“ДАВАЙ” УЧУН ТЎЛАНГАН “ШТРАФ”

104

Фарғона йўлларида микроавтобус тўла шоир, ёзувчи, мунаққидлар қизғин баҳслашиб борардик. Суҳбатга қулоқ солиб, индамай кетаётган Иброҳим Ғафуров гапга қўшилиб, норози оҳангда деди:

– Эшитиб келяпман, ҳар гапда бир русча сўз ишлатяпсизлар. Биз адабиётчилар шундай қилгач, бошқалардан ўпкаламаса ҳам бўлади.

Шунда бир ҳамроҳимиз таклиф киритди:
– Бир гаров ўйнайлик, кимда-ким гапига битта ўрисча сўз қўшса, уч сўм (ўша пайтлар бу катта пул ҳисобланган) штраф тўлайди.
– Давай, ўйнаймиз! – деб юборди Ўткир Ҳошимов.
Таклиф киритган дўстимиз хурсанд бўлиб, деди:
– Қани, “давай” учун уч сўм давай.
Ўткир ҳам бўш келмади:
– Аввал ўзингиз “жарима” ўрнига “штраф” деганингиз учун тўлаб қўйинг.
Ҳазил-ҳазил билан манзилга етгунча бир зиёфатнинг пули йиғилди. Ўткирнинг “Давай!” деган хитоби сафаримиздаги аскияларнинг бош пайрови бўлди.

Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири