Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон маъмуриятининг дезинформацияга қарши кураш маркази сиёсатчининг юрак хуружи ва аҳволи ёмонлашгани ҳақидаги ОАВ хабарларини рад этди. Бу ҳақда марказнинг Twitter’даги саҳифасида эълон қилинган хабарда айтилади.
“Ижтимоий тармоқларда Президент Эрдўғоннинг юрак хуружига учрагани ва шифохонага ётқизилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди”, – дейилади расмий баёнотда.
Шунингдек, сиёсатчининг бугун, 27 апрель куни бўлиб ўтадиган “Аккую” атом электр станциясига ёқилғини биринчи юклаш маросимида онлайн тарзда иштирок этиши таъкидланган.
Ўз навбатида Туркия вице-президенти Фуат Ўқтай мамлакат президентининг соғлиғи яхши эканини, у фақат енгил шамоллаганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 25 апрель куни Эрдўғон турк телеканалларига интервью берган ва унда тўсатдан ўзини ёмон ҳис қилган эди. Бу воқеа бутун дунё оммавий ахборот воситаларининг диққатини тортди.
Журналист мамлакат вазирлар маҳкамасидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида савол бера бошлаганидан сўнг Туркия президенти билан кўрсатув тўхтатилди. Узоқ танаффусдан сўнг жонли эфирга қайтган Эрдўғон томошабинлардан кечирим сўради ва эфирда уларга соғлик тилади. Эрдўғоннинг сўзларига кўра, у интервьюни бекор қилиш ҳақида ўйлаган, аммо буни қилмасликка қарор қилган.



