Хонобод шаҳри ҳокими отаси муҳаррир бўлган газетани тугатишга қарор қилди

288

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри ҳокимлиги муассислигидаги “Хонобод садоси” газетаси бундан буён чоп этилмайди. Шу йил 20 май куни шаҳар ҳокими Машъал Тожибоевнинг нашр фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Ўз даврида “Гидростроевец” номи билан чоп этилган мазкур газетада ҳокимнинг отаси – марҳум журналист, шоир ва адабиётшунос Ҳурмамат Тожибоев ҳам 1976-1984 йилларда таржимон, мухбир, муҳаррир лавозимларида фаолият кўрсатгани айтилади.

Гап шундаки, жорий йилнинг 3 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни қайта ташкил этиш ва тугатишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан юздан зиёд корхоналар давлат муассасалари сифатида қайта ташкил этилиши, яна бир гуруҳи эса қайта ташкил этиш орқали филиалга айлантирилиши белгиланди.

Шу билан бирга, қарорга қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиладиган истиқболсиз, фаолият кўрсатмаётган, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли давлат муассасаси ва давлат иштирокидаги 766 та корхона рўйхати ҳам илова қилинганки, улар орасида айрим нашрлар ҳам бор. Эътиборлиси, тугатилиши назарда тутилаётган таҳририятлар вилоятлар кесимида таҳлил қилинганда, салмоқли қисми Андижон вилояти ҳудудига тўғри келмоқда. Улар Бўстон, Марҳамат туманларининг “Бўстон”, “Оқ олтин”, Қорасув ва Хонобод шаҳарларининг “Қорасув тонги” ҳамда “Хонобод садоси” газеталаридир.

Айни пайтда вилоятда ҳокимликлар муассислигидаги кўплаб нашрлар зўр-базўр фаолият кўрсатмоқда. Аксарият газеталар ойда бир, номигагина чоп этилаётган бўлса, вилоят ҳокимлигининг “Андижанская правда” газетаси икки йилдирки, нашр этилмаяпти. Уларнинг инқирозга юз тутиши, жумладан, истиқболсиз корхоналар қаторидан жой олишини таҳририятлар жамоалари муассисларда нашрларга нисбатан хайрихоҳлик йўқлиги билан изоҳлашади.

Муҳаммад Зиё