Алоҳида бино, камера, қўриқчилар: Данияда эрнинг тазйиқига учраган аёллар қандай ҳимоя қилинади?

52

 Айни мамлакатда яшаётган ватандошимиз Маърифат Акбар ҳикоя қилади:

 Данияда аёллар учун ҳуқуқий-ижтимоий ҳимоя, эркинлик, илм олишга имконият ва иқтисодий қўллаб-қувватлов жуда яхши. Данияда қонунлар ишлагани учун, аёлга қилинган жиноят пора ва таниш-билишчилик билан ёпилиши ёки енгиллаштирилиши мумкин эмас. Жазо қатъий.

Ёлғиз, касалманд ва моддий қийналган оналар ҳамда болалар давлат ҳимоясида. Шунингдек, фондлар ва жамоат ташкилотлари айнан шундай аёлларни қўллаб-қувватлаш учун бепул фаолият кўрсатади. Мазкур давлатда эркаклар қаторида аёллар учун ҳам инновацион лойиҳангиз ёки жамиятга фойдали ғояларингиз бўлса, уларни амалга ошириш учун имкониятлар, бепул шароитлар, молиявий рағбат бор. Шунингдек, охирги йилларда миллати ва динидан қатъи назар, ирқчиликка қарши тенг ҳуқуқлилик, жумладан, рўмолли аёлларга ҳам ижобий муносабат шаклланмоқда. Илгари ишхоналарда рўмолли аёлларнинг ишлашига рухсат берилмаган бўлса, охирги йилларда жамият бу тақиқларни олиб ташлади. Паспортда ҳам рўмол билан расмга тушишга қонунан рухсат берилди.

Шунчаки эркин яшаш учун оиладан ажрашиш – оддий ҳол

 Аммо баъзида мамлакатдаги бундай имконият ва имтиёзлардан ўринли фойдаланмайдиган, аксинча, оиласига жиддий қарамасдан, худбинларча унинг пароканда бўлишига сабаб бўлаётган, фарзандларини тирик етим қилаётганлар ҳам учрайди. Масалан, йиллар ўтиб оиласи билан яшаётган аёл бошқа бировни ёқтириб қолганини айтиб, ёки шунчаки эркин яшашни истагани боис ҳам ажрашиши мумкин. Айримлар эса озгина иқтисодий қийинчиликка чидамайди. Мен Ўзбекистонда оилага жуда муқаддас деб қаралгани боис, бу каби ҳолатларни ёқламайман. Аммо Данияда бу ҳайратланарли эмас. Шунинг учун ҳам ажрашишлар сони кўпроқ.

Яна бир ачинарли жиҳати шуки, кўпгина қария аёллар ва оналар ғамхўрлик уйида ёлғиз ва меҳрга зор бўлиб ўтишмоқда. Бу Дания жамиятида ижтимоий муаммога айланган. Шунинг учун ёши улуғларга ёлғизлик, зерикиш ва стрессни енгиллатиш учун турли ижтимоий лойиҳалар қилинмоқда. Маблағлар ажратилмоқда. Яъни биздагидек онага эҳтиром кўрсатиш, ёши улғайганида ёки касалманд бўлганида хизматини қилиш, қадрлаш каби маънавий қадриятлар йўқ ҳисоби.
Жиноятчининг жазодан қочиб қутулиши имконсиз

Аёллар кўчада ёки уйда зўравонликка учраса, албатта, давлат ҳимоя қилади ва жиноятчининг жазодан қочиб қутулиши имконсиз. Ҳолат бўйича аёлларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи махсус ташкилотлар, мутахассислар, жумладан психолог, ҳуқуқшунос ва ижтимоий ишлар бўйича маслаҳатчи бириктирилади. Вазиятга қараб, зўравонлик руҳий, жисмоний ёки ижтимоий бўлиши мумкин. Барча ҳолатлар ўрганилади. Бунинг учун  аёл тегишли ташкилотга мурожаат қилиши лозим.

Масалан, уйда эри томонидан босимга учраган ёки калтакланган аёл болалари билан «Кризис маркази»га жойлаштирилади. У ерда уларга озиқ-овқат, яшаш хонаси ажратилади ва хавфли ҳисобланган эридан ҳимоялаш учун бино, камера, қўриқчилар ажратилади. Аёлга маслаҳатчи бириктирилади. 112–фавқулодда ёрдам кўрсатиш маркази рақами. Шуниндек, аёллар ишонч рақамларига қўнғироқ қилиб, ўз муаммолари ҳақида телефонда аноним суҳбат ва маслаҳат олишлари ҳам мумкин.

Бола пулининг ярми онаси, ярми отасига

Дания статистика бўйича дунёдаги ижтимоий ёрдам энг юқори даражада йўлга қўйилган давлатлардан. Қонунда ҳар бир болали оилага туғилганидан 18 ёшга етгунига қадар ҳар кварталда бола пули берилади. Бу имкониятдан барча фуқаролар ва қонуний истиқомат қилишига рухсат берилганлар фойдаланади. Аввал бола пули автоматик равишда онанинг ҳисоб рақамига тўланарди. Ҳозирда унинг тенг ярми онага яна тенг ярми отага берилади. Фарзандлар  ва ўсмирлар  учун нафақа миқдори ота-онанинг даромадига боғлиқ.

Агар оиланинг йиллик солиқ базаси 852 600 ДКК (2023) дан ортиқ бўлса, камроқ ҳақ тўланади. Она туғруқдан олдин охирги 4 ойда ишлаган соатлари ва маоши миқдорига қараб оналик нафақа пули(декрет) олиш ва иш ўрни сақланган ҳолда таътилга чиқиш ҳуқуқига эга. Туғиш кунидан 4 ҳафта олдин ҳомиладорлик таътилига чиқиб нафақа пулини олиши мумкин ва туғруқдан кейин оналик нафақаси ва таътилини режалаштиради.

Туғруқ таътилидан кейинги навбат ота-оналик таътилига

 Дания қонунчилигида эр-хотин ўзаро бўлишиб олинадиган таътил тури ҳам бор. Бу ота-оналик таътили бўлиб, туғруқ таътилининг мантиқий давоми ҳисобланади. Уни эри-хотин келишиб олиши мумкин. Ота сифатида сиз иш таътилингиз тугагач, ота-она таътилини бошлашингиз мумкин. Она сифатида эса 14 ҳафталик туғруқ таътилингиз якунлангач, ота-она таътилини бошлашингиз мумкин. Фуқаролар  тўлови сақланган ҳолда 32 ҳафталик ота-оналик таътили олиш ҳуқуқига эга. Оилалар бу таътилни ўзларига мос ва қулай тарзда режалаштиришлари мумкин.  Бунда эр-хотин таътилни навбатма-навбат ёки бир муддат биргаликда олиш имкониятига ҳам эга.

Ижара уйларда ўтаётган умр

Ёлғиз оналарга давлат тарафидан ва фондлар томонидан алоҳида қўшимча ёрдам пули, имтиёзлар, тўловларда чегирмалар ҳамда бепул имкониятлар бор. Ажрашиш арафасида ота ва она ўзаро келишув қилиши ёки «Оила уйи»га мурожаат қилиб маслаҳат олиши мумкин. У ерда юридик тарафдан қонунларга кўра иккаласига вазифалари, мажбуриятлари тушунтирилади. Агар бола ота ва она билан яшаса, яъни 1 ҳафта отаникида, 1 ҳафта онаникида бўлса, ота алимент пули тўламайди. Чунки боқиш масъулияти бир хилда бўлинади. Алимент пули отанинг ойлик маошига қараб белгиланади. Агар ажрашгандан кейин болага ота алимент пули тўламаса, бир неча ой давомида бу маблағни коммуна (бизда маҳалла тизимига ўхшаган ташкилот) тўлаб беради. Кейин эса отани қарздор қилиб шу маблағни тўлатади. Лекин уй-жой билан таъминлаб бериш мажбурияти йўқ. Давлат турар жой учун моддий-ижтимоий ёрдам кўрсатади.

Бу ерда одамлар асосан ижарадаги уйларда шартнома асосида қонуний тарзда яшайдилар ёки банк кредити асосида сотиб оладилар. Эр-хотин бирга  яшаганида сотиб олинган уйи бўлса, оила ажрашганда уни сотиб, тенг бўлишиши мумкин. Акс ҳолда, онанинг ойлик маоши бўлса, ижара пулини ўзи тўлайди. Камроқ маошли бўлса давлат чегирма қилиб беради ва бир қисмини ўзи тўлайди. Ишлашга яроқсиз, касалманд бўлса, нафақа берилади. Ўқишда ўқиса, стипендия ва қўшимча ёрдам пуллари, хуллас, шароитига қараб имтиёзлардан фойдаланади.

Дейлик, ёлғиз она иш қидиряпти. Бу вазиятда ишга жойлашгунча уй ва коммунал тўловлари, бирламчи эҳтиёжига етадиган ёрдам пули берилади. Давлат ҳеч бир болани эътибордан четда қолдирмайди. Масалан, ҳар бир бола мактабдан сўнг турли машғулотларга қатнашишга ҳақли. Ёлғиз оналар ва кўп болали кам таъминланган оилалар болаларига коммуна томонидан тўгарак ва спорт уюшмаларига тўлов ўтказиб бериш орқали улар ҳам тўгаракларга жалб қилинади.

Зебо НАМОЗОВА ёзиб олди