Бугун, 10 май куни Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан судланувчилар Аманбай Сагидуллаев (1967 йилда туғилган) ва Ниетбай Уразбаев (1969 йилда туғилган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.
С. Давлетмуратов раислигида кўриб чиқилган биринчи инстанция судида судланувчиларнинг Ўзбекистонда эмасликлари сабабли тегишли тартибда иш уларнинг иштирокисиз кўрилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, А. Сагидуллаев Жиноят кодексининг Ўзбекистон Президентига тажовуз қилиш, конституциявий тузумга қарши туриш, оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариш ҳамда жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш каби қатор моддаларда айбли деб топилди ва 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У жазонинг дастлабки 2 йилини турмада ўтайди.
Шунингдек, Н. Уразбаев ҳам тузумга қарши туриш, оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариш ҳамда жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш каби жиноятларни содир этган деб топилди ва унга нисбатан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Бундан ташқари, суд ҳукми билан Интернет тармоғидаги А. Сагидуллаевга тегишли саҳифалар, каналлар блокланиши белгиланди.
