Эсимни танибманки, уйимиз тўрида жуда келишган, ҳарбий кийими ўзига ярашиб турган навқирон йигитнинг катта қилиб ишланган сурати осиғлиқ туради. У отамнинг укаси, урушдан қайтмаган Отабой Исмоиловнинг сурати.
…Бугун ҳам суратга боқиб, ўйланиб қолдим. Хаёлан у билан суҳбат қурдим.
Отабой оға, сиз мени кўрмагансан, билмайсан, деб ўйламанг. Гарчи сизни кўрмаган бўлсам-да, отам ва оғаларингизнинг ҳикоялари, эски чамадонда сақланаётган фотосуратлар ва ҳужжатлар орқали жуда яхши биламан.
Айтишларича, болалигингизда зеҳнли, ғайратли бўлган экансиз. Шаҳодатномангиздаги аъло баҳолар мактабда қандай ўқиганингиздан дарак бериб турибди. Педагогика техникумига ўқишга кирган, сўнг мактабда муаллим бўлиб ишлаган экансиз. 1939 йил бошларида ҳарбий хизматга чақирув қоғози келган ва 3 февралда аскарликка жўнар экансиз, отангиз Исмоил ота ва онангиз Бика момо сизни бағриларига босиб, кузатишган экан. Лекин улар ҳам, бошқа яқинлар ҳам ўшанда сизни охирги марта кўриб туришганини хаёлларига ҳам келтиришмаган. Ахир икки йилдан кейин уруш бошланишини улар қаердан билсин?..
1942 йил кузида фронтдан қорахат келади. Унда шундай дейилган: «Сизнинг ўғлингиз, 1920 йилда туғилган Отабой Исмоилов Улуғ Ватан уруши фронтида 1942 йил февралда бедарак йўқолган».
Бу хабардан ота-онангиз ва яқинларингиз қайғу-ҳасрат чекишади, «балки тирикдир…» дея умидвор ҳам бўлишади.
Кейинчалик урушдан ярадор бўлиб қайтган Сафо исмли ҳамқишлоғингиз жангларнинг бирида қаҳрамонларча ҳалок бўлганингизни (кўп вақт сир сақлаб юрган) айтади. Шунда ҳам, Бика момо эшитмасин, деб тайинлаган. Чунки момо ҳар куни бедарак кетган ўғлини, яъни сизни кутиб яшаган. Уруш тугагандан кейин ҳам узоқ йиллар, бугун келар, эрта келар, деб эшикдан кўзини узмаган.
Ўша уруш даврида келган қорахатларнинг кўпчилиги деярли бир хил – «бедарак йўқолган» деган мазмунда бўлган экан. Аслида, бу ҳам кўнгилга таскин беради. Чунки умид узилмайди, ҳаётдан батамом безиб кетмайди киши.
Момом болалигимда ҳамма невараларидан кўра мени яхши кўришини, ўйинқароқлик, эркалик қилсам ҳам койимаслигининг сабабини кейинчалик тушундим. Сизнинг исмингиз менга қўйилган эди…
Маълумки, азалий қадриятлар ва урф-одатларимизга кўра, бирор хонадонда чақалоқ дунёга келса, унга исм қўйишда, аввало, оиланинг ёши улуғлари билан маслаҳат қилинади. Уруш тугаганига саккиз йил бўлгач, мен дунёга келганман ва Бикажон момом: «Неварамга кенжа ўғлим Отабойнинг исмини қўямиз…» деган.
– Орадан шунча йил ўтса ҳам, уйига қайтаётган аскарлар бор, балки келиб қолар, келса-чи? – деб сўрашганда у шундай жавоб қайтарган:
– Илоҳим, келгай, келса, қанийди. Агар келса, бирини катта Отабой, бирини эса кичик Отабой ёки Отабек деб атайверамиз.
Шу-шу мени ҳали-ҳануз икки исм билан чақиришади. Расмий ҳужжатларда Отабой, кундалик муомалада эса Отабек. Ижодий фаолиятим туфайли кейинчалик у адабий тахаллусга айланди.
Кинофильмларда уруш қурбонларини хотирлаш лавҳаларини кўрганимда «Ўзим ва ўша йигит учун» деган иборани кўп эшитганман.
Очиғини айтсам, мен ҳам ўзимни ҳаётда икки киши – ўзим ва сиз учун яшаётгандек ҳис қиламан. Бу ҳолат нафақат руҳиятимда, балки одат ва ҳаракатларимда ҳам акс этади.
Отам фронтдан ёзган охирги хатингиз ҳақида гапириб бергани эсимда. Мактубда «Оға, ҳозир Қримдамиз, лекин Қримнинг қаерида эканимизни билмайман. Ҳужумга тайёрланяпмиз», деб ёзган экансиз.
Қримни озод этиш чоғида душман бомбаси тагида қолиб, ҳалок бўлганингизни фронтдан яродор бўлиб қайтган қуролдош дўстингиз кейинчалик айтиб берганидан хабардорман. Хокингиз ётган ўша жойларни зиёрат қилиш ниятим бор. Илоҳим, ўша кунларга етказсин…
Яхшиям, Яратганнинг ўзи одамзодга умид деган туйғу ато этган. Бика момо вафотига қадар келишингиздан умидини узмади. Кейин бу умид оғаларингиз қалбидан жой олди.
Суратингиз тилга кириб, «Қисқа умримга афсусланмайман. Сизлар омон бўлинглар.
Мен кўрмаган орзу-ҳаваслар сизларга насиб этсин, жиян! Унутма, ҳаёт ҳам бамисоли
фронт. Ҳамиша дадил, жасур бўл, ҳайиқмай олдинга интил», деяётгандек…
Отабой ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Суратда: урушдан қайтмаган Отабой Исмоилов.



