Ёхуд тулкини азобласа ўзи, тенгдошини жазоласа, устози айбдор
Жиззахда тулкини қийнаб, тутқунликда сақлаган шахсга БҲМнинг ўн баравари, яъни 3 300 000 сўм миқдорида жарима белгиланди ва жонивор табиатга қўйиб юборилди…
Аммо жамиятимизда кузатилаётган айрим парадокслардан ҳайратга тушасиз. Мана бу воқеалар эса, ўқитувчидан кўра, ҳайвоннинг қадри устунроқлигни кўрсатади гўё…
Пайариқ туманидаги 58-мактабнинг 11-синфида ўқийдиган қизлардан бири тенгдошига тулкидан ҳам кўпроқ озор берган. Сўлақмондай қизларнинг қарсиллатиб солишаётганидан ёқа ушлайсиз…
Ҳолатни ўрганган мутасаддилар мактабнинг физика ўқитувчиси, синф раҳбари, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ва мактаб писихологига нисбатан Меҳнат кодексининг тегишли моддаси бўйича “ҳайфсан” интизомий жазоси қўллашди.
Булунғур туманидаги мактаб қизлари ўртасида бўлган “жанг”да ҳам ўз шогирди билан юрак ҳовучлаб гаплашадиган муаллимлар айбдор, деб топилди.
Мамлакатмизда юқори минбарлардан туриб, ўқитувчининг обрўсини кўтариш, уларга муносиб шароит яратиш ҳақида қанча гапирилмасин, калтак яна ва яна устозлар бўйнида синмоқда. Ёшларга уйида ва маҳалласида берилмаган тарбия учун устозларни жазолаш ўринлими?
Тулки воқеасида қилмишни содир этган шахс жазоланди, ҳайвон озодликка эришди, аммо қизлар билан бўлган ҳолатда-чи? Воқеа иштирокчилари ва ота-оналар четда қолиб, таълим фидойиларни айблаш қанчалик адолатли?
Илтимос, ўқитувчиларни хотиржам таълим беришга қўйиб берайлик, тарбияни эса ота-она ва маҳаллага топширайлик, нима дедингиз?!
Ўқувчининг уйида олмаган тарбияси учун ҳам ўқитувчи жазоланаверса, у қандай қилиб сифатли таълим устида ўйлашга вақт топади ахир?
Мулоҳаза мутасаддиларга ҳавола…
Нурилла ШАМСИЕВ
