Диний манбаларимизда ҳайит кунларига доир одоб ва аҳкомлар батафсил баён қилинган. Биз ҳозир фақат Рамазон ҳайитига тегишли одоб ва аҳкомлар ҳақида сўз юритамиз.
Рамазон ҳайити кунига эсон-омон етиб келган ҳар бир мусулмон киши қуйидаги амалларни бажаради:
1. Ийд кечасини ибодат билан ўтказиш.Ийдга ўтар кечанинг ҳам ўзига яраша фазилати бор. Уни бутунлай ёки бир қисмини, хусусан кечасининг учинчи қисмини Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан бедор ўтказиш кўплаб яхшиликларга, улкан савобларга сабаб бўлади.
2. Ҳайит намози учун ғусл қилиш. Ислом поклик дини. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Поклик иймоннинг ярмидир», деганлар. Хусусан, мана шундай ибодатлар олдидан, кўпчилик жамоат тўпланадиган жойларга боришдан олдин ғусл қилиш динимизда алоҳида таъкидланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни ғусл қилар эканлар.
3. Тишларни мисвок ёки тиш пасталари ёрдамида тозалаб олиш. Тишни тоза тутишга Ислом диничалик эътибор берган бирорта дин ёки таълимот йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлишидан қўрқмаганимда, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлар эдим», деганлар.
Шу боис, ҳар намоз олдидан мисвок қилиш суннат амал ҳисобланади. Ҳайит намози учун эса, бу нарса янада таъкидлироқдир.
4. Ийд учун ясаниш. Мусулмон киши ҳайитга энг яхши кийимларини кийиши, иложи бўлса, янги кийим сотиб олиши мустаҳаб. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ байрам қилиб берган кунни нишонлаш, уни қадрлаш рамзи ҳисобланади. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар».
«Ҳибара» – Яманнинг машҳур кийими.
Ўша даврда Яманда саноат ривожланган эди. Яман кийимлари энг яхши кийимлар ҳисобланарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жума ва икки ийд кунлари хутбага чиққанларида Ямандан келтирилган ҳибара деган чиройли тўнларини кийиб олардилар. Шунга биноан, ийдга энг яхши кийимларни кийиш мусулмонлар ичида кенг тарқалган. Саҳобаи киромлар ҳам ушбу суннатга доимо амал қилганлар. Халқимиз қадимдан ушбу суннатни гўзал тарзда амалга ошириб келган. Ҳайит арафаларида кийим-кечак бозорларимизда савдо-сотиқ қизғин авжига чиқиши ҳам шундан. Бу ишда Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш бор.
Аммо шуни ҳам унутмаслик лозимки, аёлларнинг зийнатланишлари шариат доирасида ва маҳрамлар даврасида бўлиши керак.
5. Ҳушбўйлик суртиш. Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан. Жамоатчилик жойга киришда хушбўйлик суртиб олиш юксак одоб намуларидан бири бўлиб, кўплаб ноқулайликларнинг олдини олади.
Юқорида ўтган одобларга эркагу аёл баробар амал қилиши лозим.
6. Намозга чиқишдан олдин бирор егулик тановул қилиб олиш. Рамазон ҳайитида, Қурбон ҳайитига акс ўлароқ, намозга чиқишдан олдин бирор нарса еб олиш ҳам Рамазон ҳайитининг одобларидан саналади. Бунда Фитр куни рўза тутишдан бўлган қайтариққа урғу бериш ва Рамазон рўзаси якун топганлигига эътиборни қаратиш бор. Ўша егулик қуруқ ёки ҳўл мева бўлгани яхши.
7. Фитр садақасини бериш. Фитр садақаси рўзага боғлиқ садақалардан бўлиб, ҳар бир жон учун икки кило буғдой қийматида берилади. Унинг миллий пул бирлигимизда қанчага тўғри келиши ҳар йили масжидларда эълон қилинади. Фитр садақасини бериш закотга қодир кишиларга вожиб, бошқаларга ихтиёрий ҳисобланади. У фақир, мискинларга берилади. Уни Рамазон ичида бериш ҳам жоиз, аммо афзали ҳайит намозга чиқишдан олдин беришдир.
8. Такбир айтиш. Такбир айтиш деганда, «Аллоҳу акбар», дейиш тушунилади.
Такбир Рамазон ойининг охирги куни қуёш ботгандан бошлаб, то ҳайит намози вақтига қадар айтилади.
9. Ҳайит намозига чиқиш. Ийд намози ҳар бир балоғатга етган, соғ-саломат мўмин-мусулмон эр кишига вожибдир. У, ҳайит кунги энг асосий, муҳим амал ҳисобланади. Ҳайит кунининг асосий фазилати ҳам Ийд намозини ўқиш билан рўёбга чиқади. Ийди Фитр намозининг вожиблигига Қуръон ва Суннатда далиллар мавжуд.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида Рамазон ҳақидаги ояти каримани қуйидаги жумлалар билан якунлаган:
«Саноғни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсаларингиз». (185-оят).
Ушбу оятдаги «Аллоҳни улуғлашингиз учун» иборасида ҳайит намозини ўқиш назарда тутилган, дейди уламоларимиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозини тарк қилмаганлар ва ҳатто узрли аёлларни ҳам, намоз ўқимасалар-да, намозгоҳга ҳозир бўлишга, аммо намозга қатнашмай бир четда туришга амр қилганлар. У зотдан кейин рошид халифалар, саҳобаи киромлар ва салафи солиҳларнинг барчаси Ийд намозига алоҳида аҳамият берганлар. Ислом уммати бугунга қадар Ҳайит намозларини қолдирмай адо этиб келмоқда.
Ийд намозининг вақти кун чиққандан тақрибан 15-20 дақиқа ўтгандан бошлаб, то аср вақтигачадир. Унинг қазоси йўқ, омма жамоат билан ўқиш шарт. Ийд уч кун давом этади.
Ийд намози икки ракъатдир. Унга азон ва иқома айтилмайди. Ҳанафий мазҳабига кўра, ҳар икки ракъатида қўшимча учтадан такбир айтилади ва ҳар такбир айтилганда, такбири таҳримадаги каби, қўллар қулоқ баробарига олиб келинади. Бу такбирлар биринчи ракъатда санодан кейин, иккинчи ракъатда замми сурадан сўнг, рукуъга кетишдан олдин айтилади.
Ийд намозининг биринчи ракъатига «Аълаа» сурасини, иккинчи ракъатга «Ғошия» сурасини замми сура қилиш мустаҳаб саналади.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайитда ва жумъада «Саббиҳисма Роббикал аълаа» ва «Ҳал атаака ҳадиисул Ғошийа»ни ўқир эдилар».
Муслим ривоят қилган.
Ийд намози ўқилгандан сўнг имом минбарга чиқиб хутба қилади. Ийд хутбасига ўтирган кишилар уни жим туриб тинглашлари вожиб.
Ҳайит намозига тўпланган жамоатга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади, Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечиради, дуоларини қабул қилади.
Ийд намозини ўқишда, умуман, Ийд кунини байрам қилишда оддий урф-одат ёки қандайдир кўникма маъносида эмас, балки, Аллоҳдан савоб умидида, ваъда қилинган яхшиликларни қасд қилган ҳолда, иймону ихлос билан бўлишимиз, ана шу руҳда иш тутишимиз даркор. Ана шунда кўзлаган мақсадга ета оламиз.
10. Ийд намозига эртароқ, пиёда, виқор билан, такбир айтган ҳолда бориш. Намозга қанча эрта бориб, қанча кўп интизор бўлинса, савоби шунча кўп бўлади. Агар йўл узоқ бўлмаса, имкони бор киши пиёда боргани яхши.
Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:
«Ийдга пиёда чиқиш суннатдир», деганлар.
11. Ҳайит намозга бир йўл билан бориб, бошқасидан қайтиш. Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳисобланади.
12. Хонадон аҳлига кенгчилик, серобчиликка шароит яратиш. Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Бунда ҳадяларни қўни-қўшни ва бошқа мусулмонларга ҳам берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
13. Қариндош-уруғ, қўни-қўшниларни зиёрат қилиш, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга хурсандчилик улашиш. Ҳайит муносабати билан устоз ва олим кишиларни зиёрат қилиш ҳам жуда катта савобли ишлардан ҳисобланади. Шунингдек, бемор кўриш, йўқсил, қамбағаллар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.
Ҳайит кунлари сила раҳм қилиш, қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.
Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазийлатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги кудуратни кўтарилишига сабаб бўлади.
14. Болажонларга ҳайитлик бериш, уларга ушбу байрамнинг шукуҳини кўрсата билиш. Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадрятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
15. Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш. Ҳайит муносабати билан табриклаш жамиятда ака-укачилик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлайди, мусулмонларнинг бир-бирларига бўлган муҳаббатларини зиёда қилади, ўзаро алоқаларини мустаҳкамлайди. Хусусан, берилган ва мактуб орқали келган табрикларга жавоб қайтаришни унутмаслик лозим. Саҳобаи киромлар ҳайит куни бир-бирлари билан учрашганларида «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам яхши амалларимизни қабул айласин», деб қўйишар экан. Бундан ташқари, «Ҳайитингиз муборак», «Ҳайитингиз қутлуғ бўлсин» каби иборалар ҳам табриклашнинг бир кўринишидир.
Табрик ва тилакларни изҳор қилишда замонавий имкониятлардан фойдаланилиш ҳам мумкин. Масалан, телефон қилиш ёки телефонда мактуб жўнатиш, электрон почта орқали ёзишмалар қилиш каби.
16. Ҳайит куни одоб доирасида, ҳаром ва манъ қилинган нарсаларни аралаштирмаган ҳолда айрим кўнгилхуши маъносидаги ўйин-кулгилар ҳам қилиш мумкин. Аждодларимиз бундан минг йиллар муқаддам ҳайит кунини «байрам» деб ҳам аташган экан. Бу сўзнинг асли «базрам» бўлиб, «ўйин-кулги қилинадиган, шодиёна кун» деган маънони англатар экан. Улар ҳайит кунлари ўйин-кулги қилиб, шодлик, хурсандчилик изҳор қилиш жоизлигига далолат қилувчи шаръий маълумотлардан келиб чиқиб, ҳайит кунларини «байрам» деб аташган бўлса, ажаб эмас.
Ҳайит кунига доир одоблар тўла-тўкис бўлиши учун, ушбу кунда қилиш дуруст бўлмаган айрим нарсалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш даркор. Ийд куни қуйидаги ишлардан сақланиш лозим:
1. Рўза тутиш. Ҳайит куни байрам бўлгани, ҳамма мусулмонлар турли услуб ва амаллар билан бу кунни нишонлаши эътиборидан, бу кунда рўза тутишдан қйтарилган.
2. Ийд намозидан олдин ёки кейин нафл ўқиш. Одатда Ийд намози кун ёйилиши билан ўқилгани боис, аслида ундан олдин намоз ўқиш ўзи шундоқ ҳам макруҳлиги ҳаммага маълум. Аммо Ийд намози агар кейинроқ ўқилган тақдирда ҳам ундан олдин намоз ўқиб бўлмайди. Шунингдек, Ийд намозидан сўнг ҳам намоз ўқилмайди.
3. Гуноҳ содир қилиш. Ҳайит куни қилинган яхши амалларнинг савоби кўп бўлгани каби, бу кунда қилинган гуноҳларнинг иқоби ҳам қаттиқ бўлади. Шу боис, ҳайит экан деб, бўлар-бўлмас ишларни қилиб, шундай улуғ кунда гуноҳга ўтиб кетмаслик керак. Фисқ-фужурга, ахлоқсизликка ундайдиган, шаҳвоний ҳирсни қўзғайдиаган қўшиқ ва ўйин-кулгилардан эҳтиёт бўлиш лозим. Зеро, Исломда «байрам куни нима қилса бўлаверади» деган фасафа йўқ. Балки ҳар қандай шароитда ҳам эзгулик, яхшилик, Аллоҳ таолога итоат руҳида бўлиш таъкидланган.
4. Ҳайит кунлари аёлларнинг қабристонларга бориши яхши эмас. Динимизда айнан ҳайит куни қабристонга бориш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Хусусан, айрим жойларда эркаклар Ийд намозидан қайтадиган вақтда аёлларнинг қабристонга қатнаши натижасида жуд ҳам кўп ноқулайликлар келиб чиқаётганига гувоҳ бўлганмиз.
5. Ҳайит кунларини азага айлантириб олиш. Икки ийд кунлари мўмин-мусулмонларнинг энг улуғ байрамлари ҳисобланади. Диний манбаъларимизда бу кунларни хурсандчилик, шодлик руҳида, байрам кайфиятида ўтказилиши кераклиги таъкидланган. Аммо ҳайит кунлари фотиҳахонлик қилиш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Бугунги кунда бу одат мусийбат аҳилларига ҳам кўплаб қийнчиликлар туғдираётгани ҳеч кимга сир эмас. Баъзан бу нарса азадорларнинг ярасини янгилаш, машаққатлари устига яна машаққат туғдириш бўлаётганининг ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун ҳам уламоларимиз уч кундан кейин таъзия билдириш узоқдаги кишилар учун, бошқаларнинг мазкур муддатдан кейин таъзия билдириши мусийбатни янгилаш бўлади, бу эса мусийбат аҳлига оғир келади, кўзланган мақсадга зид иш бўлади, деб айтганлар.
Тўғри, мусибатга учраган айрим кўнгил яқин кишиларни ҳайит муносабати билан йўқлаш мумкин. Аммо бу ҳам аза тутиш кайфиятида қилинмайди. Эҳтимол, ана шундай кўнгиловлаш шаклида йўлга қўйилган иш кейинчалик фотиҳахонликка айланиб кетгандир. Шу боис, ҳайит кунларини азага айлантириб олиш тўғри бўлмайди.
Ушбу кўрсатмалардан ҳам маълум бўладики, мусулмонларнинг байрам нишонлаши ўзига хос тарзда бўлади. Аввало улар ушбу кунларга етказганининг шукронаси маъносида Аллоҳ таолога бандалик изҳор қилишади – жамоат бўлиб, ҳамалари бир бўлиб намоз ўқишади, Аллоҳ таолога илтижолар қилишади, берган неъматлари учун У Зотга ҳаду шукрлар айтишади. Кейин бир-бирларини ҳайит билан қутлаб, зиёратлар қилишади. Бева-бечоралар, беморлар ҳолидан хабар олишади, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан ўзаро борди-келдилар қилишади. Ўйин-кулгиларини ҳам ахлоқ-одоб доирасида, Аллоҳ таолога осий бўлмаган ҳолда олиб боришади. Ана шундоқ қилиб, ҳайит кунларини фақат яхшилик билан, эзгу амаллар билан ўтказишади. Шунинг учун, уларнинг байрамларида турли тартибсизликлар, ҳар хил нохушликлар юз бермайди, балки ҳолатлари янада гўзаллашади. Зотан, мўмин банданинг ҳайити – Аллоҳга боғлиқлиги гўзал бўлган кунидир.
Динмизда ҳайит кунларини нишонлашга доир керакли таълимотлар батафсил баён қилинган. Биз уларнинг асосийлари билан бир қатор танишиб чиққан ҳам бўлдик. Мўмин-мусулмонлар ушбу кўрсатмаларга риоя қилишлари лозим. Уларнинг ҳайит кунларини қаршилашда бошқа халқларнинг байрам нишонлашдаги урф-одатларига тақлид қилишга ҳожатлари йўқ, бундай қилишлари дуруст ҳам эмас. Акс ҳолда, ахлоқ-одобга, шариъат кўрсатмаларига, Ислом ақийдаларига зид бўлган ҳолатлар юзага келиши мумкин.
Рамазон ҳайити байрамини мазкур одобларга риоя қилган ҳолда ўтказсак, ушбу улуғ кунни муносиб нишонлаган бўламиз, кўплаб яхшиликларга, ажру савобларга эга бўламиз, халқимиз орасида эзгулик, меҳр-оқибат бардавом бўлишига ҳисса қўшган бўламиз, энг муҳими, ушбу кунларни бизга байрам қилиб берган Роббимизнинг розилигига мушарраф бўламиз. Сиз билан биз мусулмонларнинг бахтимиз шундаки, ушбу икки ҳайит кунларини байрам қилиб нишонлаш билан Аллоҳ таолога итоат қилган бўламиз, У Зотга ибодат қилган бўламиз, дунёу охират яхшилигига машарраф бўламиз. Мана шу ҳақийқатни утутмаслигимиз лозим.
Ҳаммалирингизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид



