Тошкент шаҳар Олмазор туманида бозорчи аёл ўзига ўт қўйди. Мазкур ҳодиса юзасидан прокуратура ходимлари текширув олиб бормоқда.
Маълумотларга кўра ўз жонига қасд қилган аёл илгари ҳам бошқалар билан жой талашиб, ўзини ёқиб юборишга бир неча бор уринган.
Айни пайтда аёл шифохонада даволанаяпти. Шифокорларнинг ташҳисига кўра танасининг 30 фоизи куйган.
Охирги пайтларда мана шундай ҳодисалар кўпайди. Наҳотки, ўзбекнинг оилапарвар, болажон аёллари шу даражага тушиб қолмоқда? Бунинг сабаби нимада экан?
Аслида биз ҳалигача сабаблар қолиб, оқибатлар билан курашиб ётибмиз. Агар ҳар бир ҳодисанинг оқибати ҳақида эмас, келиб чиқиш ҳолатига чуқурроқ назар ташласак, бу каби кўргуликларимиз аллақачон камайган бўларди.
Хусусан, маълумотларда айтилишича, бу аёл бундан олдин ҳам бир неча маротаба ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган экан. Хўш, нима учун у билан профилактика нозири, сектор раҳбари ва туман ҳокимининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари, қўйингки, ҳеч бўлмаса, бозор маъмурияти тушунтириш ишлари олиб бормаган, муаммосини ўрганмаган?
Бизда азалдан шундай салбий одат бор – ким биландир бирор бир кўнгилсиз воқеа содир бўлмагунча бепарво юраверамизда, мудҳиш воқеа содир бўлгач, гўёки ғимирлаб қоламиз…
Ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, оқибат билан эмас, сабаб билан курашишимиз учун яна қанча одам қурбон бўлиши керак, ахир…
Нормурод МУСОМОВ
Ishonch.uz
