тармоқлар ёки интернетсиз ҳаётини тасаввур қилолмайдиганлар тоифасига киритмайман. Иш, ўқиш ва танишлар, яқинлар билан муносабатларда қулай восита бўлгани учунгина Телеграмдан фойдаланаман. Баъзан Фейсбукка ҳам кириб тураман. Бугунги кун адабий-ижтимоий муҳитини кузатиш учун бу тармоқ ҳам яхши хизмат қилмоқда.
Мен керакли пайтда ижтимоий тармоқларга кираман, аммо эрталаб турибоқ телефонга қўлини узатадиганлардан эмасман. Ҳамма эрталабки юмушларни бажариб бўлгач, боя айтганимдек, Телеграмга кираман. «Менга кимдир хабар юборибдими?» ёки «Мен юборган хабарлар жавоби қандай бўлибди?» каби саволларимга жавоб топиш мақсадида бўламан.

Шарофиддин Тўлаганов, журналист:
— Мен бир кунда бўш вақтимда тахминан 3 соат ижтимоий тармоқдан фойдаланаман. Эрталаб бир соат, тушликда ярим соат ҳамда кечқурун бир соат. Тўғри, баъзида уйқу қочганида кўпроқ ўтириб қолган вақтларим ҳам бўлган. Гоҳида ижтимоий тармоқни тарк этгим келади. Чунки Фейсбук жуда майдалашиб кетган. Жиддий мавзуда нимадир ёзсангиз, 30-40 киши лайк босади, изоҳлар 10 тага ҳам етмайди. Сурат қўйсангиз ё бачкана пост қўйсангиз, лайк босувчилар ва изоҳ ёзувчилар кўпайиб қолади. Кўтарилаётган мавзулар ўта маиший.
Ижтимоий тармоқдан кўра хорижий ахборот агентликлари сайтларига кириб, бирор нарса олган яхшироқ. Бизнинг ижтимоий тармоқларда ақл «ўткирлашиш» ўрнига «ўтмаслашади».
Кун бошида ҳар куни Телеграмдаги «Қариндошлар», «Синфдошлар» гуруҳига кираман. Нимадир янгилик бўлса керак, деб ўйлайман. Кейин ФБга бирров «мўралаб қўяман». Туғилган кунини нишонлаётган дўстларни табриклаш «хобби»га айланган.
Телеграмдаги ҳамкасблар гуруҳлари зерикарли. Уларнинг баҳсларига қўшилгим келмайди. Битта пост ёзаман, айримлар каби ёзганларимни оқлашга уринмайман. Аслида, битта фикр айтиш керак. Қолганларнинг фикрига жавоб беравериш бу маданиятсизлик деб ўйлайман. Масалан, дейлик, гурухингизда 200 киши бўлса, улар сизга қарши гап ёзса, уларга қарши бориш ақлга сиғмайди. Ўша битта ёзган фикр сизнинг позициянгиз бўлади.
Ижтимоий тармоқлар нега ўзига боғлаб олади?
Ижтимоий тармоқларнинг функционал имкониятлари жудаям кенг. Инсонлар бўш вақтини қизиқарли ва ранг-баранг ўтказиш учун ҳам смартфонларга тобора боғланиб қолмоқда. Интернетда ҳар куни миллионлаб қўйилаётган расм ва видеоконтент, янгиликлар инсонларни ўзига ипсиз боғламоқда.
Яна бир жиҳат, ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш реал ҳаётдан анча осон — кўпчилик уйдирма тахаллус билан ҳам рўйхатдан ўтиш имконига эга. Мулоқотнинг чегарасизлиги боис ижтимоий тармоқларда кўнгилсиз ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Мисол учун, «ўзи йўқнинг кўзи йўқ» қабилида иш тутиб, бошқаларни камситиш, маънавий зарар етказишга ҳаракат қиладиганлар талайгина. Ҳатто интернет орқали таҳдид қиладиганлар ҳам учраб туради.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш атайлаб бировнинг обрўси, шаънига путур етказиш мақсадида қўпол муомалада бўлаётгани, энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Тўғри, интернет — чегарасиз ҳудуд, аммо бунда шахснинг чегарасини бузиб ўтишингизга йўл қўйилмайди.
Инсонлар ижтимоий тармоқларга қарам эканини қандай аниқлаш мумкин? Бу борада мутахассисларнинг фикрларига қулоқ тутамиз:
- агар сизда ижтимоий тармоқдаги саҳифангизга кириш, сўнгги янгиликларни кўришга бўлган истак кучли бўлса;
- оила аъзоларингиз ва дўстларингиз, раҳбар ва ҳамкасблардан ижтимоий тармоқларда кўп вақт ўтказишингиз борасида бот-бот шикоятлар эшитсангиз;
- интернет орқали кераксиз харидларни амалга оширсангиз;
- бир кунда ижтимоий тармоққа қанча вақт ажратишингизни олдиндан режалаштира олмасангиз;
- агар мобил қурилмада интернет тугаса ёки Wi-fi мавжуд бўлмаган ҳудудда бўлганингизда, асабийлаша бошласангиз;
- интернетдан кўп фойдаланиш оқибатида ўқишда, оилада, ишда муаммоларга дуч кела бошласангиз, билингки, сизда ижтимоий тармоқларга қарамлик бор.
Феруза РАҲИМОВА
“Ishonch.uz”
