Кеча, 3 апрель куни Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини модернизация қилиш масаласи кўрилди. Қайд этилишича, бугунги кунда мавжуд 15 мингта иситиш тизимлари таъмирталаб ва шу боис уларда иссиқлик энергиясининг 35 фоизи йўқотиляпти. Иссиқлик ҳарорати эса меъёрдан 2 баравар паст.
Йиғилишда иситиш тизимини хусусий шериклик асосида янгилаш ва бошқариш бўйича Бўстон тумани тажрибаси эндиликда бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Унга кўра, иситиш тизими тадбиркорларга 10 йилга бошқарувга берилади ва уларнинг хизматлари давлат томонидан сотиб олинади. Тармоқлар модернизацияси учун зарур маблағнинг ярми бюджетдан, ярми хусусий шерик ҳисобидан ажратилади. Иситиш қозонларини ишлаб чиқаришга керакли бутловчи қисмлар икки йил муддатга божхона божидан озод қилинади.
Президент бу таклифларни маъқуллаб, ташкилий ва молиявий масалалар бўйича кўрсатмалар берди. Мутасаддиларга ҳам бу борада тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилишда кўмир таъминоти масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистонда охирги йилларда кўмир қазиб чиқариш 3 миллион тоннадан 5,4 миллион тоннага ошган. Бу йил эса салкам 6 миллион тонна қазиб олиш режалаштирилган. Лекин кўмирга талаб бундан анча кўп.
Президент истиқболли конларни ўзлаштиришга хусусий секторни ва янги технологияларни жалб қилиш, кўмирнинг сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
