Диққат, эҳтиёт бўлинг! Нефть-газ акциялари сотуви ҳақидаги чўпчаклар ортида нима бор?

83

Халқимиз ишонувчан ва содда. Айниқса, «Йирик компаниядан сиз учун ажойиб имконият, энди ойликни кутиб ўтиришингизга ҳожат йўқ. «Ўзбекнефтгаз» акцияларини сотиб олинг ва даромадингизни оширинг» деган эълонларга ҳар қандай одам ҳам ишониб қолиши мумкин.

Шу кунларда Фейсбук ижтимоий тармоғида тез-тез ана шундай реклама эълонларига дуч келяпмиз. Унда «Ўзбекнефтгаз» АЖ акцияларини сотиб олиш ва сотиш орқали бир ойда 1,5 миллион сўм пул сарфлаб 7 миллион, 5 миллион сарфлаб 30 миллион, 10 миллион сарфлаб эса 60 миллион сўм даромад олиш мумкинлиги ҳақида маълумотлар қолдирилган. Аввалига «наҳотки, бир ойда бир ярим миллион сўмлик акциялардан 7 миллион даромад олинса» дея ажабландим. Айниқса, «Ўзбекнефтгаз»дек йирик компания бренди остида берилган эълонлар менда ишонч уйғотгандек бўлди. Кейинроқ агар ростан ҳам одамлар шу компания акцияларини сотиб олиб, қўшимча даромад топаётган бўлса, бошқалар учун ҳам фойдали бўлар, деган мақсадда мақола тайёрламоқчи бўлдим. Шу боис «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг матбуот хизмати ходимлари билан боғландим. Аммо улар бу эълонларнинг барчаси ёлғон ҳамда бу фирибгарларнинг иши эканини айтишди.

– Фирибгарларнинг бундай эълонларидан хабаримиз бор. Улар ҳақда мунтазам «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг расмий телеграм канали орқали юртдошларимизни огоҳлантириб боряпмиз. Уларга ишониб қолманг, ҳеч қандай картага картангиздан пул ўтказманг, деган мазмунда, – дейди «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг матбуот хизмати. – Улар бир нарсадан фойдаланишяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-102-сонли қарорига мувофиқ, 40 та корхона, жумладан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳам акция пакетлари “битта акция – битта лот” тамойили асосида маҳаллий фонд бозорида халқ IPOсини ўтказиш тартибида оммавий савдолар орқали хусусийлаштирилади.

Қарорга мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2 фоизгача акциялари савдога чиқарилади ва аҳолига “E-аuksion” электрон савдо платформаси, шу жумладан, мобил иловаси орқали савдода иштирок этиш имконияти яратилади.

Айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ акцияларини маҳаллий фонд бозорига жойлаштиришга тайёргарлик кўриш жараёнида IPO ўтказишга хизмат кўрсатувчи компаниялар (андеррайтер, консультант ва бошқалар) ни жалб қилиш ишлари бошланган.  Аммо ҳали тайёргарлик давом этмоқда ва акциялар сотувга қўйилмаган. Юқоридаги фирибгарлар эса шу каби маълумотлардан фойдаланиб, аҳолини, халқни алдаяпти. Бундай нопок шахслар фаолияти билан Ички ишлар вазирлиги тизимида ўрганишлар олиб бориляпти.

Шундан сўнг, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоев билан боғланиб, кузатилаётган ҳолатларга изоҳ сўрадик.

– Ўтказилган таҳлил натижалари бугунги кунда мамлакатимизда кибержиноятчиликнинг ўсиш тенденцияси кузатилаётганлигидан далолат бермоқда, – дейди масъул.  – Хусусан, сўнгги 3 йил давомида кибержиноят сифатида эътироф этилаётган ҳолатлар сони 8 бараварга, яъни
600 тадан 5 000 тагача ортган.

Таъкидлаш лозимки, ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиб содир этилган жиноятларни аниқлаш ва фош этиш учун алоҳида кўникма талаб этилса-да, мазкур турдаги жиноятларнинг 80 фоизи очилишига эришилган. Мазкур жиноятларни амалга оширишда SIP ёрдамида фирибгарлар исталган номердан сизга қўнғироқ қилишлари мумкин. Яъни, ўша эълонларга кириб, боғланиш учун телефон номерингизни қолдирганингизда, тамагирлар қўнғироқ қилиб, сизни тезроқ акция сотиб олишга, бунинг учун пластик картангиздан уларнинг картасига пул ўтказишга кўндирмоқчи бўлишади. Ҳар гал ҳар хил номерлардан қўнғироқ қилишади. Уларнинг номерига қайтиб телефон қилганингизда эса оператор «мавжуд бўлмаган рақам» дейди. Хуллас, буларнинг барчаси содда одамлар учун уюштирилаётган фирибгарларнинг тузоғи. Ўрганиш олиб борилганида қўнғироқларнинг баъзилари Англия давлатига тегишли рақамлар, баъзида сохта ботлар ва аккаунтлар бўлиб чиқмоқда. Баъзида юртимизнинг турли ҳудудларида яшаётган 18-19 ёшли йигитлар бўлиб чиқмоқда ва албатта, улар тегишли тартибда жавобгарликка тортилмоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда «TRASTBANK» номидан фойдаланиб такроран хар ҳил кўринишларда тарқатилаётган «Онлайн кредит 15 дақиқада» мазмунидаги, «Инстаграм» ижтимоий тармоғи орқали хонанда «Рухшона Шодиева» тасвири туширилган «Ўзбекистондаги энг яхши казино очилганлигини сизга маълум қиламиз, энди сиз онлайн иштирок этишингиз мумкин! Депозитга 8000 сўм киритинг ва 60.000.000 сўм ютиб олинг. Бизда ҳаммаси хаққоний» мазмунидаги, «Investing company» Ўзбекистон аҳолиси учун 2000 АҚШ долларидан 8.000 АҚШ долларигача тақдим этади» мазмунидаги, «Facebook» ва «Telegram» орқали тадбиркор «Алишер Усмонов» суратидан фойдаланиб тарқатилаётган АЖ «UZBEKNEFTEGAZ» Узнайте как получить дивиденты из вложений за 4 неделю 3,100,000 сўм, акция действует до конца дня» мазмунидаги хабарлар кенг тарқалмоқда ва уларнинг  барчаси ёлғон.

Шу боис ҳар қандай ҳолатда ҳам юртдошларимизни бундай эълонларга учмасликка, осон пул топиш йўлларига қизиқмасликка, бировга пластик карта рақамлари ва унинг кодини бермасликка чорлаб қоламиз.

Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz