Овруполик сигирнинг табаррук сути минг дардга даво эмиш(ми)?..

69

“Колострум” нима? Оддий қилиб айтганда, оғиз сути. Бу ноёб доривор маҳсулот фақатгина Германия, Австралия ва Швециядан келтирилган сигирлардан олиниб, LUX SUNRISE PHARMA компанияси томонидан тақдим этилмоқда. Табиий тоза, нархи ҳам Самарқандда (ҳар жойда ҳар хил) 10 мг 51 минг сўм!

Ёрлиғидан айнан кўчирма: “…Бола туғилганидан сўнг 1-2 соат давомида ўз онасидан оғиз сути қабул қилиши лозим. Лекин қайсидир сабабларга кўра (онанинг сурункали касалликлари ёки боланинг нимжонлиги ёхуд муддатидан илгари туғилгани сабабли) бунинг имкони бўлмаса, бу ҳолатда сигир “колострум”и энг яхши миқдордир. Сигир “колострум”и универсал ҳисобланиши ва биологик жиҳатидан барча сут етказувчиларга тўғри келиши, иммун омилларнинг сони аёллар “колострум”ига нисбатан анча (40 маротаба) кўплиги исботланган…”

Бисмиллосидан она сутидан афзал экан-да, деб ўйламанг. Ундан тилини сўриб ётадиган катталар ҳам фойдаланса бўларкан. Аслида, “Колострум” чақалоқларга мўлжаллангандек туюлса-да, бундай эмас. Йўриқномада уч ёшгача бўлган болаларга кунига 0,25-05 млдан 1-3 маҳал, 12 ёшдан катталарга эса 1-3 млдан 10-30 кун мобайнида ичиш тавсия этилади. Ҳар ким заруратга қараб 2-3 ойгача ичса бўларкан. Хуллас, “Колострум” танангиздаги ҳар бир дардга малҳам бўла олармиш.

Биргина “Колострум” юзасидан мамлакатимиздаги нуфузли илмий текшириш институтлари томонидан 270 дан ортиқ илмий иш амалга оширилган экану, бундан жайдари сигирларимиз бехабар қолган экан. Сақланиш муддати ҳам қисқа – атиги 6 ой. Шунгача ачиган сутни сотасиз ёки отасиз.

– Негадир бу воситани аксар шифокорларимиз тавсия қилишмайди, рецепсиз сотилса-да, одамлар сўрамайди. – дейди Самарқанд шаҳридаги дорихона сотувчиси З.А. – Фирмалар ҳар бир аптекага 5-10 донадан тақсимлайди. Уни амалиётида қўллайдиган “ўз” шифокорлари бор. Биз ҳам ҳар ой 8-10 дона атрофида ўша шифокорлар тавсияси билан сўраб келган одамларга сотамиз.

Хўш шифокорлар бу ҳақда қандай фикрда?
– “Колострум” оддий халқ тилида оғиз сути дейилади. Аслини олганда, биологик фаол модда, – дейди тиббиёт ходими Шаҳло Ҳусанова. – Инсон иммунитетини кўтаришга кўмаклашади. Чет давлатларда, хусусан Германияда таблетка шаклида ишлаб чиқарилади. Суюқ ҳолдагиси тез айнийди. Баъзи шифокорларнинг рецептлари таркибига кириб қолаётганига мен ҳам ҳайронман.

Шаҳардаги бир қатор дорихоналар мутасаддиларидан ҳам шу тахлитдаги жавобни олдик. Ҳайронмиз. Ё олдимиздан оқаётган сувнинг қадрини билмаймиз ёки коса тагида ним коса бор. Балки салкам 300 та илмий ишни амалга оширганлар (тавсияда шундай битилган) “Колострум” ҳақида халқимизга етарлича тушунча берар? Бу ҳар тугул “Ойнаи жаҳон”да тарғиб қилинаётган кимёвий воситалардан минг чандон афзалга ўхшайди. Ёки “ми”си борми?

Нурилла ШАМСИЕВ
“Ishonch.uz”