Эссе-диалог. Менинг юрагимда жароҳати битмас оғир дард бор…

70

Ушбу битиклар самарқандлик қаҳрамон жангчи Сайёр Саъдиновнинг ёрқин хотирасига ва унинг волидаи муҳтарамаси Розияхон опага бағишланади.

– Сайёржон!.. Ўғлим!.. Мен келдим. Эшитаяпсанми, болам, мен яна келдим…

– Эшитаяпман, аяжон, эшитаяпман… Бу сафар ҳам албатта шундоқ бўлишини билувдим, йўлларингизга ҳар доимгидек интиқ кўз тутувдим… Келганингиз учун раҳмат… Ишқилиб, ўзингиз омонмисиз, тани-жонингиз соғми, ая?..

– Худога шукур, бардам-бақувватман. Эл қатори ризқимни териб юрибман. Фақат…

– Нега ўксинасиз, нега хўрсинасиз, ая?..

– Ўзинг биласан-ку, Сайёржон, менинг юрагимда жароҳати битмас оғир дард бор. Унинг бир номи жудолик, иккинчиси – жудоликдан туғилган армон… Тағин онам ёзғираяпти, деб ўйлама. Нолиганнинг нони яримта бўлади. Ношукурдан Худонинг қаҳри келади. Мен омади гапни айтаяпман, энг яқин одамим бўлганинг учун сенга дил ёраяпман. Эсингдами, болам, менинг қалбим бундан роппа-роса йигирма йил муқаддам илк бор қаттиқ яраланганди. Отанг автоҳалокатга учраб, 35 ёшида ҳаётдан бевақт кўз юмганди. Мен ўттизга тўлар-тўлмасимдан, кетма-кет туғилган уч ўғилу икки қизалоқ билан тул қолгандим…

– Ҳа-а… Ўша кезлар акам ва опам бошланғич синфда ўқишарди. Мен ҳали ҳарф танимасдим. Жамшиду Мадина эндигина тетапоя бўла бошлаган гўдаклар эди…

– Нимаям қилардим, бевалик азобларига, турмуш машаққатларига дош бердим. Дош бердим-у, орадан ўн саккиз йил ўтиб, боягидан-да оғирроқ иккинчи зарбага дуч келдим. Сен на бир чимилдиқ кўрмай, ўзингдан на бир зурриёт қолдирмай, айни куч-қувватга тўлган йигирма тўрт ёшингда дунёдан ўтдинг. Ёвуз ниятли газандаларга қарши курашда шаҳид кетдинг… Энди-энди ўйласам, баъзан даҳшатга тушаман. Қисматдан қочиб, пешонада боридан тониб бўлмас экан-да. Ота-бола икковлашиб лоақал бир инсон умрини ҳам яшамабсизлар-а. Қўшиб ҳисоблаганда, атиги 59 йилгина ҳаёт кечирибсизлар-а… Ҳозир эса, мана, икки йилдирки, қўшмозор бўлиб, ёнма-ён ётибсизлар. Бошқа нима ҳам дейин?.. Мен Сизларни соғиндим, ўғлим, жуда-жуда соғиндим…

– Йиғламанг, аяжон, йиғламанг! Ахир, бу фоний дунё, ўзингиз айтмоқчи, шусиз ҳам кўз ёшларидан безор. Инсон зоти яралибдики, қувончга харидор, бахтга интизор. Қўйинг, бўзламанг, ая… Мабодо, Сиз йиғласангиз…

– Йўқ-йўқ, зинҳор-базинҳор безовталанма, болам! Мен йиғлаётганим йўқ, шунчаки кўнгил бўшатаяпман, холос. Ахир, мен – аёлман! Ахир, мен – онаман! Отанг жуфти ҳалолим – умримнинг ажралмас бўлаги, оиламизнинг тиргаги эди. Сен фарзандим эдинг, юрагимнинг катта парчаси – дилбандим эдинг… Начора, тақдир бизларни бир-биримиздан абадул-абадга айирди. Дийдор қиёматга қолди… Биламан, Сайёржон, “Ўтган умр – куйган кўмир”, барибир, йиллар ортга қайтмайди. Биламан, Сайёржон, бу дунёга барчамиз ҳам меҳмонмиз, барибир, мўъжиза рўй бермайди, марҳумлар дунёга қайта келмайди. Қўш жудоликнинг юки эса оғир, жуда оғир. Шундай бўлгач, ўксинмай иложим қанча?.. Аҳволимни тушунгин, жон болам…

– Тушунаман, аяжон, тушунаман… Ростини айтсам, мен ҳам Сизни соғиндим. Оға-иниларимни, опа-сингилларимни, ёру биродарларимни – ҳамма-ҳаммаларингни соғиндим. Бироқ нима қилай?.. Сиз – тирикларнинг йўриғингиз бўлакча. Қачон бизни соғинсангиз, қошимизга келасизлар, отам иккимизнинг қабримизни зиёрат қиласизлар. Биз-чи, биз?.. Узр, аяжон, мен Сизларнинг олдингизга ҳаргиз ўз оёқларим билан юриб боролмайман. Бир дастурхон атрофида қўр тўкиб, Сизлар билан бирга-бирга ўтиролмайман. Чунки мен марҳумман. Чунки мен аллақачон оламдан ўтганман.

– Андак шошма, ундай дема, болам. Сен ўлмагансан. Сен тириксан! Жисман орамизда бўлмасанг-да, руҳан ёнимиздасан. Мудом халқ ёдидасан. Негаки, сен оддий ўлим топмадинг. Кўча-кўйда безорилик қилиб ёки бировлар билан муштлашиб жон бермадинг. Аксинча, зарур пайтда эл осойишталиги учун жангга кирдинг. Ҳаётингни Ватан мудофааси йўлида қурбон бердинг.

– Мен бор-йўғи бурчимни адо этдим, аниқроғи, ҳарбий қасамёдимга содиқ қолдим, ая.

– Ҳамма гап шунда-да, Сайёржон. Кимнинг қандайлиги, юртга муҳаббати, Ватанга садоқати оғир дамларда билинади. Тулпорнинг учқури пойгада, йигитнинг ботири майдонда синалади. Лафзига содиқлик оғизда эмас, амалда исботланади. Тақдир тақозосини қараки, сен бундай синовга ёш бошинг билан икки бор рўбарў келдинг. Ва иккала сафар ҳам ундан муваффақиятли ўтдинг. Мардлигинг ила одамларни ҳайрату ҳавасга солиб кетдинг… Менинг назаримда, сен ҳамон кечагина кўча чангитиб юрган ғўр бола эдинг. Кутилмаганда самода учган юлдуз мисоли йилт этиб кўзга ташландинг… Ҳайронман, ўғлим, бундай жасорату матонатни қачон, қайдан ола билдинг?

– Ҳечам ажабланманг, аяжон. Ой қуёшдан ёғдуланади, дарё булоқдан жилғаланади. Бошимизга тушган фожиа туфайли мен ота меҳрига тўймай ўсдим. Тенгқурларимга нисбатан анча эрта улғайдим. Ўзимдаги хислатларни эса Сиздан юқтирдим. Эсимни таниб англадимки, беш норасидани танҳо ўзингиз бировлардан кам қилмай, кўнглини чўктирмай ўстирганингиз мислсиз қаҳрамонлик экан. Бизни ҳалол, тўғрисўз ва меҳнатсевар қилиб тарбиялаганингиз ўзига хос мактаб – ибрат экан. Шул боис акаму укам, опаму синглим сингари гапингиздан чиқмадим. Ножўя йўлга кирмадим. Мактабда имкон қадар яхши ўқишга интилдим. Спортга астойдил қизиқдим.

– Дарвоқе, тўққизинчи синфни битиришинг арафасида бирданига бўйинг ўсиб кетди. Савдо техникумида ўқиётган маҳалинг мускулларинг кучга тўлди. Қарчиғайдай норғул йигитга айландинг.

– Жисмонан бақувватлигим, абжир-чаққонлигим ҳарбий хизматга чақирилганимда жуда асқатди. Мени сараланган десантчи қўшинга жўнатишди. Ўзимни кўрсата олдим чамаси, аввалига кичик командир қилиб тайинлашди. Сўнгра хизматни махсус бўлинмада шартнома асосида давом эттиришимга рухсат беришди. Ҳар қалай, бу касбни ўзим, ўз хоҳишимга кўра танловдим, Сиз рози бўлувдингиз.

– Тўғри, болам!.. Оналар ўғил-қизлари ҳамиша кўз ўнгида юришларини исташади. Улар эса қанот чиқарибоқ, ҳар ён парвозга шайланишади. Ўшанда сенинг ҳам отанг раҳматли-ю мен каби шифокор бўлишингни истасам-да, ич-ичимдан зил кетсам-да, раъйингни қайтаролмадим. “Қайга борсанг, бошинг тошдан бўлсин! Юзимни ерга қаратма, болам”, дея фотиҳага қўл очдим.

– Дуоларингиз ижобат топди, аяжон. Кўп ўтмай мени зобитликка лойиқ кўришди. Унвонимни прапоршикликдан лейтенантликкача кўтаришди. Ўз навбатида мен ҳам командирларим ишончини оқлаш пайида бўлдим. Айниқса, АҚШнинг Кентукки штатида биргаликда ўтказилган “Ултрабаланс – 99” ҳарбий машқларида фаол қатнашдим. Ўзбек аскарлари ва зобитлари нималарга қодирлигини исботлашга ҳаракат қилдим. Пировардида қўмондонлик ташаккурномасига сазовор бўлдим. Турли машғулотларда орттирган тажрибаларим Боткен минтақасидаги жанговар ҳаракатларда роса қўл келди.

– Ва сен хизматларинг эвазига “Жасорат” ордени билан тақдирландинг.

– Шу муносабат билан бизни Юртбошимизнинг шахсан ўзи қабул қилди. Бошқа сафдошларим қатори мени ҳам ўз ўғлидек меҳр-ла бағрига босди. “Юртимизни турли бало-қазолардан мана щундай азаматлар асрайди”, дея юксак ишонч билдирди.

– Ҳар учрашганимизда бу ҳақда ҳаяжонлана-ҳаяжонлана сўзлаб берардинг. Сенга қўшилиб мен ҳам қувонардим. Аммо сен уйда кўп ўтирмасдинг. Доимо шошиб турардинг. Гоҳ ўзинг бош бўлган бўлинма билан машқларга отланаётганингни, гоҳ ҳарбий билим юртида бўлғуси зобитларга дарс ўтишинг лозимлигини айтиб, дарҳол йўлга тушардинг. Бамисоли учқур қушдек келардинг-у кетардинг. Мен одатдагидек дийдорингга тўймай қолаверардим.

– Ҳарбийлик масъулияти шуни тақозо этарди-да, мендан ранжиманг, ая.

– Ранжиганим-ку, йўқ. Лекин оналигимга борардим. Бахтиёржон иккалангни тезроқ уйлантиришни, сизлар ёқтирган қўш Наргизаларни қўш келин қилиб туширишни, невараларимни бағримга босиб катта қилишни орзулардим. Афсус, орзуларим тўла-тўкис ушалмай, бир чети кемтиклигича қолиб кетди. Сен Сурхондарё тоғларида бўлган қирғин-баротдан тирик қайтмадинг, Сайёржон…

– Ёдимда, ўша куни қисмимиз байрамга ҳозирлик кўраётганди. Тадбирда биз қўл жанги бўйича тўплаган маҳоратимизни намойиш этишимиз даркор эди. Таассуфки, уни томошабинлар олдида эмас, ҳақиқий жангда қўллашимизга тўғри келди. Қўққисдан хавфдан огоҳ этувчи ташвишли хабар янгради. Махсус гуруҳимиз шодиёнани унутиб, илкис оёққа турди. Биз саноқли дақиқаларда Тошкентдан Сурхондарёга етиб бордик. Белгиланган жойда пастга сакрадик. Майдонга кирган манглайини қашимайди. Оёғимиз ерга теккани ҳамоно жангга киришдик. Мен олдинда эдим. Аввалига автоматимдан ўқ узиб, икки террорчини ер тишлатдим. Басма-басига граната улоқтириб, душман яширинган ғорни портлатиб юбордим. Бир маҳал чап кўкрагим жиз этди-ю, ортимга қалқиб кетдим…

– Қолганини ўртоқларинг сўзлаб беришди. Сен яраланганингга қарамай, яна беш соатча жанг қилибсан. Охири кўп қон йўқотиб, ҳолдан тойибсан. Жонинг узилиши олдидан бир гап айтибсан. “Ҳали қиладиган ишларим кўп эди”, дебсан… Мен шум хабарни эшитиб, эс-ҳушимни йўқотдим.

– Ўзингиз “Эл бошига иш тушса, сахий молидан, ботир жонидан кечади”, дердингиз-ку…

– …Очиғи, ўшанда бу жудоликка чидолмайман, адойи тамом бўламан, деган хаёлларга боргандим. Элга раҳмат, кўпчиликка қуллуқ! Мени ёлғизлатиб қўйишмади. Сенинг ўлимингга катта-ю кичик – бутун халқ қайғурди. Ўша жангларда сен каби мардларча ҳалок бўлган Алишер, Эломон, Абдуҳалим, Юнус, Дониёр, Қаҳрамон, Улуғбек, Маҳмуджон, Ғафуржон, Бобуржон, Маъруфжонларнинг хотираси ҳаққи-ҳурмати бутун Ўзбекистон мотам тутди. Президентимиз катта минбарда туриб, барчамизга ҳамдардлик билдирди. Менинг марҳум жангчиларнинг оталари – каттақўрғонлик Абдулла Барноев, булунғурлик Аҳмад Ражабов билан биргаликда йўллаган мактубимни чуқур қайғу ила эл олдида ўқиб берди. Ватан фидойиларининг хотираси ҳеч қачон халқ ёдидан кўтарилмаслигини, уларнинг номлари ҳамюртларимиз учун мардлик ва жасорат, фахру ғурур тимсоли бўлиб қолажагини алоҳида таъкидлади. Амалда ростданам шундоқ бўлди. Чунончи, сен қаҳрамонлигинг учун вафотингдан сўнг иккинчи даражали “Шуҳрат” ордени билан тақдирландинг. Ота юртинг Нурободдаги кўчага, ўзинг яшаган-ўқиган Пастдарғомдаги ва Самарқанддаги маҳалла-ю мактабга номинг берилди. Мармар ёдгорликлар ўрнатилди, хотира бурчаклари ташкил қилинди. Сенга атаб шеърлар-қасидалар битилди. Эндиликда мактабинг ҳовлисига бюстингни ўрнатиш режалаштирилаяпти. Мени эса қаҳрамоннинг онаси сифатида тез-тез учрашувларга чақиришади. Мустақиллик, Наврўз, Қуролли кучларимиз байрамларида сени йўқлаб келишади. Уйимиздан устозларинг, синфдошларинг, қуролдошларинг, мухбирлар қадами узилмайди.

– Шуларнинг борлигига раҳмат, аяжон.

– Элнинг ҳурмат-эътиқодини қара, ўғлим, сенинг қаҳрамонлигинг тилларда достон бўлгач, Бахтиёр аканг туйқус иш жойини ўзгартирди. У ҳозир сен хизмат қилган, сиймонг мангуликка муҳрланган қисмда ҳарбий шифокор вазифасини ўтаяпти. Аскарларимиз саломатлиги учун жон куйдираяпти. Уканг Жамшид эса муҳандислигини ташлаб, ички ишлар соҳасида ишлаяпти. Жиноятлар олдини олишга ҳисса қўшаяпти.

– Улар ҳам менинг йўлимни тутишибди-да.

– Ҳа, шундоқ, болам. Майдонда синалган ҳамиша элда азиз бўлади. Мардлик мангуликка татийди, ҳеч қачон унутилмайди. Ботирнинг жисми ўлса ҳам, исми ўлмайди… Туновгинда дегин, мени ҳурматлаб яна мактабингга чақиришди. Бажонидил бордим. Ўн олти ёшли бир ўқувчи ҳарбий либос кийиб саҳнага чиқди. Берилиб сенинг ролингни ижро этди… Воажаб, енгил-чаққон хатти-ҳаракатлари, ўктам-дадил гап-сўзлари қуйиб қўйгандек худди ўзинг. Назаримда, сен қайта тирилиб келгандай, алпқоматинг билан рўпарамда тургандай бўлдинг… Ишқилиб, умрлари ўхшамасин-у сенинг вафотингдан кейин шаҳримизда Сайёр ва Сайёра исмли чақалоқлар кўпайиб кетди… Бу демак, сен ўлмагансан! Одамлар наздида барҳаётсан! Мен шунисига шукур қиламан. Сендай ўғлим бўлганидан фахрланаман. Сенинг табаррук номинг мардлик ва жасорат, халққа муҳаббат, Ватанга садоқат рамзига айланиб қолганидан ғурурланаман.

– Берган оқ сутингизга рози бўлинг, ая.

– Гўринг нурга тўлсин, Сайёржон, мингдан-минг розиман… Мен ҳали яна кўп келаман. Оиламиздаги янгиликларни, тинч-обод юртимиздаги ўзгаришларни бафуржа сўзлаб бераман, хўпми… Ҳозирча хайр, болам…

– Яхши боринг, мендан одамларга – барча-барчага салом айтинг, аяжон!..

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Манба: «Халқ сўзи» газетаси 2002 йил.